islom-instituti@mail.ru         71-227-42-37

ЎЗБЕКИСТОНЛИК УЛАМОЛАРНИНГ ЖАЗОИРДАГИ ХАЛҚАРО АНЖУМАНГА ТАШРИФИ

Жазоир Халқ Демократик Республикасидаги Ислом илмлари ва цивилизациясини тадқиқ қилиш марказида XII халқаро маданий фестивали ҳамда унинг доирасида халқаро илмий симпозиум бўлиб ўтди.

Мазкур анжуманда 20 дан ортиқ давлатдан 200 га яқин олим, тадқиқотчи ва маданият арбоблари иштирок этди. Халқаро форумда Ўзбекистон делегациясидан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси доценти, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Ҳикматулла Абиев, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, илмий ходимлар Шукрулло Умаров ва Саъдуллохон Бобохўжаев ҳамда “Ҳилол-нашр” матбаа нашриёти директор ўринбосари Одинахон Муҳаммад Содиқлар иштирок этдилар.

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ушбу тадбирнинг очилишида табрик сўзи билан қатнашиб, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган улкан ўзгаришларни бутун дунёдан келган Ислом олами уламолари ва диний вакилларига етказдилар. Тадбирда қатнашган барча иштирокчилар Ватанимизда бўлаётган ўзгаришларга жуда катта қизиқиш билдирдилар. Хусусан, яқинда очилган Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюриб, зиёрат қилиш ниятлари борлигини таъкидлашди. Бундай катта ва нуфузли тадбирда юртимиз номидан уламоларимиз қатнашиб, маърузалар ўқишлари инсонга ғурур бағишлайди.

Халқаро анжуманнинг ялпи мажлисида Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий “Ислом динида тинчлик ва хотиржамлик” мавзусида маъруза қилди. Унда Ислом динида тинчлик ва хотиржамликнинг нақадар улуғ қадрият экани баён қилинди. Шунингдек, Ислом дини инсон, жамият ва ҳатто ҳайвонларга ҳам раҳм-шафқат билан муносабатда бўлишни буюриши мисоллар билан тушунтирилди. Ислом зўравонлик ва адоват дини эмас, балки тинчлик, муҳаббат ва хотиржамлик дини эканига урғу берилди. Бугунги нотинч дунёда инсонлар бир-бирига меҳр-оқибатли, бағрикенг ва хушмуомала бўлиши, мулойимлик ва раҳмдиллик билан қалблар ўзаро улфат бўлиши алоҳида таъкидланди ҳамда нутқ сўнгида Аллоҳ таолодан бутун инсониятга тинчлик ва омонлик сўраб, хайрли дуолар қилинди.

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий сафар давомида Жазоир ва Умумафрика бўйича Қодирия тариқати шайхи Шайх Ҳасан Ҳассоний ҳамда Жазоир Олий Исломий кенгаши раиси Шайх Мабрук Зайдул Хойр билан ҳам учрашди.

Юксак илмий савияда ўтган анжуман сессиялари қизғин илмий мунозаралар, савол-жавоблар ва маънавий мулоқотларга бой тарзда ўтди.

463780cookie-checkЎЗБЕКИСТОНЛИК УЛАМОЛАРНИНГ ЖАЗОИРДАГИ ХАЛҚАРО АНЖУМАНГА ТАШРИФИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: