Саноқли кунлардан сўнг мусулмонлар дилларини хушнуд қилган ҳолда кўк юзида ҳилол кўринади. Ўн бир ой давомида ушбу кунни кутган кўзлар аста намланади. Ахир, Рамазони шариф кириб келди… Бу ой Қуръон хатм қилинадиган, таровеҳ намози ўқиладиган, Аллоҳ розилигини истаб, нафс истакларидан юз ўгириладиган ойдир. Аммо атрофимизда шундай нарсалар борки, агар ғафлатда қолсак, бу уддабурон “ўғрилар” Рамазон ойини зое кетказишимизга сабаб бўлади:
- Телевизор. Бу Рамазоннинг энг хавфли “ўғри”ларидан бўлиб, ундаги беҳуда кўрсатувлар, филмлар инсоннинг кўп вақтини олади. Мўмин киши вақтини ўзи ва инсонлар учун манфаатли бўлган ишларга сарф этиши зарурдир. Бундай дастурларнинг ўрнига китоб мутолаа қилиш фойдали саналади. Аллоҳ таоло мўмин бандаларни Ўз каломида шундай васфлайди: “Улар беҳуда – фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгиргувчи кишилардир” (Муъминун сураси, 3). Телевизорда мусиқалар эшитиш эса қалбни Аллоҳ зикридан узоқлаштиради. Рамазон эса унда Аллоҳнинг зикри кўпайтирилиши лозим ойдир, зеро бу ойда қилинган бир зикр бошқа ойларда қилинган зикрларданда кўп савобга эриштиради. Лекин агар бу теледастурлар ва мусиқалар ҳаёсизлик, шаҳвонийликни тарғиб этадиган бўлса, у ҳолда уни томоша қилиш ҳукми шубҳасиз ҳаромдир. Аллоҳ таоло Исро сурасида шундай дейди: “Зинога яқинлашманглар! Чунки (бу) бузуқликдир – энг ёмон йўлдир” (16-оят). Аммо телевизорда диний-маърифий, ахлоқий, шаръий қонун-қоидаларга мувофиқ келувчи дастурлар намойиш этилса, унда уни томоша қилишда зарар йўқ.
- Бозор. Ҳадиси шарифлардан маълумки, бозор Аллоҳ таоло Ер юзида энг ёмон кўрган маконлардандир. Муборак Рамазон ойини кун бўйи Аллоҳга маҳбуб бўлмаган ерда ўтказиш – Рамазонни зое кетказиш демакдир. Негаки, хоҳлаймизми йўқми, бозорлар алдов, тарозидан уриб қолиш, молни таҳқирлаш, ғийбат, уруш ва жанжаллардан холи бўлмайди. Бундан ташқари аёллар эркак сотувчилар билан, эркаклар аёл сотувчилар билан мулоқотга киришга мажбур бўладилар. Бу ҳолатда кўпинча уларнинг суҳбати шариат доирасидан чиқиб кетишига шубҳа йўқ. Рўзадор маънавий жиҳатдан рўзасининг комил бўлиши учун, вақтини бозорларда зое этмаслик учун Рамазондан бироз аввал имкони етганича бир ойга кифоя қилувчи масаллиқларни, кийим-кечак ва бошқа керакли нарсаларни сотиб олгани мақсадга мувофиқ, уламолар тавсия этган амалдир.
- Ошхона. Шубҳа йўқки, Рамазон келди дегунча аёлларнинг асосий ўрни ошхонада бўлади. Саҳарликдан кейин то қуёш ботгунча ифторлик учун таом тайёрласалар, ифторлик қилгач, саҳарликка таом ҳозирлашга киришадилар. Лекин Рамазон бир ойгина фурсат. Ундаги ибодатлар қилиш фақат эркаклар учунгина эмас, аёллар учун ҳам бирдек жорий бўлган. Аёллар вақтларини кўпроқ намоз, Қуръон қироати, дуо ва зикрлар билан ўтказсалар, ана ўшаларнинг ажри зиёда бўлади. Бир лаҳзалик вақт ичида оғиздан ўтувчи таомлар учун соатлаб меҳнат қилиш бу муборак ойга хос амал эмас. Аёллар Рамазондаги ифторлик ва саҳарликни ҳисобини олиб, бу ой киришидан аввал яримтайёр маҳсулотлар тайёрлаб қўйсалар, кўп вақтларини ибодат билан ўтказишга имконият бўлади. Яна шу ўринда қадрли эркаклар, қайнона ва қайноталар ҳам шу жиҳатни ҳисобга олиб, аёлларга ошхона ишларида енгиллик яратсалар, инсоф ва диёнат жиҳатидан маъқул иш бўлади.
