islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

БУ ЙИЛГИ РАМАЗОН…

Аллоҳга беадад шукр, илоҳий туҳфалар, файзу-футуҳ ва қувонч олиб рамазон яқинлашмоқда. Қалбимиз ажиб шавқ билан масрур…

Рамазон…

Тун қоронғусида туриб, оила даврасида, тўкин дастурхон атрофида, Аллоҳимнинг неъматларига ғарқ бўлган ҳолда саҳарликлар қилиш …

Рамазон…

Ибодатларни ўз вақтида, бошқа ойларга нисбатан бироз кўпайтирган ҳолда адо этиб, толиқиб қолганда соя-салқин жойда мириқиб дам олиш, бу неъмати учун Аллоҳга шукрона келтириш…

Рамазон…

Оила бошлиқлари аҳлининг ифторлиги учун энг сара егуликлар харид қилиб, аёллар хожасини севинтириш умидида, лаззатли таомлар тайёрлайдиган, намози асрни адо қилибоқ, дастурхон тузашга киришадиган, шом азонини эшитгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат дея хурмо ёки зам-зам билан оғиз очиш, намоздан сўнг дастурхондаги ноз неъматлардан баҳраманд бўлиш…

Рамазон…

Кечқурун оталар, ака-ука, ўғиллар таровеҳ намозига шошган, қиз-келинлар, аёллар эртанги саҳарлик учун уларнинг оғзига ёқадиган нарсалар пишириб қўйиш маслаҳатини қилиб, ўшанга уннаб кетадиган, бундан ўзлари ҳам завқланиб, шукрона қиладиган ой…

Ҳа, биз рамазонни ана шундай тасаввур қиламиз, шундай кутиб-кузатамиз. Савобга ҳам аксар ҳолларда саҳарлик-у ифторлик тайёрлаш орқали эришишни умид қиламиз. Сиртдан қараганда бу жуда ажойиб, гўзал ҳолат. Аммо, чуқурроқ ўйланса, ўтганларимиз тарихига назар солинса, бу анчайин аянчли ҳол эканини тушуниш қийин эмас…

Биз бугун рамазоннинг асл моҳиятини унутиб қўйгандекмиз. Афсуслар бўлсинки, бу  ой биз учун яхшироқ еб-ичиш, одатдагидан кўра кўпроқ дам олиш, неъматлардан янада ҳузурланиш ойи бўлиб қолган. Аслида-чи?

Рамазон аслида очлик ила нафсни тарбиялаш, савоблар жамғариш, йил давомида муҳтожликда, оч-наҳор юрган мўмин-мўминалар ҳолини бир ойгина бўлсин, танамизда  ҳис этиш, уларга кўпроқ мурувватли бўлишни ўрганиш ойи эмасмиди? Рамазон саховат, кенгчилик, эҳсон ойи эмасмиди?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда қандай амал  қилар, нималарга эътиборли бўлар эдилар?

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг авжи Рамазонда, Жаброил у зот билан учрашган кезлари бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон чиқиб кетгунича ҳар кеча у зот билан учрашар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашганда, эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар»[1].

У Зот жазирама араб ўлкасида яшадилар, бирор марта кетма-кет уч кун тўйиб таомланмадилар, уйларида кунда икки маҳал қозон қайнамади. Ўзлари дунёнинг лазиз таомларига энг ҳақли бўлганлари ҳолда, энг фақир мўминлар каби ҳаёт кечирдилар. Саҳарлик ва ифторликлари, асосан хурмо ва зам-зам бўлди, топилганда бошқа бирор нарса ер, бўлмаса, шу иккисига қаноат қилар эдилар.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан йўл юрдик. У зот рўзадор эдилар. Қуёш ботгач, «Туш, бизга талқон қориб кел», дедилар. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, сал кеч кирмасинми?» деди. У зот: «Туш, бизга талқон қориб кел», дедилар. У яна: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳали кун ёруғ-ку?!» деди. У зот яна: «Туш, бизга талқон қориб кел», дедилар. У тушиб, талқон қориб келди»[2].

Рамазон – ибодат ойи. Абдурраҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонни зикр қилиб туриб, «Рамазон Аллоҳ рўзани фарз қилган ойдир. Мен мусулмонларга унинг тунларида ибодатда бедор бўлишни суннат қилдим. Ким унинг рўзасини тутса, тунлари ибодатда бедор бўлса, ундан онаси туққан кундагидек гуноҳдан пок бўлиб чиқади», дедилар».

Фирёбий «Қуръон фазилатлари» номли асарида ўз санади билан ривоят қилади:

«Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо Рамазонда тонгдан бошлаб мусҳафдан қироат қилар, қуёш чиққандан кейин ухлар эди».

Абдуллоҳ ибн Ҳабибдан ривоят қилинади:

«Қайрувондан сафарга чиқдим. Мен Вакиъни учратгунимча ҳеч кимни Баҳлул ибн Рошиддан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ деб билмасдим. У (Вакиъ) Рамазонда кечаси битта тўлиқ ва яна қўшимча учдан бир хатм қилар, ўн икки ракъат зуҳо намозини ўқиб, ундан ташқари пешиндан асргача ҳам намоз ўқир эди».[3]

Ҳа, уларнинг рўзалари ана шундай бўлган. Улар Рамазонни шундай эъзозлашар, унинг ҳар дами, лаҳзаларини охиратга сармоя тўплаш ила ўтказишар эди.

Бугун алҳамдулиллаҳ, тўқчилик, фаровонликда яшамоқдамиз, истагимиз муҳайё. Еб-ичиш, кийинишда исрофга ҳеч иккиланмай қўл урамиз, насиҳат қилган биродаримизнинг сўзидан оғриниб, ҳалолдан топганман, деб жавоб берамиз. Тўғри, ҳалолдан топилган молни ейиш савоб, аммо у чегарадан чиқиб, исрофга айланганда, ҳаром бўлади.

Рамазон ҳам руҳнинг ҳам баданнинг парҳез тутиши, моддий-маънавий покланиш ойи. Унда жисмда йил давомида йиғилган ортиқча нарсалар каби, руҳимизни кирлантириб турган нопокликлардан ҳам қутилиш имкони бор. Бунинг учун ниятни соф қилиш, холис ибодатда бўлиш, бошқа ойларда қила олмаган савобли амалларга шошилиш, вақтни ғанимат билиб, ўзни тоатга уриш керак бўлади.

Талабалик йилларимиз маъҳадда ўқув йилининг маълум ойлари маълум фанларга бағишланар, унда ўша фанга кўп эътибор қаратилиб, чуқурроқ маълумотлар берилар эди. Қуръон ойида унга хос илмларни, сийрат ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини, фиқҳ ойида шаръий масалаларни ўрганишга киришиб кетар эдик. Ундан бошқа дарсларга бироз енгилроқ, тўғрироғи одатдагидек ёндашиларди. Худди шундай, рамазон Аллоҳ таолонинг ойи, ҳар сонияси баракот ва ҳасанотларга тўла. Биз бу ойда саҳарлик ва ифторликни маромига етказишни ўйлаш ўрнига, Аллоҳ таолога яхши кўриниш, У Зот рози бўладиган амаллар, ибодатларга ҳарислик қилишимиз лозим эмасми? Таом тайёрлаш ва уни бирин-кетин тартиб билан истеъмол қилишга сарфлайдиган соатларимизни Қуръон ўқиш, толиққанда зикр қилиш, тунларни таҳажжуд ила, саҳарларни дуо-ю муножот ила ўтказсак, руҳимизга шу муносиб озуқа бўлмасмикин? Саҳар чоғи дуолар қилиш, Роббул оламиннинг ҳузурида туриш, муножот қилиш лаззатига нима етсин!

Биз бу ерда рамазон бўлишига қарамай, унинг моҳиятига эътибор ҳам бермай, тўйиб еган овқатларимизни ҳазм қила олмай турган вақтда, Яманда Аллоҳнинг бандалари, Муҳамммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азиз умматлари очлик, йўқчиликдан дарахт баргларини қайнатиб емоқдалар…

Бу сизга ниманидир эслатмадими? Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушриклар зулмидан қочиб, амакилари Абу Толиб бошчилигида қариндошлари билан дарага кетган, улар уч йил қамал чоғида очликдан мажбур бўлиб дарахт баргларини ейишган эди. Ўшанда баъзи ҳамиятли, инсофли мушриклар уларга хайрихоҳ бўлиб, яширинча егуликлар жўнатишар, баъзилари қариндошларига ачинганидан, бошқа мушрикларга жаҳл  ўлароқ, очлик эълон қилишар, норозилик билдиришарди.

Биз-чи? Мусулмон бўла туриб ўз биродарларимиз учун нима қилаяпмиз,  уларга қандай фойдамиз тегмоқда? Камига камол, дардига малҳам бўлиш ҳам қўлимиздан келмаяпти. Юпатиш, кўнглини кўтариш, ҳамдардлик изҳор қилишдан ҳам ожизмиз…

Келинг, ушбу шу рамазон ойини ҳар йилгидан бошқачароқ ўтказамиз.

Синовда турган, очлик билан имтиҳон қилинаётган мўмин-мўминлар ҳурмати, нафсимизни тийган, таомларимизни сезиларли камайтириб, уларга бефарқ эмаслигимизни, улар очликдан барг еб турганда биз ҳам нафсимизни Аллоҳ ризоси учун, мусулмонлик ҳамияти, ҳамдардлик изҳори сифатида бироз жиловлайлик. Буни хўжакўрсинга эмас, виждон амри, Ислом муруввати ўлароқ амалга оширайлик. Ахир Янги Зеландия фожеасидан кейин мусулмонларга дўстона муносабатда бўлган, хайрихоҳлик билдирган насронийлардан ўзимиз миннатдор бўлган эдик, ишларидан кўнглимиз кўтарилганди-ку, наҳот бир тан-у бир жон бўлган динқардошларимиз учун ҳеч бўлмаганда шундай қила олмаймиз?

Қўлимиз билан уларнинг зарарини кеткиза олмаганимизга яраша, тилимизда дуо қилиб, қалбимизда уларга ҳамдард бўлайлик. Саҳарларда, оғиз очиш вақтида, таҳажжуд ва хатми Қуръондан кейин ҳақларига дуо қилиб, Ҳақдан нажот тилайлик.

Зебуннисо Нажмиддинова

[1] “Саҳиҳул Бухорий”  1902 ҳадис

[2] “Саҳиҳул Бухорий”  1956 ҳадис

[3] Ҳасанхон  Яҳё Абдулмажид “Хатми Қуръонга марҳабо!”

79450cookie-checkБУ ЙИЛГИ РАМАЗОН…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: