Бизларга Рамазон Рўзасини фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Рамазон ойида кечасини қоим қилишни суннат қилган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловату саломлар бўлсин. Мусулмон киши Охиратда Аллоҳ азза ва жалланинг жаннатига киришга доимо муштоқ бўлиб яшайди, шунга қараб амал қилади ва Аллоҳдан жаннатига дохил қилишини ёлвориб сўрайди. Дўзохга тушишидан паноҳ сўрайди. Бугунги ҳадис шариф олдингилари каби Рамазон рўзаси фазилати ҳақида бизларга хабар беради. عن سَهْلِ بنِ سَعْدٍ السَّاعِدِي رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلّم: “إنَّ في الجنةِ بَابًا يُقَالُ لَهُ رَيَّانُ، يَدْخُلُ مِنْهُ الصَّائِمُونَ يَومَ القيامةِ، لاَ يَدْخُلُ مِنْهُ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ، يُقَالُ: أين الصائمون؟ فَيَقُومُونَ، لاَ يَدْخُلُ مِنْهُ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ، فَإِذَا دَخَلُوا أُغْلِقَ، فَلَمْ يَدْخُلْ مِنْهُ أَحَدٌ”. رواه البخاري ومسلم Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Жаннатда “Райён” номли эшик бор. Қиёмат куни ўша эшикдан рўзадорлар киради. Улардан бошқа ҳеч ким у эшикдан кирмайди. “Рўзадорлар қаерда”, деб айтилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким у эшикдан кирмайди. Рўзадорлар кириб бўлишгач, эшик беркилади. Қайтиб ҳеч ким ундан кирмайди”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари. Ушбу ҳадис шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорларга Аллоҳ таоло жаннатнинг махсус эшиги – Ройянни хослагани ҳақида хабар бермоқдалар. Араб тилида “Ройян” сўзининг маъноси – “сувни тўйиб ичган” деган маънони англатади. Ушбу эшикнинг “Ройян” деб номланиши ҳикмати шуки, банда бу дунёда чанқаган ва оч қолган ҳолда холис Аллоҳ учун рўза тутади. Охиратда ушбу чанқоқлик ва ташналик эвазига таом ва сувга тўйинганлик мукофоти билан тақдирланади. Аллоҳ азза ва жалла барчамизга қиёмат куни “Рўзадорлар қани?” деб чақирилганда ўрнидан туриб, рўзадорлар учун хос бўлган жаннатнинг Ройян эшигидан киришни насиб қилсин! Амин. Я Роббал аъламийн! “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсупов 365