- Уйқу. Шундай инсонлар борки, улар рўзани эрталабдан кечгача фақат оч юриш деб фикр юритадилар. Рамазон дуо қилиш, зикр қилиш, нафл намозларини кўпайтириш ва кўплаб савобларга эришиш имконияти эканини билмайдилар. Куннинг кўп қисмини уйқу билан ўтказадилар. Аммо рўзада қанча қийинчилик оз бўлса, унинг савоби ҳам шунга яраша бўлади. Шу боис инсон кун давомида уйқудан ташқари илм олиш, нафл ибодатлар, меҳнат билан инсонларга наф бериш, ҳалол ризқ топиш каби ишлар билан ҳам машғул бўлиши лозим.
- Аллоҳ зикри бўлмайдиган суҳбатлар. Аллоҳ зикр этиладиган мажлисларнинг савоби улуғдир. Агар унда яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарилса, Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар маънолари шарҳланиб, гўзал мавъизалар қилинса, у ерда фаришталар ҳозир бўлиши ривоят қилинган. Агар мажлис бундай мақсадда ташкил этилмаса, турли бекорчи гаплар, беҳуда сўзлар айтилар экан, у ҳолда бу рўзадорнинг дуо ижобати муқаррар вақтини ўғирловчи мажлис бўлади.
Аммо бордию бу суҳбатлар ғийбат, туҳмат, масхаралаш каби қайтарилган ишлар асосида бўлса, у ҳолда бу ерда ўтириш ҳаромдир. Зеро Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 12-оятида айтганидек: “(Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир”.
- Аммо яна шундай бир ўғри борки, у юқорида санаб ўтилган ўғриларданда хавфлидир. У ўзининг фойдали жиҳатлари билан инсон кўзига яхши кўринади. Аста-секин зарарли тарафларини намоён қилганида эса, кеч бўлади. Инсон уни ўз яқинидек кўриб, ундан воз кечолмайдиган даражага етган бўлади. Ана шу моҳир ўғри ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР ва МЕССЕНЖЕРЛАРДИР. Хоҳ у Whats’app бўлсин, хоҳ Telegram бўлсин, хоҳ Facebook ёки Instagram – агар инсонни солиҳ амаллардан четлатса, бекорчи нарсаларга одат қилдирса ундан узоқлашиши зарур. Ҳақиқат соҳиби бўлган Зот Ўзининг ҳақ каломида шундай дейди: “Албатта қулоқ, кўз ва дил – ана ўшалар масъулдирлар” (Исро сураси, 36). Аммо агар ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерлар орқали илм олса, солиҳлар билан дўстлашса, шариат доирасида муомала бўлса, манфаатли ҳикояларни ўқиса, у ҳолда яхши ният ва ихлос билан бу ҳам бир ибодат саналади. Лекин Қуръон қироати ва Аллоҳ зикри ундан афзал эканлигини унутмаслик зарур.
Кундалик ҳаётимизда бирор супермаркет ёки катта дўконларда, бирор корхоналарда акциялар (чегирмалар) эълон қилиниб, нархлар арзонлаштирилса, дархол ўша ерга шошиламиз. Қўлларимизни чегирмали маҳсулотларга тўлдирамиз, саноғига эътибор бермаймиз, ахир арзонда! Ана ўша чегирмага етишиш учун, нарсаларни бироз бўлсада арзон олиш учун кўплаб ишларимиздан воз кеча оламиз. Рамазон ҳам ана шундай акциялар, яъни чегирмалар ойи. Аллоҳ таоло бизнинг оз ибодатларимизга улкан-улкан савобларни, дуоларимиз мустажоб бўлишини ваъда қилган. Фикримизни, ўйларимизни, қалбимизни ана шундай Рамазон ибодатларидан чалғитувчи нарсалар ва амаллардан йироқ қилишга ҳаракат қилайлик. Аллоҳ барчамизни Рамазонни бенуқсон ва мукаммал ҳолда кутиб олиш ва кузатишга муваффақ қилсин!
1-курс талабаси
Рокия Юсуфий