islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Рамазон-2023

Бўлимлар

Рамазон саховат ойи

Бошқаларга қилинган хайр саховатнинг ажри қандай ҳам улуғ. Хусусан хайр, саховат ойи бўлмиш рамазон ойида бўлсачи? Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилади: مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِئَةُحَبَّةٍ وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб  беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир. Қуръони каримда хайр саховат фазилати борасида жуда кўп оятлар мавжуд. Ушбу рамазон ойини ғанимат билиб, иложи борича кўпроқ хайр саховат қилиш, бева-бечоралар кўнглига хурсандчилик улашиш ва бунинг сабабидан кўплаб ажру мукофотларга сазовор бўлишимиз даркор. Ундан ташқари қилинган садақалар касалликка шифо бўлиши ҳадисларда ворид бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касалларингизни садақа билан даволанглар”, деб айтганлар. Ҳақиқатдан ҳам, сиз кўнгли синиқ, бироз  иқтисодий жиҳати оқсаган инсонга меҳр-оқибат кўрсатсангиз у Роббисига чин кўнгилдан дуо қилади ва натижада Аллоҳ таоло садақа қилувчи инсоннинг қалбидаги ўйлаган мақсадини ато қилади.  ففى الحديث الصحيح أن رسول الله – صلى الله عليه وسلم – قال :” أتاني جبريل فقال: يا محمد، عش ما شئت فإنك ميت، وأحبب من شئت فإنك مفارقه، واعمل ما شئت فإنك مجزي به، واعلم أن شرف المؤمن قيامه بالليل، وعزه استغناؤه عن الناس”… أخرجه الحاكم Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Менинг олдимга Жаброил келди ва эй Муҳаммад, алайҳиссалом ҳоҳлаганингизча яшанг, албатта бир кун вафот этасиз, ҳоҳлаган инсонингизни яхши кўринг, албатта, бир кун ундан ажраласиз, ҳоҳлаган амалингизни қилинг албатта, бир кун унинг эвазиги жазо ёки мукофот оласиз. Шуни билинки, мўминни шарафи кечалари қоим бўлишлигидадир. Ва унинг азизлиги инсонлардан беҳожат бўлишлигидадир”-дедилар (Имом Ҳоким ривояти). Рамазон ойида инсонларнинг қалбига ҳурсандчилик улашишга интилайлик. أن النبى – صلى الله عليه وسلم – قال : ” أفضل الأعمال أن تدخل على أخيك المؤمن سرورا، أو تقضي عنه دينا، أو تطعمه خبزا “….. أخرجه  ابن أبي الدنيا في قضاء الحوائج Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Амалларнинг энг яхшиси мўмин биродаринг қалбига ҳурсандчилик киргизиш  ёки унинг  қарзини узишда кўмаклашиш, унга бирор яхши таом беришлигингдир”. Бошимизга соябон бўлиб турган Рамазон ойини шу ва бошқа солиҳ амаллар  билан зийнатлайлик. Зеро,  бу ой бизлар учун меҳмон, меҳмон эса қадрламоқ олий фазилатдир. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Жалолиддин Ҳамроқулов Манба 456

2019 йил учун закот, фитр ва фидя нисоблари эълон қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг 2019 йилги закот, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича ҚАРОРИ Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий 2019 йил (ҳижрий 1440 йил) учун ЗАКОТ нисоби 1 грамм тиллонинг бугунги кунда бозорларимиздаги ўртача нархи 200 000 (икки юз минг) сўм эканлигини эътиборга олиб, закот нисоби 85 (саксон беш) грамм тилло, яъни 17 000 000 (ўн етти миллион) сўм деб белгилангани ва мазкур сумманинг қирқдан бир (1/40) ҳиссаси, яъни 425 000 (тўрт юз йигирма беш минг) сўмни закот ниятида чиқарилиши ҳақидаги хулосаси маъқуллансин. Маълумки, фитр садақаси Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига биноан тўрт нарсадан чиқарилади. Улар буғдойдан ярим соъ, арпадан бир соъ, майиздан ярим соъ ва хурмодан бир соъдир. Бир соъ тақрибан (≈) 4 килограммдир. Шунга кўра, бу йилги ФИТР садақасининг миқдори Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга кўра: ≈ 2 килограмм буғдойдан 6 000 (олти минг) сўм; ≈ 4 килограмм арпадан 10 000 (ўн минг) сўм; ≈ 2 килограмм майиздан 70 000 (етмиш минг) сўм; ≈ 4 килограмм хурмодан 100 000 (юз минг) сўм бўлади. Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя. Бу йилги ФИДЯ миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг ўртача қиймати 15 000 (ўн беш минг) сўм, деб белгилансин. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ Манба: Мuslim.uz 542

Аллоҳнинг рамазондаги туҳфалари

Рўза ҳудди Қуръон каби ўз соҳибини Қиёматда шафоат қилади - Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси Жалолиддин Ҳамроқулов

БУ ЙИЛГИ РАМАЗОН…

Аллоҳга беадад шукр, илоҳий туҳфалар, файзу-футуҳ ва қувонч олиб рамазон яқинлашмоқда. Қалбимиз ажиб шавқ билан масрур… Рамазон… Тун қоронғусида туриб, оила даврасида, тўкин дастурхон атрофида, Аллоҳимнинг неъматларига ғарқ бўлган ҳолда саҳарликлар қилиш … Рамазон… Ибодатларни ўз вақтида, бошқа ойларга нисбатан бироз кўпайтирган ҳолда адо этиб, толиқиб қолганда соя-салқин жойда мириқиб дам олиш, бу неъмати учун Аллоҳга шукрона келтириш… Рамазон… Оила бошлиқлари аҳлининг ифторлиги учун энг сара егуликлар харид қилиб, аёллар хожасини севинтириш умидида, лаззатли таомлар тайёрлайдиган, намози асрни адо қилибоқ, дастурхон тузашга киришадиган, шом азонини эшитгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат дея хурмо ёки зам-зам билан оғиз очиш, намоздан сўнг дастурхондаги ноз неъматлардан баҳраманд бўлиш… Рамазон… Кечқурун оталар, ака-ука, ўғиллар таровеҳ намозига шошган, қиз-келинлар, аёллар эртанги саҳарлик учун уларнинг оғзига ёқадиган нарсалар пишириб қўйиш маслаҳатини қилиб, ўшанга уннаб кетадиган, бундан ўзлари ҳам завқланиб, шукрона қиладиган ой… Ҳа, биз рамазонни ана шундай тасаввур қиламиз, шундай кутиб-кузатамиз. Савобга ҳам аксар ҳолларда саҳарлик-у ифторлик тайёрлаш орқали эришишни умид қиламиз. Сиртдан қараганда бу жуда ажойиб, гўзал ҳолат. Аммо, чуқурроқ ўйланса, ўтганларимиз тарихига назар солинса, бу анчайин аянчли ҳол эканини тушуниш қийин эмас… Биз бугун рамазоннинг асл моҳиятини унутиб қўйгандекмиз. Афсуслар бўлсинки, бу  ой биз учун яхшироқ еб-ичиш, одатдагидан кўра кўпроқ дам олиш, неъматлардан янада ҳузурланиш ойи бўлиб қолган. Аслида-чи? Рамазон аслида очлик ила нафсни тарбиялаш, савоблар жамғариш, йил давомида муҳтожликда, оч-наҳор юрган мўмин-мўминалар ҳолини бир ойгина бўлсин, танамизда  ҳис этиш, уларга кўпроқ мурувватли бўлишни ўрганиш ойи эмасмиди? Рамазон саховат, кенгчилик, эҳсон ойи эмасмиди? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда қандай амал  қилар, нималарга эътиборли бўлар эдилар? Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг авжи Рамазонда, Жаброил у зот билан учрашган кезлари бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон чиқиб кетгунича ҳар кеча у зот билан учрашар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашганда, эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар»[1]. У Зот жазирама араб ўлкасида яшадилар, бирор марта кетма-кет уч кун тўйиб таомланмадилар, уйларида кунда икки маҳал қозон қайнамади. Ўзлари дунёнинг лазиз таомларига энг ҳақли бўлганлари ҳолда, энг фақир мўминлар каби ҳаёт кечирдилар. Саҳарлик ва ифторликлари, асосан хурмо ва зам-зам бўлди, топилганда бошқа бирор нарса ер, бўлмаса, шу иккисига қаноат қилар эдилар. Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан йўл юрдик. У зот рўзадор эдилар. Қуёш ботгач, «Туш, бизга талқон қориб кел», дедилар. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, сал кеч кирмасинми?» деди. У зот: «Туш, бизга талқон қориб кел», дедилар. У яна: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳали кун ёруғ-ку?!» деди. У зот яна: «Туш, бизга талқон қориб кел», дедилар. У тушиб, талқон қориб келди»[2]. Рамазон – ибодат ойи. Абдурраҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонни зикр қилиб туриб, «Рамазон Аллоҳ рўзани фарз қилган ойдир. Мен мусулмонларга унинг тунларида ибодатда бедор бўлишни суннат қилдим. Ким унинг рўзасини тутса, тунлари ибодатда бедор бўлса, ундан онаси туққан кундагидек гуноҳдан пок бўлиб чиқади», дедилар». Фирёбий «Қуръон фазилатлари» номли асарида ўз санади билан ривоят қилади: «Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо Рамазонда тонгдан бошлаб мусҳафдан...

Огоҳ бўлинг, Рамазон ўғрилари!!!

