Бирлашган Араб Амирликларидаги Мусулмон жамиятлари халқаро кенгаши Бош директори Холид Халифа Каъбий бошчилигидаги делегация Тошкент ислом институтига ташриф буюрди.
Делегация аъзолари – Кенгаш Бош директори ёрдамчиси Умар Барийкий, Чегара билмас ўқитувчилар халқаро ташкилоти Президенти, Доктор Муҳаммад Убайдий, ташкилоти вице-президенти, Доктор Насер Ориф, Протокол бошқаруви менежери Рошид Нуаъймий ва Фаҳд Жамилни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, ТИИ ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Д.Бабажонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими мудири Ш.Ҳамдамов, проректорлар С.Примов, Ё.Бухарбаев ва Т.Эвадуллаев кутиб олди.
Дастлаб, ректор М.Муҳаммадсиддиқов меҳмонларни институт тарихи ва фаолияти билан таништирди. Делегация аъзолари Ҳадис фанида Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси мудири Ҳ.Нурбаев шарҳлаган “Сунани Термизий” асари ҳадисларини талабалар билан бирга тинглади, сўнг Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси доценти С.Масаитовнинг Фароиз фани дарсида талабалар билан суҳбатлашдилар.
Меҳмонлар Ақоид ва фиқҳий фанлар, Тиллар ҳамда Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраларига ҳам ташриф буюриб, устозлар билан мулоқот қилдилар ҳамда Қуръони карим ва тажвид ўқув курси дарс жараёнларини кузатдилар.
Мажлислар залида ТИИ раҳбарияти ва делегация аъзолари ўртасида кенгайтирилган тартибда мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов билан Холид Халифа Каъбий Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида барча соҳаларда бўлгани каби илм-фан йўналашидаги ҳамкорликнинг юқори босқичга кўтарилаётгани, келажакда ҳам давлатлар дўстлиги янада мустаҳкамланишини таъкидлаб, икки илмий муассаса ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиши каби масалаларни муҳокама қилдилар.
Мулоқот якунида раҳбарлар ўзаро эсдалик совғаларини алмашдилар ҳамда биргаликда суратга тушдилар. Делегация аъзолари Тошкент ислом институтига ташрифи таасуротларини институтнинг “Меҳмонлар китоби”га ёзиб қолдирди.
ТИИ Матбуот хизмати