Диний маърифат азалдан жамиятимизда маънавий-ахлоқий тарбиянинг муҳим қисми бўлиб келган. Бугунги глобаллашув даврида аҳоли, айниқса, ёшларни турли бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш, миллий-диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавиятимизни юксалтириш, айни пайтда жаҳон илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган, халқимизни маърифатга бошлаган буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарғона вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ислом ҳуқуқи мактаби ташкил этилди. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 15 июнь куни Тошкентда “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида ўтказилган анжуманда сўзлаган маърузасида бу масалага устувор аҳамият қаратдилар. Ислом маданиятига, умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослаштирилган Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этиш ҳақидаги ташаббусни барча катта мамнуният билан кутиб олди. – Таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилларидан бўлиб, инсонларни эзгуликка даъват этади, саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди, – дейди Ислом ҳуқуқи мактаби раҳбари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили Т.Эрбўтаев. – Буюк боболаримизнинг бой меросини ўрганиш ва уни кенг тарғиб этиш биз, диний уламолар, имом-хатиблар зиммасига улкан масъулият юклайди. Янги иш бошлаган мазкур Ислом ҳуқуқи мактабида вилоятимиздаги имом-хатиблар, ноибларга Бурҳониддин Марғиноний каби алломаларимизнинг асарлари чуқур ўргатилади. Мактабда тингловчилар учун барча шароит яратилган. muslim.uz 416
Ҳар биримиз атроф-муҳитга меъёрий муносабатда бўлсак, табиат инсонга хизмат қилади. Биз табиатга: сув, тупроқ, ҳаво қатламларига ва бошқа ҳаётий заруратларга эҳтиёж юзасидан муомала кўрсатсак, турмушимиз ҳам шунга яраша хотиржамлик ва фаровонликда давом этади. Атрофимиздаги жонли ва жонсиз жисмнинг ҳеч бири боқий эмас. Кўзимизга ҳеч қачон тугамайдигандек кўринган ер ости ва ер усти хазиналарининг чекланмаганини бугунги кунда йўқолиб бораётган ўсимликлар, жониворлар, тугаб бораётган фойдали қазилма конлари мисолида кўришимиз мумкин. Борлиқдаги ҳар бир махлуқотни Аллоҳ таоло фазли карами ва ҳикмати билан яратди: «Ахир улар туянинг қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига, тоғларнинг қандай тикланганига ва ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига (ибрат назари билан) боқмайдиларми?!» (Ғошия сураси, 17-20 оятлар). Ушбу ояти карима замирида Аллоҳ таоло яратган ҳар бир неъматни тафаккур қилиш, уларга шукр қилиш маъноси мужассамлашган. Ер юзида атроф-муҳитнинг кескин бузилиши бугуннинг энг долзарб муаммоларидан биридир. Табиатга шафқатсиз муносабатда бўлиш жониворлар ва ўсимликлар дунёсининг қирилиб битишига сабаб бўлмоқда. Биосферани турли чиқиндилар билан заҳарлаш натижасида инсон ўз ҳаётига болта урмоқда. Сувга ахлат ташлаш, чиқинди ва хазонларни ёқиш, жониворларни ноқонуний овлаш, ўрмонларни тартибсиз кесиш оқибатида юзага келган экологик муаммолар давримизнинг глобал муаммосига айланди. Инсон Аллоҳ таоло ато қилган ақл, билим ва тафаккурни ишга солиб бу муаммоларнинг олдини олмас экан, ўзини ва келажагини боши берк кўчага олиб кириб қўйиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, келажак авлодга биздан қақраган чўл эмас, обод манзиллар қолиши даркор. Ҳар бир киши Аллоҳ таолонинг розилигини истаб ҳаракат қилса шунга яраша ажр олади. Тураржойларимизни, кўча-кўйларимизни покиза сақлашимиз, ободонлаштиришимиз, жонли табиатга, ўсимликлар оламига нисбатан ижобий муносабатда бўлишимизда ҳам Аллоҳнинг розилигини топишга интилиш бўлиши даркор. Шунда хайрли амалларимиз туфайли жамият равнақ топиб, охиратда нажотга муяссар бўлишимиз, шубҳасиз. Ҳозир айни куз фасли эканини ҳисобга олсак, хазонларни бартараф қилишнинг бир қанча йўллари бўла туриб, уни ёқиб ўзи ва атрофдагиларни заҳарлашига жим қараб туриш табиатга нисбатан ноҳақлик. Чунки бошқаларга зиёни тегадиган амални бамайлихотир бажариш, инсон хулқининг яхши эмаслигига далил бўлади. Шундай экан, жамиятга нисбатан ҳам, табиатга нисбатан ҳам ижобий муносабатда бўлишимизни насиб этсин. Исомиддин МУҲИДДИНОВ, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги “Олтинобод” жоме масжиди имом-хатиби (muslim.uz) 296