Саноқли кунлардан сўнг мусулмонлар дилларини хушнуд қилган ҳолда кўк юзида ҳилол кўринади. Ўн бир ой давомида ушбу кунни кутган кўзлар аста намланади. Ахир, Рамазони шариф кириб келди… Бу ой Қуръон хатм қилинадиган, таровеҳ намози ўқиладиган, Аллоҳ розилигини истаб, нафс истакларидан юз ўгириладиган ойдир. Аммо атрофимизда шундай нарсалар борки, агар ғафлатда қолсак, бу уддабурон “ўғрилар” Рамазон ойини зое кетказишимизга сабаб бўлади: Телевизор. Бу Рамазоннинг энг хавфли “ўғри”ларидан бўлиб, ундаги беҳуда кўрсатувлар, филмлар инсоннинг кўп вақтини олади. Мўмин киши вақтини ўзи ва инсонлар учун манфаатли бўлган ишларга сарф этиши зарурдир. Бундай дастурларнинг ўрнига китоб мутолаа қилиш фойдали саналади. Аллоҳ таоло мўмин бандаларни Ўз каломида шундай васфлайди: “Улар беҳуда – фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгиргувчи кишилардир” (Муъминун сураси, 3). Телевизорда мусиқалар эшитиш эса қалбни Аллоҳ зикридан узоқлаштиради. Рамазон эса унда Аллоҳнинг зикри кўпайтирилиши лозим ойдир, зеро бу ойда қилинган бир зикр бошқа ойларда қилинган зикрларданда кўп савобга эриштиради. Лекин агар бу теледастурлар ва мусиқалар ҳаёсизлик, шаҳвонийликни тарғиб этадиган бўлса, у ҳолда уни томоша қилиш ҳукми шубҳасиз ҳаромдир. Аллоҳ таоло Исро сурасида шундай дейди: “Зинога яқинлашманглар! Чунки (бу) бузуқликдир – энг ёмон йўлдир” (16-оят). Аммо телевизорда диний-маърифий, ахлоқий, шаръий қонун-қоидаларга мувофиқ келувчи дастурлар намойиш этилса, унда уни томоша қилишда зарар йўқ. Бозор. Ҳадиси шарифлардан маълумки, бозор Аллоҳ таоло Ер юзида энг ёмон кўрган маконлардандир. Муборак Рамазон ойини кун бўйи Аллоҳга маҳбуб бўлмаган ерда ўтказиш – Рамазонни зое кетказиш демакдир. Негаки, хоҳлаймизми йўқми, бозорлар алдов, тарозидан уриб қолиш, молни таҳқирлаш, ғийбат, уруш ва жанжаллардан холи бўлмайди. Бундан ташқари аёллар эркак сотувчилар билан, эркаклар аёл сотувчилар билан мулоқотга киришга мажбур бўладилар. Бу ҳолатда кўпинча уларнинг суҳбати шариат доирасидан чиқиб кетишига шубҳа йўқ. Рўзадор маънавий жиҳатдан рўзасининг комил бўлиши учун, вақтини бозорларда зое этмаслик учун Рамазондан бироз аввал имкони етганича бир ойга кифоя қилувчи масаллиқларни, кийим-кечак ва бошқа керакли нарсаларни сотиб олгани мақсадга мувофиқ, уламолар тавсия этган амалдир. Ошхона. Шубҳа йўқки, Рамазон келди дегунча аёлларнинг асосий ўрни ошхонада бўлади. Саҳарликдан кейин то қуёш ботгунча ифторлик учун таом тайёрласалар, ифторлик қилгач, саҳарликка таом ҳозирлашга киришадилар. Лекин Рамазон бир ойгина фурсат. Ундаги ибодатлар қилиш фақат эркаклар учунгина эмас, аёллар учун ҳам бирдек жорий бўлган. Аёллар вақтларини кўпроқ намоз, Қуръон қироати, дуо ва зикрлар билан ўтказсалар, ана ўшаларнинг ажри зиёда бўлади. Бир лаҳзалик вақт ичида оғиздан ўтувчи таомлар учун соатлаб меҳнат қилиш бу муборак ойга хос амал эмас. Аёллар Рамазондаги ифторлик ва саҳарликни ҳисобини олиб, бу ой киришидан аввал яримтайёр маҳсулотлар тайёрлаб қўйсалар, кўп вақтларини ибодат билан ўтказишга имконият бўлади. Яна шу ўринда қадрли эркаклар, қайнона ва қайноталар ҳам шу жиҳатни ҳисобга олиб, аёлларга ошхона ишларида енгиллик яратсалар, инсоф ва диёнат жиҳатидан маъқул иш бўлади. Уйқу. Шундай инсонлар борки, улар рўзани эрталабдан кечгача фақат оч юриш деб фикр юритадилар. Рамазон дуо қилиш, зикр қилиш, нафл намозларини кўпайтириш ва кўплаб савобларга эришиш имконияти эканини билмайдилар. Куннинг кўп қисмини уйқу билан ўтказадилар. Аммо рўзада қанча қийинчилик оз бўлса, унинг савоби ҳам шунга яраша бўлади. Шу боис инсон кун давомида уйқудан ташқари илм олиш, нафл ибодатлар, меҳнат билан инсонларга наф бериш, ҳалол ризқ топиш каби ишлар билан ҳам машғул бўлиши лозим. Аллоҳ...
1 27 28 29