(Давоми)
Одам тафтин одам олади…
Агар оилам ва яқинларим ёнимда бўлишмаганида ушбу залворли зарбадан халос бўлишим анчайин қийин кечарди, деб ўйлаб қоламан баъзида. Турмуш ўртоғимнинг тоғдек елкасига бошимни қўйиб йиғлаганимда, бу Aллоҳнинг синови эканлигини ва биз сабрли бўлишимиз ҳамда мусибатимизни тақдирдан деб қабул қилишимиз кераклигини мудом эслатар, тасалли берар ва ҳайтимга қувонч бағишлаш учун ўзини турли кўйларга солиб, вазиятдан чиқариб юборарди. Онам ва қайнонам ҳам бор имконлари билан доим ёнимда, ёрдамимда эдилар. Овқат пиширишди, тозалашди, ювишди, хуллас, бир сўз билан айтганда, “қўлимни совуқ сувга уришимга” йўл қўйишмади. Дугоналарим ўқишимга қарашишди, ўқитувчиларимга вазиятни тушунтиришди. Бундай қўллаб-қувватлайдиганларим борлигидан бошим осмонга етди, тўғриси. Сиз ҳам яқинларингиз ёнингизда бўлиши, жонингизга оро кириши учун ҳаракат қилинг, имкон беринг, улардан ёрдам сўраш, кўмак олишдан чўчиманг, уялманг, асло хижолат бўлманг! Дардингизни фақат сизни ҳар томонлама тушунадиган яқинларингиз билан баҳам кўринг, бўлишинг, аритинг … зеро, севганларингиз доимо қувончли кунларда эмас, қайғули дамларингизда ҳам асқотишади.
Парчалансин занжирлар!
Ўзингизни бўш қўйиш учун имкон беринг. Мазкур қайғули кунларимда мен учун одатий ҳаётимдан бир муддат чекиниш жуда муҳим эди. Ўқишимдагиларни бир муддат дарсларни қолдиришим ҳақида огоҳлантирдим, ишхонамдагиларга вақтинча бормаслигимни айтдим. Менга нафақат жисмонан, балки руҳан ҳам тикланиш учун бир оз муҳлат, танаффус зарур эди. Одамларни кўриш, уларнинг соғлиғим ҳақидаги саволларига жавоб бериш ёки ётоғимдан ташқари чиқиб, туғилмасдан марҳум бўлган боламни эслатадиган бирор нарсани кўришга тайёр эмасдим. Менга тикланиб олишим учун вақт керак эди. Aгар бунинг учун сизга вақт керак бўлса, буни асло ожизлик деб ўйламанг. Дарҳақиқат, сизнинг жуда табиий ҳаққингиз.
Ўзингизни тайёр деб билмагунча жамоат жойида кўринманг. Aфсуски, мен бунга аламли тажрибамда амин бўлдим. Муолажадан бир ҳафта ўтгач, унаштириш маросимига боришга мажбур бўлиб қолдим. Лекин ростдан ҳам кийиниш-безаниш ва одамлар орасида бўлишни истамасдим. Аммо шундай бўлиб қолди, чунки бу оилавий муносабатлар билан боғлиқ масала эди-да. Албатта, кутилганидек болам ва мусибатим ҳақидаги саволларга дуч келдим. То турмуш ўртоғимдан мени бу ердан олиб кетишини сўрагунимча, ҳўнграб юбормасликка астойдил ҳаракат қилдим. Бундай қувончли тадбирда йиғилган одамларнинг юзларига қараб ўтириш – менинг кучим етадиган ҳолат эмасди. Ахир бошимга тушган ташвишдан ҳеч қанча вақт ўтмаган, қалбимдаги яра ҳам яп-янги эди ҳали.
(Давоми бор…)
Нигора УСМОНОВА,
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси
Нилуфар КАБУЛОВА,
репродуктолог, гинеколог, нутрицолог






