Ҳадя (совға) улашишга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тарғиб қилганлар. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ушбу тарғиб қилинган амални адо этишга имкон қадар ҳаракат қилиши фазилатли иш ҳисобланади. Мазкур фазилатли ишга тааллуқли бир қанча одоблар бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидагилар: Биринчи одоб – эзгу ният қилиш. Ҳадя берувчи аввало Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида бир мусулмоннинг кўнглини шод қилишни ният қилиши лозим. Зеро, амаллар ниятларга кўра бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадя улашишнинг қандай самаралари борлигини шундай баён қилганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя улашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар”, – дедилар”. Имом Байҳақий ривоят қилган. Яъни ҳадя жамият вакилларининг ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга сабаб бўлади. Иккинчи одоб – ҳадяни қавму қариндош ва қўни-қўшнилардан бошлаш. Ҳадяни қавму қариндошлардан бошлаш афзал ҳисобланади. Чунки бу иш силаи раҳм бўлиб, ўртадаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, ҳадя улашишда қўни-қўшнилардан ва улар орасидан ҳам аввало ён қўшнилардан бошлаш афзал саналади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўшнингга яхшилик қилгин, мўмин бўласан”, – деганлар. Яъни қўшнисига яхши муомала қилган, яхши ишларида кўмакчи бўлган киши комил иймон эгаси бўлади. Кишининг яхши-ёмон кунларида доимо ёнида яшайдиган инсон унинг қўшниси бўлади. Шу маънода дастлаб қўшнисига ҳадя бериш яхшиликни ўзига яқин кишилардан бошлаш ҳисобланади. Учинчи одоб – ҳадяни арзимас санашдан сақланиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни ўзаро ҳадя улашишга тарғиб қилиб шундай деганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя улашинглар, чунки ҳадя кўнгилдаги норозилик туйғусини кетказади. Бирор аёл ҳам қўшни аёлга қўй туёғининг ярмини бўлса ҳам (ҳадя қилишни) ҳаргиз арзимас санамасин”, – дедилар”. Имом Темизий ривоят қилган. Яъни ўзаро ҳадя улашиш жамият вакиллари орасида ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг боғланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳадя берувчи ҳам, уни олувчи ҳам ҳадяни асло арзимас санамаслиги лозим бўлади. Чунки ҳадя берувчи агар уни арзимас санаса, одатда ҳадя берилмай қолиб, ундан кўзланган мақсад ҳосил бўлмай қолади. Ҳадяни қабул қилувчи ҳам берилган ҳадя ҳар қанча оддий бўлмасин, асло арзимас санамаслиги керак. Шунингдек, ҳадяни ёки берувчисини камситадиган гапларни ҳазиллашиб гапиришдан ҳам қатъий равишда тийилиши лозим бўлади. Чунки бундай қилиш ораларини бузиш учун шайтонга имконият эшигини очиш бўлади. Шунинг учун ундан тийилиш вожиб бўлади. Тўртинчи одоб – ҳадяни қайтармаслик. Ҳадяни қабул қилиш дўстлик рамзи ва ҳадя берувчини ҳурмат қилиш белгиси бўлади. Ҳадяни қабул қилмай қайтариш эса берилган ҳадяни ёқтирмаслик ёки ҳадя берувчини камситиш каби маъноларни ифодалайди. Бу эса ўртада совуқчилик тушишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда ҳадяни қайтармасликка алоҳида буйруқ келган: Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳадяни қайтарманглар ва чақирувчини(нг) (чақирувини) қабул қилинглар ва мусулмонларни урманглар”, – дедилар”. Байҳақий ривоят қилган. Аммо ҳадяни қабул қилмаслик жоиз бўлган ўринлар ҳам бор. Масалан, агар берилган ҳадяни пора ўрнида берилганини билса, ёки берилган ҳадядан кўпроғини ундан “ундириш” ёки бошқа бирор ғаразли ниятини амалга ошириш илинжида бераётганини сезса, ҳадяни қабул қилмаслик мумкин бўлади. Бешинчи одоб – ҳадя берувчини тақдирлаш Ҳадя олган киши ҳадя берувчига ташаккур айтиб, уни мукофотлаши ҳам суннат ҳисобланади. Қуйидаги ҳадис бунга далилдир: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадяни қабул қилар эдилар ва унга кўра тақдирлар эдилар”. Имом Термизий ривоят қилган. ...
2018 йил 13 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мажлислар залида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан эълон қилинган «Илм йўлида кўмак берамиз» номли акциянинг биринчи босқичи якунлари бўйича тадбир ўтказилди. Акцияга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги билим юртлари талабалари ва ўқитувчиларини рағбатлантириш, намунали ва иқтидорли талабаларнинг тўлов-контракт пуллари тўлаб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, Қуръони каримни ёд олган ёки араб тилидаги бирор қўшимча китобни тамомлаган талабалар ҳам рағбатлантирилади. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки, PayMe, Click, Mbank каби республиканинг йирик тўлов тизимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, диний таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, уламолар, имом-хатиблар, Тошкент Ислом институти, диний таълим муассасалари талаба-ёшлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Маросимда диний таълим муассасаларининг энг иқтидорли 39 нафар талабаларининг контракт пуллари тўлаб берилиб, ўзининг иқтидори ва қобилияти билан Қуръони каримни тўлиқ ёд олган 15 нафар талаба энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан пул мукофотлари билан тақдирланди. Тақдирланганлар орасида Тошкент ислом институтининг 9 нафар талабаси ҳам бор. Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан институт ректори У.Ғафуров Вақф фондининг ушбу кўмаги ва қўллови учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Аллоҳ таолодан фонд раҳбарлари, ходимлари ва хайрияга маблағлари билан ёрдам берган саховатпеша юртдошларимизга қилаётган хизматлари эвазига ажру савобларни кўпайтириб беришини сўраб қоламиз. Эслатиб ўтамиз, ушбу акциянинг биринчи босқичи учун Вақф хайрия жамоат фонди томонидан умумий ҳисобда 160 000 000 сўм ажратилди. 1 110
Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жоме масжидига юртимизда меҳмон бўлиб турган Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ташриф буюрди ва жума намозини адо этди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати хабар берди. Шайх Аҳмад ат-Тоййиб ҳазратлари юртимиз ҳақида ўз фикр ва таассуротларини билдириб, жумладан шундай деди: – Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳу ва боракатуҳ! Мен камина ва Азҳари шарифнинг муҳтарам уламоларидан ташкил топган делегациямиз номидан Ўзбекистон Президенти ва халқига миннатдорлик билдирамиз. Шундай неъматни насиб этгани учун Аллоҳ таолога ҳамду-санолар айтамиз. Биз Ўзбекистонни зиёрат қилар эканмиз, бутун дунёни ўз илм нури билан нурафшон этган, Аллоҳнинг каломини бизларга етказиб келган улуғ алломалар юртини зиёрат қилаётганимиздан беҳад мамнунмиз. Биз айни дамда ҳозир бўлиб турган ушбу муборак масжид, Абу Бакр Қаффол Шоший номлари билан аталар экан, бу зот ўзининг фиқҳ илмига қўшган улуғ ҳиссалари билан, ислом оламида ном қозонган бўлиб, бутун дунёдаги мадраса ва исломий таълим даргоҳларида асарлари таълим бериб келинади. Биз Ал-Азҳар университетида Имом Мотурудий, Имом Насафий, Имом Самарқандий асарларидан таълим берамиз. Шунингдек, Беруний, Ибн Сино каби алломаларнинг китобларини ҳам тадқиқ этамиз. Мен ўзим ҳам Ибн Сино фалсафаси бўйича мутахассисман. Ал-Азҳар университетида Ўзбекистондан жуда кўп ёшлар илм олишган. Айни дамда 150 дан зиёд ўзбекистонлик талабалар таълим олишмоқда. Мен бу ерда “Азҳару шарифда ўқиганмиз” деган инсонларни кўриб, ўзимни жуда ҳам бахтиёр ҳис қилябман. Мен билан бирга ал-Азҳар университети ректори, доктор Муҳаммад Ҳусайн жаноблари ҳам ташриф буюрган. Сафаримиз давомида Ўзбекистондаги таълим муассасалари ва ал-Азҳар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва келажакда ҳамкорликда улкан ишларни амалга ошириш мақсадида шартнома ва меморандумлар имзолашга эришдик. Келишувлар натижаси ўлароқ яқин вақт ичида ўзбекистонлик имомларни ал-Азҳару шариф қошида очилган имомлар малакасини ошириш курсларида малака ошириб, бугунги замонавий муаммо ва масалаларга ҳам ечим топа оладиган мутахассис бўлиб қайтишларига ишонаман. Мен сизларнинг очиқ чеҳрангиз ва меҳмондўстлигингиз учун миннатдорлик билдираман. Шайх ҳазратларининг диёримизга ташрифлари давом этмоқда. 831
Мавзуъ арабча (الموضوع) шаклида бўлиб, луғатда – қўйилган, тўқилган, даражаси паст бўлган маъноларини англатади. Истилоҳда эса, тўқилган ёлғон бўлиб, сунъий равишда келтирилган ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган хабардир. Бундай нарсанинг “мавзуъ” деб номланишининг сабаби шуки, ким шу ишни қилса, мартабаси албатта пасаяди[1]. Мавзуъ ҳадис тўқиш тобеъинлар давридан бошланган. Бу даврда илк сиёсий ихтилофлар вужудга келиши баъзи мавзуъ ҳадисларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Лекин, ўша вақтда адолатпеша саҳобаларнинг ҳаётликлари бу ҳаракатларнинг кенг тус олишига тўсқинлик қилган. Тобеъинлардан кейинги даврда Ислом динининг турли халқлар орасида кенг тарқалиши, сиёсий ихтилофларнинг кенг тус олиши, ҳақиқий диний илмлардан узоқлашиш натижасида турли соҳаларга оид мавзуъ ҳадислар кўпайиб кетди[2]. Бундан кўриниб турибдики, саҳобаи киромлар ҳадисга нисбатан жуда жиддий муносабатда бўлганлар. Аммо саҳобалардан кейинги даврларда пайғамбаримиз ҳадисларига бўлган муносабатлар турлича бўлди. Мусулмонлар орасида ҳадисларни ёдлаш, уни англаб етиш, асл матнлари ва иснодларидан воқиф бўлувчилар камайди. Шу пайт ҳадислар шаънини топтагувчилар ҳам вужудга кела бошлади. Буларнинг натижаси ўлароқ, турли ботил оқим ва мазҳаблар, нотўғри ақидаларнинг вужудга келганини кўришимиз мумкин. Шундан сўнг уламолар соф шариъатни, суннатни юзага чиқарадиган, ҳадисларни нуқсон ва зиёдаликдан сақлайдиган буюк ишга бел боғладилар. Натижада, саҳиҳ ҳадислардан ёлғони, тўқималари ажратила бошланди. Саҳиҳ ҳадислар ичидан мавзуъсини ажратиб олиш осон иш эмас, албатта. Абдуллоҳ ибн Муборак разиёллоҳу анҳуга: Мавзуъ ҳадисларни ким ажратиб беради дейилганда у зот: “Ўз ҳаётини ҳадис илмига бағишлаган моҳир олимларгина”, деб жавоб берганлар[3]. Бундан кўринадики, будай ишга фақат ҳадис илмида етук бўлган зотларгина қўл урганлар. Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда шундай дейдилар: Айримлар китобларида келтираётганидек, “طلب العلم من المهد إلي اللحد ” ёки “اطلبوا العلم من المهد إلي اللحد” кўринишидаги бу гап набавий ҳадис эмас, балки инсонларнинг илм олиш ҳақидаги айтган сўзларидир. Айримлар бундай сўзларни Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат беришмоқда. Дарҳақиқат, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган, бажармаган, иқрор бўлмаган ҳеч бир сўз ёки феълни у зотга нисбат бериш мумкин эмас. Мазкур сўзларнинг маъноси тўғри, ундаётган феъли мақсадга мувофиқ бўлсада, уни у зотга нисбат бериш имконини бермайди. Ҳофиз Абул Ҳажжож Ҳалабий шундай дейди: Ер юзида инсон зоти борки, гарчи маъноси тўғри бўлсада Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ҳатто бир ҳарфни ҳам ёлғон тўқишга ҳаққи йўқ. Чунки, ҳар бир ҳақ сўз Росулуллоҳ айтган бўлавермайди. Аммо, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ҳар бир сўз ҳақдир[4]. Мавзуъ ҳадиснинг “Мавзуъ” сўзи ортидан “ҳадис” сўзини ҳам қўшиб, “Мавзуъ ҳадис”, деб айтиш ҳақида уламолардан турли фикрлар келган. Жумладан, Ҳофиз Ибн Ҳажар мавзуъ ҳадис ҳақида шундай дейди: “Мавзуъга “ҳадис”ни қўшиб аташни маъқулламайман, чунки у ҳадиси набавийдан эмас, баъзи олимларнинг мавзуъни заиф ҳадисларнинг ёмонроғи дейишлари, уни ҳадислар қаторида ҳисоблашни ифодаламайди”. Доктор Моҳир Мансур Абдураззоқ шундай дейди: Ҳақиқатдан ҳам, мавзуъни “ҳадис” деб аташ тўғри эмас, аммо кўпчилик уламоларнинг уни “ҳадис” деб номлашларига қуйидаги уч сабабни келтирадилар: Ҳадис дейишлик билан унинг луғавий маъноси назарда тутилади. Мавзуъ ҳадис тўқувчиларнинг наздидаги эътибор билан шундай дейилади. Мавзуъни таниб, ажратишда ҳадисга, унинг усулларига[5] мурожат қилинганлиги сабаби шундай дейилади[6]. Маълумки, мавзуъ заиф ҳадис бўлиши учун Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари айтган ҳадис бўлиши керак. Бироқ, унда ривоят қилувчилар ичида камчиликлар юз берган бўлади. Шунинг учун, заиф ҳадис банданинг фикридан устун туради. Аммо, мавзуъ ҳадис эса ровийлар силсиласи ичидаги кишилардан бўлмаган мутлақо бошқа...