2018 йил 13 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мажлислар залида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан эълон қилинган «Илм йўлида кўмак берамиз» номли акциянинг биринчи босқичи якунлари бўйича тадбир ўтказилди. Акцияга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги билим юртлари талабалари ва ўқитувчиларини рағбатлантириш, намунали ва иқтидорли талабаларнинг тўлов-контракт пуллари тўлаб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, Қуръони каримни ёд олган ёки араб тилидаги бирор қўшимча китобни тамомлаган талабалар ҳам рағбатлантирилади. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки, PayMe, Click, Mbank каби республиканинг йирик тўлов тизимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, диний таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, уламолар, имом-хатиблар, Тошкент Ислом институти, диний таълим муассасалари талаба-ёшлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Маросимда диний таълим муассасаларининг энг иқтидорли 39 нафар талабаларининг контракт пуллари тўлаб берилиб, ўзининг иқтидори ва қобилияти билан Қуръони каримни тўлиқ ёд олган 15 нафар талаба энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан пул мукофотлари билан тақдирланди. Тақдирланганлар орасида Тошкент ислом институтининг 9 нафар талабаси ҳам бор. Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан институт ректори У.Ғафуров Вақф фондининг ушбу кўмаги ва қўллови учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Аллоҳ таолодан фонд раҳбарлари, ходимлари ва хайрияга маблағлари билан ёрдам берган саховатпеша юртдошларимизга қилаётган хизматлари эвазига ажру савобларни кўпайтириб беришини сўраб қоламиз. Эслатиб ўтамиз, ушбу акциянинг биринчи босқичи учун Вақф хайрия жамоат фонди томонидан умумий ҳисобда 160 000 000 сўм ажратилди. 395
Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жоме масжидига юртимизда меҳмон бўлиб турган Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ташриф буюрди ва жума намозини адо этди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати хабар берди. Шайх Аҳмад ат-Тоййиб ҳазратлари юртимиз ҳақида ўз фикр ва таассуротларини билдириб, жумладан шундай деди: – Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳу ва боракатуҳ! Мен камина ва Азҳари шарифнинг муҳтарам уламоларидан ташкил топган делегациямиз номидан Ўзбекистон Президенти ва халқига миннатдорлик билдирамиз. Шундай неъматни насиб этгани учун Аллоҳ таолога ҳамду-санолар айтамиз. Биз Ўзбекистонни зиёрат қилар эканмиз, бутун дунёни ўз илм нури билан нурафшон этган, Аллоҳнинг каломини бизларга етказиб келган улуғ алломалар юртини зиёрат қилаётганимиздан беҳад мамнунмиз. Биз айни дамда ҳозир бўлиб турган ушбу муборак масжид, Абу Бакр Қаффол Шоший номлари билан аталар экан, бу зот ўзининг фиқҳ илмига қўшган улуғ ҳиссалари билан, ислом оламида ном қозонган бўлиб, бутун дунёдаги мадраса ва исломий таълим даргоҳларида асарлари таълим бериб келинади. Биз Ал-Азҳар университетида Имом Мотурудий, Имом Насафий, Имом Самарқандий асарларидан таълим берамиз. Шунингдек, Беруний, Ибн Сино каби алломаларнинг китобларини ҳам тадқиқ этамиз. Мен ўзим ҳам Ибн Сино фалсафаси бўйича мутахассисман. Ал-Азҳар университетида Ўзбекистондан жуда кўп ёшлар илм олишган. Айни дамда 150 дан зиёд ўзбекистонлик талабалар таълим олишмоқда. Мен бу ерда “Азҳару шарифда ўқиганмиз” деган инсонларни кўриб, ўзимни жуда ҳам бахтиёр ҳис қилябман. Мен билан бирга ал-Азҳар университети ректори, доктор Муҳаммад Ҳусайн жаноблари ҳам ташриф буюрган. Сафаримиз давомида Ўзбекистондаги таълим муассасалари ва ал-Азҳар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва келажакда ҳамкорликда улкан ишларни амалга ошириш мақсадида шартнома ва меморандумлар имзолашга эришдик. Келишувлар натижаси ўлароқ яқин вақт ичида ўзбекистонлик имомларни ал-Азҳару шариф қошида очилган имомлар малакасини ошириш курсларида малака ошириб, бугунги замонавий муаммо ва масалаларга ҳам ечим топа оладиган мутахассис бўлиб қайтишларига ишонаман. Мен сизларнинг очиқ чеҳрангиз ва меҳмондўстлигингиз учун миннатдорлик билдираман. Шайх ҳазратларининг диёримизга ташрифлари давом этмоқда. 264