Жорий йилнинг 11–16 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан таниқли мотуридийшунос олим, Истанбул университети Илоҳиёт факультети профессори, доктор Ҳамза Бакрий иштирокида ўқув семинари ташкил этилди.
Семинар доирасида профессор Ҳамза Бакрий XII асрда юртимизда яшаб ижод қилган аллома Алоуддин Косонийнинг “ал-Муътамад фи-л-муътақад” асарини шарҳлаб, замонавий мутаассиб оқимларнинг ғояларига аҳли сунна вал жамоа эътиқоди асосида раддия бериш методологияси ҳақида атрофлича маърузалар ўқиди.
Мазкур семинарда Имом Мотуридий маркази илмий ходимлари билан бирга, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли диний таълим муассасалари ўқитувчилари, жумладан, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти устозлари ҳам иштирок этиб, ўз билим ва малакасини оширдилар.
Дарс жараёнида семинар қатнашчилари томонидан берилган долзарб саволларга аҳли сунна вал жамоа эътиқоди асосида батафсил жавоблар берилди.
Семинар сўнгида эса “Алоуддин Косонийнинг “ал-Муътамад фи-л-муътақад” асари шарҳи” мавзусидаги малака ошириш курсини муваффақиятли тамомлаган барча устозларга махсус сертификатлар топширилди.