Аллома Косоний раҳимаҳуллоҳ “Бадоеъус саноеъ” китобида шундай ёзадилар: “Уламоларнинг ягона фикрига кўра, агар жавробларнинг матоси сув сизиб ўтадиган даражада юпқа бўлса, уларга масҳ тортиш мумкин эмас”.
Аллома ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ ҳам шундай дейдилар: “Ип ёки жундан қилинган жавробларга масҳ тортиш мумкин эмас. Бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Кийилган жавроб бир фарсах (уч мил, тахминан 6 км.) дан ортиқ йўл юрса бўладиган даражада қалин бўлсагина, уламоларнинг фикрида бироз фарқ учраши мумкин (манба: “Ал-Баҳрур-Роиқ” китоби).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, барча фақиҳлар ва мужтаҳидлар сув сизиб ўтадиган, оёқда ўзини тутиб тура олмайдиган яъни боғичсиз тушиб кетадиган, юқорида айтилган масофагача кийиб юрилса йиртилиб кетадиган пайпоқлар ва пойафзалга масҳ тортиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. Бугунги кунимизда кийилаётган ип, пахта, жун, нейлон ва бошқа нарсалардан қилинган пайпоқларда юқорида уламоларимиз айтиб ўтган жавробларнинг хусусиятлари йўқ, шунинг учун уларга масҳ тортиб бўлмайди.
Агар кимдир ҳозирги юпқа пайпоқларга масҳ тортаётган бўлса, имом Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки шогирдлари ҳамда имом Молик, имом Шофеий, имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабларига кўра унинг таҳорати дуруст бўлмайди.
Имомнинг маҳсисини қандай эканини аниқ билиш лозим. Агар ҳозирги кунимиздаги синтетик, яъни одатий пайпоққа масҳ тортиб намоз ўқиётган бўлса, ундай имомга мутлақо иқтидо қилиб бўлмайди. Чунки ўша имом таҳоратда битта фарзни тарк қилаётган бўлади.
Пайпоққа масҳ тортиб бўлмаслик ҳақидаги далиллардан хулоса қилиб айтадиган бўлсак, барча фақиҳлар ва мужтаҳидлар сув сизиб ўтадиган, оёқда ўзини тутиб тура олмайдиган, яъни боғичсиз тушиб кетадиган, урфдаги қисқа сафар масофаси (≈5,5 км)гача кийиб юрилса, йиртилиб кетадиган пайпоқлар ва пойабзалга масҳ тортиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. Бугунги кунимизда кийилаётган ип, пахта, жун, нейлон ва бошқа нарсалардан қилинган пайпоқларда юқорида уламоларимиз айтиб ўтган жавробларнинг хусусиятлари йўқ, шунинг учун уларга масҳ тортиб бўлмайди.
Агар кимдир ҳозирги юпқа пайпоқларга масҳ тортаётган бўлса, Имом Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки шогирдлари ҳамда Имом Молик, Имом Шофеий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳимнинг мазҳабларига кўра, унинг таҳорати дуруст бўлмайди.
Хулоса:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламолар ҳайъати пайпоқ-маҳси (жавроб) масаласида фиқҳий манбаларни атрофлича ўрганиб, бир қанча муҳокамалардан кейин ўзининг навбатдаги фатвосини эълон қилди. Ушбу фатвонинг хулосаси қуйидагилардан иборат:
1. Агар маҳси тўлиқ теридан бўлса, унга масҳ тортиш жоиз. Бу борада мужтаҳидлар орасида ихтилоф йўқ;
2. Тўпиқни ёпиб турадиган, этикка ўхшаган пойафзалларга масҳ тортиш жоиз.
3. Бугунги кунда кийилаётган оддий пайпоқларга масҳ тортиш мутлақо жоиз эмас.
4. Пайпоқ-маҳси (жавроб) устига ҳеч нарса киймасдан бир фарсах (6 км) юришга яраса, боғичсиз ўзи оёқда турадиган, ташидан ичи (яъни оёқ) кўринмайдиган, сувни дарҳол ўтказиб юбормайдиган бўлса, унга масҳ тортиш жоиз.
Эслатма: Бу шартларга қўшимча тарзда пайпоқ-маҳси энг камида таг қисми тери билан қопланган бўлса, унга масҳ тортиш жоизлигида уламоларимиз якдил фикрдалар.
Мўмин-мусулмонларга қулайлик яратиш учун пайпоқ-маҳси ишлаб чиқараётган ёки уларни чет эллардан олиб келаётган тадбиркорлар ўз фаолиятларини юқорида айтилган шартларга риоя қилган ҳолда олиб боришларини тавсия қиламиз. Ушбу шартлар топилиши баробарида пайпоқ-маҳсиларнинг остини эҳтиёт юзасидан теридан қилишлари, намозхонларимиз ҳам ушбу жиҳатга эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқдир.
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Жаъфархон СУФИЕВ