islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Fevral 5, 2018

Day

Ўзбекистоннинг Ислом оламида тутган ўрни

Жорий йилнинг 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Патруль-пост хизмати ва жамоа тартибини сақлаш Бош бошқармасининг шахсий таркиби учун ташкил этилган “Маърифат ва сиёсий ўқиш” курсида “Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими” бошлиғи Ў.Собиров ўзининг “Ўзбекистоннинг замонавий ислом оламидаги ўрни” мавзусидаги маърузаси билан иштирок этди. Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда маънавий-маърифий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва самарадорлигини ошириш, миллий ва диний қадриятларни эъзозлаш ва улардан жамият тараққиёти, ёшлар тарбияси йўлида оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 2017 йилда юртимизда диний-маърифий соҳада оламшумул ишлар амалга оширилди ва бу изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Самарқандда “Ҳадис” ва “Калом” илмий мактаблари ташкил этилгани, айниқса, Президентимиз ташаббуси билан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётгани, ушбу марказ қошида Ислом академияси очилиши, ислом ўқув муассасаларига қабулнинг кўпайтирилиши нафақат юртимиз, балки ислом оламида ҳам муҳим воқеа бўлди. Қолаверса Ўзбекистоннинг қадим ва навқирон Бухоро шаҳри 2020 йилда ислом маданияти пойтахти дея эътироф этилилиши, мамлакатимизда ислом дини ривожи учун олиб борилаётган улкан ислохотларнинг бир қисми бўлди холос. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг бир қатор нуфузли халқаро анжуманларда қилган маърузалари ҳам жаҳон миқёсида кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитидаги маърузаларида диний жаҳолат, халқаро терроризмнинг илдизлари, дунё хамжамиятини ташвишга солаётган муаммо ва уларни бартараф этиш йўллари хусусида аниқ таклифлар ўртага ташланди. Айниқса, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш тўғрисидаги таклифи умумжаҳон келажагига дахлдорлиги билан муҳим аҳамият касб этди. Юртимизда ислом дини ривожи учун қўйилган яна бир қадам жорий йил Президентимиз ташаббус­лари билан юртимизда биринчи марта «Қуръони карим мусобақаси – 2018» марказлаштирилган ҳолда ташкил этилганлигидир. Қолаверса, 2018 йилги Давлат дастурида мамлакатимизда илк бора I халқаро Қуръони карим фестивали ўтказилиши кўзда тутилгани юртимизнинг халқаро майдондаги, хусусан, ислом оламидаги нуфузининг ортишида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Ўзбекистоннинг ислом оламида тутган ўрни унинг ислом илмлари ривожига  қўшган улкан ҳиссаси билан белгиланади. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.Собиров 238

Таомланиш билан боғлиқ суннатлар (Шеър)

Бисмиллаҳ, деб тутдим қалам, Сенга ҳамдлар Парвардигор. Раҳим қилгин, эй меҳрибон, Ҳам кечиргин Ғофур, Ғаффор.   Ғамга чўкса, жами олам, Бизни ёлғиз ташламагил. Пок суннатни қилгин ато, Ул Набийга уммат қилгил.   Унда экан бор камолот, Хулқи азим, йўли нажот. Дунёдаги жами одам, Ундан олар кўмак, ёрдам.   Биз умматлар ўзни билсак, Ана шудир тўкис омад. Қай суннатни қилсак жорий Етар бизга чин манфаат.   Мен ҳам сенга айлай баён, Ул Набийнинг суннатини. Таомга қўл чўзар бўлсанг, Қил Набийнинг одатини.   Не бор асли, айтгин менга Ҳақ исми-ла бошланмаган. Таом емоқдан илгари “Бисмиллаҳ”ни айтсин забон.   Жаҳрий айтгин тасмияни, Огоҳлик кут ҳар бандадан. Гар унитсанг охирги дам Илова қил сўнг қайтадан.   Қўлингни юв аввал-охир, Кўп барака ҳам шундадир. Ювмай ётиб етса заҳмат Ўша банда тушкундадир.   Ибодатинг бўлгай тугал Таомингда бўлса меъёр. Сенга хушуъ қилур таъзим Хайр ҳамда тақво дастёр.   Балки кўпдир этга рағбат, Ема кўпам қўйнинг гўштин. Ҳар кун есанг тошар қувват, Сал пасайтир нафснинг шаштин.   “Ла тусрифу”, демиш Раззоқ Итоатда бўлдинг банда. Энди қилма таом исроф Йўқсилга бер ортса танга.   Агарки қўл бўлса бисёр Ҳар таомнинг устидаги. Сенга раҳмат ҳам ёғилгай Қут-барака қасдидаги.   Кўкатни е, унда оқсил, Краҳмалдан куч пайдодир. Угьлеводга бойдир таом, Қонинг равон тез дарёдир.   Тақво аҳли сенга мадад, Гар таомда жам бўлишса. Улар бойлик туганмас кон Сўзи тилло, кам дейишса.   Иссиқ таом жиғилдонни Ҳам куйдирар ошқозонни. Сал совитиб емоқ лозим Қайнатмасин қизил қонни.   Пашша тушса, қайғурмагин Бир ботириб сўнгра олгин. Бир қанотда дарди бўлса Бошқасида шифо олтин.   Ҳар бир ишни ўнгдан бажар Расулуллоҳ қилганидек. Ўнг қўл билан е дўстгинам, Чапдан ема шайтон, жиндек.   Ким не емоқда, боқмагин Улар  бўлмасин хижолат. Одоб эрур кўзни тиймоқ Қийин, лекин зўр ибодат.   Қолма чақирган жойлардан Ҳурматингдур бу мезбонга. Ўз олдидан еганида Озор етмас ҳеч меҳмонга.   Олимлару улуғлардан Аввал ким ҳам айтарди сўз? Таомни ҳам бошлаганда Улардан сўнг қўлингни чўз.   Йўл бу ҳамма ўтар жойдир, Бири мискин, бири бойдир. Йўлда есанг агар таом Назар солар сенга авом.   Қут-барака етар сенга Ема овқат ўртасидан. Тик туриб ҳам ема таом Тайёр бўлсин ожиз бадан.   Ҳам пиёзу саримсоқни Пишириб е, ҳазмий таом. Дуо қилинг соҳибини Яхшидир хўп эзгу калом.   Аллоҳ саломлар йўлласин Ул азиз Ҳақ Набийсига. Суннатлари жорий халққа Далил бўлмиш ваҳийсига.   Аё уммат, қилсанг ҳиммат, Бу суннатлар сенга бахтдир. Таом танга қувват бўлса, Суннат жаннат учун нақддир. Ахборот ва техник таъминот бўлими бошлиғи Т.Азимов 315

Умра-2018: фидоий ходимларимиз “Қирол меҳмони” бўлдилар

4 февраль куни Саудия Арабистонида умра зиёратида бўлиб турган зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳлари Макка шаҳрига етиб боришди. Бу ҳақда ЎМИнинг расмий сайти хабар бермоқда. Зиёратчилар меҳмонхонага жойлашгандан сўнг Масжиди Ҳарамдаги Байтуллоҳни тавоф қилиб, Сафо ва Марва орасида саъй ҳамда соч қисқартириш амалларини ҳам бажариб олишди. Бу мавсум давомида зиёратчиларга Саудия Арабистонида 12 нафар ишчи гуруҳи, 12 нафар ошпаз ва 21 нафар шифокорлар гуруҳи хизмат кўрсатади. Ўн кунлик умра сафари давомида зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида 3 кун бўлиб, “Масатул Бустан” меҳмонхонасида истиқомат қилишади. Макка шаҳрида эса “Аброжул Кисва” меҳмонхонасида 7 кун давомида бўладилар. 31 январь куни эса, Тошкент ислом институтининг бир нечта ўқитувчи ва ходимлари “Қирол меҳмонлари” сифатида умра зиёратини адо қилиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетган эди.  “Зуйуфул Малик” – “Қирол меҳмонлари” ҳар йилги ҳаж ва умра мавсуми мобайнида Саудия Арабистони қироли томонидан дунёнинг турли давлатларидан таклиф этиладиган зиёратчилар ҳисобланади. Бу йил “Қирол меҳмонлари” сифатида институтимиздан 4 нафар ўқитувчи ва ходимлар, И.Аҳроров, А.Тошпўлатов, Б.Нурмуҳаммедов ва А. Мухторов умра ибодатини адо қилмоқдалар. “Қирол меҳмонлари” умра зиёратидан ташқари Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамадаги муборак масканларга ташриф буюришади ва эътиборли шахслар билан учрашадилар. Ҳозиргача зиёратчилар, Бақиъ қабристони, Қирол Фаҳд ибн Абдулазиз номидаги Қуръони карим нашриётида бўлишди. Эътиборли жиҳати, институтда узоқ йиллардан буён қоровул вазифасида меҳнат қилиб келаётган 2 нафар ходим, Баҳодир Нурмуҳаммедов ва Аббос Мухторов ҳам бу йилги умра зиёратида “Қирол меҳмони” бўлишиб, юксак эҳтиром ва эътиборга муяссар бўлишди. Администратор 267