islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳуд алайҳиссалом паноҳ топган ғор қаерда?

Аллоҳ таоло инсониятни тўғри йўлга бошлаш учун 124 минг пайғамбар юборган.

“Биз ҳар бир умматга бир пайғамбар юбордик” (Наҳл сураси, 36-оят).

Улардан бири Ҳуд алайҳиссалом бўлиб, қадимги Од қавмига ва уларнинг Ирам шаҳрига юборилган эдилар.

Од қавми ҳозирги Саудия Арабистони ҳудудида истиқомат қилган бўлиб, улкан жусса ва куч-қувватга эга эди. Улар тоғларни ўйиб, ҳашаматли устунли уйлар барпо этганлар.

“Ҳар тепаликка бир белги бўладиган бино қуриб, беҳуда ўйин қилаверасизми?
Ва худди мангу туражакдек баланд иморатлар тутасиз” (Шуаро сураси, 128-129 оятлар).

Вақт ўтиши билан ўзларининг жисмоний қуввати ва бойликларидан ғурурланиб, кибрга берилди ва ўзларини Аллоҳга муҳтож эмас, деб ҳисоблай бошлашди. Шу тариқа, мол-дунё ва кудрат оғушида Аллоҳни унутдилар ва нотўғри йўлга кирдилар.

Аллоҳ таоло уларга Ҳуд алайҳиссаломни юборди. У зот Од қавмини имонга, тавҳидга ва адолатга даъват қилдилар.

“Ва Одга ўз биродари Ҳудни юбордик. У: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Тақво қилмайсизларми?!” деди”. (Аъроф сураси, 65-оят)

Қавм ичида йўлтўсарлик ва одамларни талаш билан шуғулланадиган, фақат зулм ва гуноҳ билан яшайдиган одамлар бор эди. Ҳуд алайҳиссалом уларни бу ёмон одатлардан қайтардилар, аммо қавм у зотни масхара қилиб, сўзларига қулоқ солмади. Улар Аллоҳнинг огоҳлантиришини рад этиб, кибрлари билан яшашда давом этдилар.

Шунда Аллоҳ таоло адолатли жазо юборишни ирода қилди. Ҳуд алайҳиссаломга мўминлар билан бирга шаҳар яқинидаги ғорга боришни буюрди. Эртаси куни эса Аллоҳнинг қудрати билан шиддатли тўфон, ҳалокатли шамол Ирам шаҳрини қамраб олди. Офат Од қавмини бутунлай йўқ қилди. Шамол уларнинг қалъаларини ва уйларини ер билан яксон қилди. Фақат Ҳуд алайҳиссалом ва уларга эргашганларгина омон қолди.

“Амримиз келган пайтда Ҳудга ва у билан бирга иймон келтирганларга Ўз раҳматимиз ила нажот бердик ва уларни қаттиқ азобдан қутқардик”. (Ҳуд  сураси, 59-оят)

Олимларнинг қайд этишича, Ҳуд алайҳиссалом паноҳ топган ғор Арабистон ярим оролининг жанубий қисмида, Шарқий Яман ёки Ғарбий Ўмон ҳудудларида жойлашган бўлиши мумкин.

Од қавмининг авлодлари Самуд қавми бўлиб, Аллоҳ уларга Солиҳ алайҳиссаломни юборган.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

455860cookie-checkҲуд алайҳиссалом паноҳ топган ғор қаерда?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: