Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тасдиқланган “8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган тадбирлар режаси” 2-банди ижроси юзасидан Тошкент ислом институтида “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Мазкур анжуманда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари ҳамда Тошкент ислом университети ва Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган диний таълим муассасалари – Тошкент ислом институти, “Кўкалдош” ва “Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом билим юртлари, Тошкент православ диний семинарияси, Тошкент христиан семинарияси ўқитувчи ва талабалари иштирок этдилар. Анжуман ДИҚ диний таълим бўлими бошлиғи М.Муҳаммадсиддиқов, ЎМИ таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Ж.Нуриддиновнинг тадбир иштирокчиларига табрик сўзи билан очилди. Анжуманда Тошкент ислом университети “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО” кафедраси катта ўқитувчиси Саидафзал Сайиджалоловнинг “Ҳаёт қомуси – ҳидоят йўли”, Тошкент православ диний семинарияси талабаси Тимафей Ибрагимовнинг “День конституции Узбекистана”, Тошкент христиан семинариясининг диний масалалар бўйича директори Сергей Терновойнинг “Конституция и толерантность”, ТИИ ректори Уйғун Ғафуровнинг “Давлат ва дин муносабатларининг ҳуқуқий асослари” мавзусидаги маърузалари эшитилди. Маърузачилар мамлакатимизда ҳар қандай дин ёки миллат вакилининг ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ кафолатланиши, диний ибодат ва маросимларни амалга ошириш учун барча шароитлар яратилиши заминида Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган тамойиллар ётгани, турли дин ва миллат вакиллари ўзаро иноқ ва тотув ҳаёт кечираётгани, юртимиз тинчлигига таҳдид соладиган дин ниқобидаги экстремистик ва радикал кучларга қарши турли конфессия вакиллари биргаликда курашиши зарурлигини таъкидладилар. Анжуман самимий, ўзаро ҳурмат ва эҳтиром кайфиятида ўтди. ТИИ Маънавият-маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 793
Роббимиз Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога дуруду салавотлар бўлсин. 2017 йил 6 декабрь куни Тошкент ислом институтида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам – буюк хулқ соҳиби” шиори остида Ислом тарихи (сийрат) фанидан 3-курс талабалари ўртасида мусобақа ўтказилди. Мазкур мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими ходими С.Шерхонов, Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров, институт ўқув ва илмий ишлар бўйича проректори И.Аҳроров ҳамда институт устоз ва талабалари иштирок этишди. Мусоқа иштирокчилари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Мусобақада 3-курсдан тўртта гуруҳ иштирок этди. Ҳар бир гуруҳда уч нафар талаба қатнашди. Мусобақа Қуръони карим тиловати билан бошланди. 4 та шарт бўйича давом этган мусобақа қизғин давом этди. Тадбирда иштирок этган гуруҳлар мусобақа шартлари бўйича тўплаган балларидан келиб чиқиб, қуйидаги ўринларни эгалладилар: 1-ўрин: 3-д курс талабалари 186 балл; 2-ўрин: 3-б курс талабалари 173 балл; 3-ўрин: 3-г курс талабалари 170 балл. Мусобақа ғолиблари Тошкент ислом институти раҳбарияти томонидан тайёрланган қимматбаҳо мукофотлар билан, қолган гуруҳлар эса эсдалик совғалари билан тақдирландилар. “Диний фанлар” кафедраси ходими Абдуллоҳ Қосим 1 046
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳа асосларини мустаҳкамлаш, ёш авлодда ислоҳотларимизга дахлдорлик ҳиссини ривожлантириш, турли иллатларга қарши иммунитетини мустаҳкамлашга йўналтирилган тарғибот-ташвиқот ишлари ижобий самара бераётгани таъкидланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 июлдаги «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида»ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир. Мазкур қарорга мувофиқ Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида олимлар, ижодкор зиёлилар ва етук мутахассислардан иборат «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ташкил этилди. Унга 500 га яқин олим, мутахассис, санъаткор, ижодкор зиёли аъзо бўлди. Жойларда аҳолининг кенг қатламлари билан учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Энди марказ ҳузурида Олимлар клуби иш бошлади. – Олимлар клуби «Маърифат» тарғиботчилар жамиятига аъзо профессор-ўқитувчилар, олимлар ва илмий тадқиқотчилардан иборат ихтисослашган гуруҳ ҳисобланади, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессори Ибодулла Эргашев. – Унда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий ислоҳотлар, дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий, ғоявий-мавкуравий жараёнларнинг мазмун-моҳияти чуқур таҳлил қилинади. Шунингдек, терроризм ва диний экстремизм, одам савдоси, «оммавий маданият», гиёҳванд моддалар савдоси каби таҳдидларга қарши курашишнинг самарали усуллари ўрганилади. Амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади. Гулноза Бобоева, ЎзА 1 084
2017 йил 3 декабрь куни Самарқанд шаҳрида юртимизда меҳмон бўлиб турган Доктор Насриддин Умар бошчилигидаги Индонезия делегацияси билан Самарқанд вилояти масъуллари ўртасида зиёрат туризмини йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича музокаралар ташкил этилди. Музокарада Самарқанд вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Мунис Восеев ҳамда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов иштирок этди. Доктор Насриддин Умар Индонезиядаги 900 минг масжидни назорат қилувчи “Истиқлол” масжиди имом-хатиби бўлиб, мазкур масжид имом-хатиби бир вақтнинг ўзида Индонезия Президентининг дин ишлари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади. Музокора давомида Насриддин Умарга Индонезия туризм вазирининг турмуш ўртоғи ҳамроҳлик қилди. Насриддин Умарнинг айтишича, Индонезиядан ҳар йили 2 миллиондан ортиқ киши Умра зиёратига боради. Илгари Ироқ ва Сурия орқали амалга оширилган сафар, ушбу давлатлардаги нотинчликлар сабаб ҳозирда Туркия орқали амалга ошмоқда. Меҳмоннинг таъкидлашича, юртимиздаги мавжуд шарт-шароитларни ҳисобга олганда Умрага Самарқанд орқали бориш кўп томонлама маъқул танловдир. Алломалар, буюк тарихий шахслар яшаб ўтган заминга келиб, зиёратларни амалга оширгач, Саудия Арабистонига учишни хоҳловчилар Индонезияда кўпчиликни ташкил этади. Аҳамиятли масалалар муҳокама этилар экан Насриддин Умар сўзида қуйидагича давом этади: “Мен ўйлайманки, Ўзбекистонга келиш биз учун фойдали ва ушбу заминда биз хоҳлайдиган нарсалар кўп. Ҳукуматингиздан Жакартадан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиб беришларини сўрайман. Шундай қилинадиган бўлса биз томондан келадиган туристлар оқими сезиларли даражада кўпаяди. Биз Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги алоқаларнинг ривожланишидан манфаатдормиз. Чунки иккала давлатнинг мусулмон аҳолисининг деярли барчаси суннийлардир. Бизда 2000 дан ортиқ Имом Бухорий номи билан боғлиқ таълим йўналишлари бор. Ислом билим юртларида «ашъарий ва мотуридий ақидавий йўналишлари» бўйича билим берилади. Юртимизда Мотуридий ақидавий мазҳабига эътиқод қилувчилар 40 миллиондан ошади”. “Юртимиз мусулмонлари ҳозирда шу диёрдан етишиб чиққан олимлар тўплаган ҳадисларни ўрганмоқда. Бундан ташқари нақшбандий таълимотига эргашадиганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Уларни жуда ҳурмат қиламиз. Биз юртингизда Индонезиядан келувчилар учун барча шарт-шароитлар муҳайё бўлишини хоҳлар эдик” дейди Президент маслаҳатчиси. Бугунги кунда Индонезия халқи 250 миллиондан ошди ва уларнинг 90 фоизини мусулмонлар ташкил этади. Агар 2 миллион нафар умрага борувчиларнинг 50 фоизини Ўзбекистон орқали олиб ўтишга эришилса, туризмни ривожланиши учун жуда катта ўзгариш бўлади. Ўзбекистонда тинчлик-осойишталик ҳукмронлиги, тартиб-интизом, қонун-қоидалар яхши йўлга қўйилганлиги, терроризм хавфининг паст даражада экани мамлакатимизга бўлган қизиқишни орттирмоқда. 883