islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

СУЛТОН СУЛАЙМОННИ ЙИҒЛАТГАН ЖАВОБ

Усмонли турк султонларидан бўлмиш Султон Сулаймон Қонунийни жуда кўп ўйлантирадиган бир савол бор эди: давлатларни таназзулга учратувчи сабаблар нима?
Султон бу саволга ўзининг «ақл устози» – етук олим Шайх Яҳё ҳазратларидан жавоб олмоқ истаб унга мактуб ёзади ва уни бош вазири орқали юборади. Вазир мактубга жавоб келтирмайди.
– Яҳё ҳазратлари мактубингизни ўқидилар ва биргина гап айтдилар, холос, – дейди вазир Султонга.
– Нима дедилар?
– «Менга не ғам», дейилган замон… – дедилар.
Султон Сулаймон бу жавобнинг мағзини чақмоқ учун кўп ўйланади. Орадан бир неча кун ўтгач, Шайхга яна бир мактуб ёзиб, айтган жумласини шарҳлаб беришини илтимос қилади.
«Мен бу жумланинг мағзини чақишга кўп уриндим, ўзимча баъзи хулосаларга ҳам келдим. Лекин мақсадим – Сизнинг фикрингизни билмоқдир. Илтимос, менга очиқ-ойдин англатинг» – дейди.
Шайх Яҳё ҳазратлари мактубга шундай жавоб ёзади:

«Қайси бир давлатда зулм кучайса;
қатор-қатор ҳақсизликлар юз бера бошласа;
адолат оёқости қилинса ва буни кўриб турганлар «менга нима» дея сукут сақласа;
арбоблар етим-есирларнинг, бева-бечораларнинг, камбағалларнинг аҳволи билан қизиқмаса;
муҳтожларнинг оҳини тошлар эшитса-ю, одамлар эшитмаса;
амалдору уламо буларнинг барини англаб, билиб турса-ю, «менга не ғам» дея ўз нафси билан овора бўлса;
ҳокимлар ҳукмдорни алдаш йўлига ўтса…
Ана ўшандай давлатда фуқароларнинг ҳукуматга ишончи ва ҳурмати йўқолади. Халқда осойишталик қолмайди.
Бундай давлатлар таназзулга маҳкумдир!»

Султон Сулаймон Қонуний бу жавобни ўқиб, йиғлаб юборган экан…
Шайх Яҳё ҳазратларининг бу мактуби ҳозирда Истанбулдаги Тўпкапи саройи музейида сақланмоқда.

 

Манбаа: www.mspressa.uz

93790cookie-checkСУЛТОН СУЛАЙМОННИ ЙИҒЛАТГАН ЖАВОБ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: