islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Aprel 27, 2018

Day

“Олий мукофот” соҳиби йўлга чиқди: ғолиб Қорақалпоғистонда қандай кутиб олинади?

Бугун 27 апрель куни “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018”нинг “Олий мукофот” соҳиби Тошкент ислом институти 3-курс талабаси Йўлдошбой қори Нуриддинов оталари ва Қуръони карим устозлари, институт ўқитувчилари Жаҳонгир қори Неъматов, Аҳмаджон қори Рашидов ҳамда курс раҳбари Абдулҳаким домла Олимов ҳамроҳлигида Президент совғаси – “Ласетти” автомашинасида Қорақалпоғистонга қараб йўлга чиқди. Маълумотларга кўра, Йўлдош қорининг ғолиблик хабари эълон қилинган кундан буён Қорақалпоғистонда, хусусан Хўжайли тумани Кенагас қишлоғида хурсандчилик ва ғолибни кутиб олиш учун катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. 25 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўтказилган видеоселектрда нутқ сўзлаган диний идоранинг Қорақалпоғистондаги вакили Шамсиддин домланинг айтишича, ғолибни муносиб кутиб олиш бўйича вакиллик ва  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси билан биргаликда ҳудудда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Йўлдошбой вояга етган камтарона уйнинг том қисми ҳам йўқ бўлиб, ҳозирда хонадон ва унга туташ барча уйларнинг том қисми Хўжайли тумани мутасадди ташкилотлари кўмагида шифирланмоқда. Уй ва кўча деворлари бир хил рангга бўялиб, кўчаларга асфальт ётқизилмоқда. Шунингдек, қорининг ташрифи сабаб у яшайдиган маҳаллага ичимлик суви тортиб келинди ва газ муаммолари ҳал этилди. Албатта, ушбу ишларнинг барчаси Муқаддас Қуръоннинг баракасидир. Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 5 январь куни Тошкент вилоятида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқларида “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”, деб айтганидек юртимизнинг ҳар бир вилоятига, туманларига, қишлоқ-овулларига ва хонадонларига Қуръоннинг нури, баракаси келди! 544

Халқаро Пресс-клубда диний-маърифий соҳа бўйича қандай масалалар муҳокама қилинди?

Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолаган эди. 26 апрель куни ўтказилган Халқаро Пресс-клуб анжуманининг навбатдаги мавзуси ана шу фармоннинг мазмун-моҳияти нималардан иборат эканлигига бағишланди. Телекўрсатувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, мутфий У.Алимов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ж.Акрамов, қўмита ўринбосари Н.Абулҳасан, Ислом цивилизацияси раҳбари Ш.Минаваров, Халқаро ислом академияси ректори Н.Иброҳимов, диний таълим муассасалари раҳбар-ходимлари, ўқитувчилари, талабалари, “Маҳалла” ва “Нуроний” жамоат фондларидан вакиллар иштирок этди. Анжуманда, Фармонда амалга оширилиши назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази, Ўзбекистон ислом академияси ва Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, унинг таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази ва “Зиё” медиа маркази, олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактаби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилиши сингари вазифалар юзасидан тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари маълумот бердилар. Айниқса, фармонда кўзда тутилган диний-маърифий соҳа ходимларини рағбатлантириш, уларга текин ёки хизмат уй-жойлари ажратилиши каби мавзулар қизғин муҳокама қилинди. Мазкур телекўрсатувда Тошкент ислом институти ўқитувчи-ходимлари ва талабаларидан иборат вакиллар ҳам иштирок этдилар. Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ж.Мелиқўзиев Фармонда кўзда тутилган масалаларнинг қисқача мазмун-моҳияти тўғрсида сўзлади. Шунингдек, анжуман бошловчиси Ш.Қўдратхўжаев “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018”нинг финал босқичи ғолиби Ислом институти 3-курс талабаси Йўлдош қори Нуриддиновга сўз бериб, кўрик-танлов ҳақида маълумот беришини сўради. Тадбир давомида мутасаддилар ОАВ мухбирлари саволларига ҳам жавоб бердилар. Ушбу савол-жавоблар асносида диний таълим муассасалар қошида Қуръон каримни ўқишни ўргатувчи курслар ташкил этилиши тўғрисида ҳам маълумотлар берилди. Эслатиб ўтамиз, Халқаро Пресс-клуб ва “Зиё” медиа маркази ўртасида имзоланган меморандумга кўра кўрсатувнинг ушбу сони ҳамкорликда тайёрланди. 326