islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фитна тушунчаси

Азҳарий айтадилар: “Арабларнинг каломида фитна сўзи “синов, имтиҳон” деган маъноларни билдиради. Бу аслида “фатантул физзота ваз заҳаба” деган сўздан олинган бўлиб, олтин ва кумушни яхшисини ёмонидан ажратиш учун оловда эритдим, деганини билдиради. Аллоҳ таолонинг “Явма ҳум алан наари яфтанун” деган сўзи ҳам мана шу маънодадир”[1].

Ибнул Аробий фитнанинг маъноларини ўзларининг қуйидаги сўзлари билан хослайдилар: “Фитна бу – синов, фитна бу – машаққат, фитна бу – мол, фитна бу – фарзандлар, фитна бу – куфр, фитна бу – инсонларнинг фикрлари билан ихтилоф қилишлари, фитна бу – олов билан ёндириш”[2].

Ибнул Асир раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Фитна – имтиҳон, синов дегани. У қийинчиликлар пайтидаги синов маъноларида кўп ишлатиларди. Кейин кенг тарқалди, ҳатто гуноҳ, куфр, ўлдириш, ёндириш, йўлдан тойдириш, бирор-бир ишдан буриш маъноларида ҳам ишлатиладиган бўлди”. Ибн ҲажарФатҳул Борий” китобида ҳам худди шунга ўхшаш гапларни айтганлар.

Фитна луғатда олтинни синовдан ўтказиш мақсадида оловга қўйишга айтилади. Олтин фитналанганда, яъни оловда ёндирилганда яхшиси ёмонидан ажралгандек, фитна ҳам ҳақиқий мўминни ёлғончидан ажратади, мўминлар қалбидан фасодни чиқаради ва фитнадан кейин соф қалблиларни чиқариб беради. Истилоҳда эса, ҳар бир ёмон нарса ёмонликка олиб борадиган нарсага фитна дейилади. Масалан, куфр, гуноҳ, маъсият, фожирлик, мусибат ва шунга ўхшаш ёмон нарсалар каби. Агар бу нарсалар Аллоҳ тарафидан бўладиган бўлса, бу бирор бир ҳикматга кўра бўлган бўлади. Агар Аллоҳнинг амрисиз банда тарафидан бўладиган бўлса, бу мазаммат қилингандир[3].

Фитна сўзи луғатда “имтиҳон ва синов” деган маъноларни билдиради. Аслида фитна бир нарсани яхшисини ёмонидан ажратиш учун ёндиришга айтилади. Истелоҳда эса, инсоннинг яхши ва ёмон ҳолати у билан намоён бўладиган нарсага фитна дейилади. Фитна мусибат бўлиб, у ботиний ишларни кўрсатиб берадиган муомуладир. Ўз навбатида фитнанинг ҳам турлари бор. Аллоҳ таолонинг розилиги ва охират диёридаги улуғ неъматларга эришишни ният қилиб йўлга чиққан киши учун ўз манзилига етиши учун унга икки хил куч-қувват керак бўлади. Биринчиси илмий қувват бўлса, иккинчиси амалий қувватдир. Илмий қувват билан у инсон йўлни кўриб боради. Бу қоронғи кечада йўлни ёритиш учун қўлида чироқ кўтариб юрганга ўхшайди. Амалий қувват билан эса ҳассасини қўлтиғига қўйиб, енг шимариб, ўз мақсади яъни, Аллоҳ таоло томонга юриб боради. Мана шундан келиб чиқиб, фитнани иккига бўлишимиз мумкин. Чунки ҳар икки турдаги фитналар мана шу икки қувватга бўғлиқдир. Демак, фитна икки хил бўлади:

Шубҳалар фитнаси. Бу иккинчисидан кўра каттароқ фитнадир. Бундай фитналар инсонда илмий қувватнинг камлиги ва қалб кўзининг заифлигидан келиб чиқади. Хусусан, фосид мақсадлар қилиш, ҳавойи нафсга эргашиш билан боғлиқ бўлади. Бу фитнанинг натижаси охир-оқибат эгасини куфр ва нифоққа олиб боради. Бу турдаги фитна гоҳида фосид тушунчадан, гоҳида ёлғон нақллардан, гоҳида фасод мақсадлардан, гоҳида эса ҳавойи нафсига эргашишдан пайдо бўлиши мумкин. Бу фитнадан фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш ва дин ишларининг барчасида хоҳ у ботиний бўлсин, хоҳ зоҳирий бўлсин у зотнинг ҳукмларига эргашиш билангина нажот топиш мумкин.Шаҳватлар фитнаси. Бу турдаги фитна инсондаги амалий қувватнинг фасодлиги ва азиматининг заифлиги натижасида келиб чиқади. Чунки бу нарсалар инсонга Аллоҳнинг амрларига итоат қилишига ёрдам беради. Булар заифлашган сари, инсон итоатдан чиқа бошлайди ва шаҳватларга эргашади.

Гоҳида ҳар икки турдаги фитна бир инсонда жамланган бўлади.  Гоҳида эса биттаси бўлади. Аслида ҳамма фитналар фикрни шариатдан устун қўйиш ва ҳавойи нафсни ақлдан устун қўйиш натижасида келиб чиқади. Биринчи кўринишда яъни фикрни шариатдан устун қўйишдан шубҳалар фитнаси келиб чиқса, иккинчи ҳолатдан яъни ҳавойи нафсини ақлидан устун қўйишдан шаҳватлар фитнаси келиб чиқади. Шубҳалар фитнаси яқин илм (аниқ ишонч) билан кетказилса, шаҳватлар фитнаси сабр билан кетказилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло диндаги пешволикни бу икки ишга боғлиқ қилган: “Ва сабр қилган пайтларида улардан Бизнинг амримиз ила ҳидоятга бошлайдиган пешволар чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонадилар”. Мана шу оят сабр ва яқин илм билан печволикка эришиш мумкинлигига, комил ақл ва сабр билан шаҳватлар фитнаси даф қилинишлигига, комил басира ва яқин илм билан эса шубҳалар фитнаси даф қилинишлигига далолат қилади.[4]

 ТИИ Модуль таълим шакли талабаси,

Самарқанд шаҳар Хўжа Нисбатдор жоме

масжиди имом-хатиби

Бобохон Бобохонов

 

[1]Абу  Мансур Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Азҳарий, “Таҳзибул луғат” Дорул мисрийя” – М. 1967

[2]Ибнул Мунзир. “Лисонул араб” Дору содр – М. 2003. 444-б.

[3] Аҳмад Иброҳим Аҳмад. “Ал-Фитнату ва асаруҳу ал-мудоммароту”. Даманҳур, Миср. Дорул лейна. 2004.20-б. .

[4]Аҳмад Иброҳим Аҳмад. “Ал-Фитнату ва асаруҳу ал-мудоммароту”. Макка Мукаррама,. Дорул лейна. 2004.40-б.

340720cookie-checkФитна тушунчаси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: