islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Dekabr 11, 2018

Day

Муфтий ҳазрат халқаро форумда маъруза қилди

Париж шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро мусулмонлар форумида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маъруза билан иштирок этдилар, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Муфтий ҳазратлари бугунги глобаллашув жараёнлари ўзининг салбий жиҳатларини ҳам намоён этаётгани, айниқса, ахборот хуружи ёш авлодга кучли таъсир этаётгани, ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ўсиб бораётгани ва буларга қарши ўз вақтида чора-тадбирлар қўллаш зарурлигини алоҳида қайд этдилар. Бундай муаммоларни бартараф этишда, энг аввало, келажак авлодни дину диёнатли, имон-эътиқодли, савоб ва гуноҳни фарқлайдиган қилиб тарбиялаш, бу борада уламолар, дин пешволари, таълим-тарбия ишига мутасадди бўлган ҳар бир кишининг олдида турган долзарб вазифларни муфтий ҳазратлари таъкидладилар. Дунёнинг кўп минтақаларида мусулмонлардан ҳадиксираш, исломофобия ҳолатлари кузатилаётганининг энг асосий сабабларидан бири Ислом динининг асл моҳиятидан бехабарлик эканини очиқладилар. Муфтий ҳазратлари ҳозирги мураккаб даврда айрим кучлар мусулмонлар ўртасида тарафкашлик келтириб чиқаришга уринаётган шундай паллада бундай қарашларга имкон бермаслик, кескин қарши курашиш учун мўмин-мусулмонлар ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашлари зарурлигини атрофлича баён этдилар. 117

Шайх Равиль Гайнутдиннинг Ўзбекистон ҳақидаги эътирофлари

Мўмин-мусулмонларнинг жуда кўп қисми, шу жумладан, россиялик мусулмонлар учун Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари асрлар давомида ислом илмларининг ўчоғи бўлиб келган. Бу ҳақда Россия мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнутдин жаноблари Париж шаҳрида бошланган “Ислом ва глобаллашув муаммолари” мавзусидаги XIV халқаро мусулмон форумида алоҳида таъкидлади. Шайх Равил Гайнутдиннинг сўзларига кўра, 2018 йилги ушбу анжуман доирасида мусулмон тамаддунининг бир неча буюк мутафаккирлари номлари улуғланади. Шайх мана шундай мўътабар зотлар қаторида таваллудининг 700 йиллиги нишонланаётган Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ва таваллудининг 400 йиллиги нишонлаётган Бобурийлар сулоласининг вакили Султон Муҳаммад Аврангзеб Баҳодирни алоҳида қайд этиб ўтди. Шунингдек, у қуйидаги сўзларни баён этди: – Ушбу юбилей саналарига ҳамоҳанг равишда мазкур анжуман иштирокчиларининг жўғрофий уйғунлашувида ҳам жуда катта рамзий маъно-мазмун бор. Бугун “Чишти” жамғармаси раиси Саид Салмон Чишти ушбу йиғинда иштирок этмоқда. Мазкур тариқат асосчиси – Шайх Муйниддин Чишти ҳазратлари билимларининг кўп қисмини Бухоро, ҳозирги Ўзбекистон заминида олган. Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам бугун бизнинг орамизда файз бағишлаб ўтирибдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси бугунги кунда кўп асрлар давомида Ўзбекистон заминида тўпланган улкан диний меросни қайта тиклаш йўлида жуда катта ишларни амалга оширмоқда. Мусулмон жамоаларнинг жуда катта қисми, шу жумладан россиялик мусулмонлар учун ҳам Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарлар асрлар давомида ислом билимларининг ўчоғи бўлганини эътироф этамиз”, дея ўз сўзларини якунлади Россия мусулмонлари раҳбари Шайх Равил Гайнутдин жаноблари. 148

Имом-хатиблар ва отинойилар учун малака ошириш ўқувлари бошланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан жорий йилнинг 11-декабрь кунидан бошлаб Андижон вилоятида фаолият кўрсатиб келаётган масжид имом-хатиблари ва отинойилари учун олти кунлик малака ошириш ўқувлари бошланди, деб хабар берди ЎМИнинг Андижон вилоят вакиллиги. Малака ошириш ўқувларига қатнашаётган 1-давра тингловчиларига Андижон қурилиш ва транспорт коллежида дарслар ташкил қилинди. Малака ошириш ўқувларида Ўзбекистон халқаро ислом академияси Магистратура бўлими бошлиғи М.Муҳаммадсиддиқов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ходими Б.Аҳмедов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти А.Исматуллаев, Андижон давлат университети катта ўқитувчиси З.Хаитматов, “Саййид Муҳйиддин маҳдум” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчилари С.Сайдаралиев ва Н.Тўрабоевлар дарс беришлари учун жалб қилинди. Малака ошириш ўқувлари Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ишлаб чиқилган махсус режа ва ўқув дастур асосида ташкил қилинаётган бўлиб, ҳар куни тингловчилар учун 5 жуфтлик (пара)дан дарслар ўтказилмоқда. Малака оширишнинг дастлабки кунида тингловчилар учун маърузачилар томонидан “Ҳаракатлар стратегияси ва диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун моҳияти”, “Замонавий мусулмон жамияти ва ислом омили”, “Марказий Осиёда ёзилган тафсирлар ва уларнинг қўлёзма нусхалари”, “Жамоат намозининг бузулишига сабаб бўладиган қироатдаги хатолар” ва ўтилган дарслар муҳокамаси каби мавзулар илмий асосланган ҳолда кенг ёритилиб берилмоқда. Диний-маърифий соҳа ходимлари учун ташкил қилинган малака ошириш ўқувларининг даслабки кунида дарсларни Андижон вилояти ҳокими ўринбосари С.Тошбоев, ЎМИнинг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Н.Холиқназаровлар очиб бердилар ва тингловчиларга ўзларининг самимий тилакларини билдириб ўтдилар. 139

“Баракалла”да савоб бор

“Баракалла”, дейиш миллатимиз орасида кенг тарқалган. Зеро, Биз шундай халқмизки, миллий ва диний қадриятларимиз чамбарчас боғланиб кетган. “Баракалла” ибораси ҳам айнан шундай одатларимиздан биридир. Чунки унинг келиб чиқиши айнан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига боғлиқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга ким бирор яхшилик  қилса уни мукофотлангиз. Агар мукофотлашга бирор нарса тополмасангиз унинг ҳаққига дуо қилинг”, деганлар (Абу Довуд ривоят қилган). Яна бир ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо бундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир қўй ҳадя қилинди. У зот менга: “Уни тарқатиб юборинг”, дедилар. Тарқатиб қайтган ходимадан ҳадяни олганлар нима деганларини сўрадим. У: “Аллоҳ сизга барака берсин”, дедилар, деди. Мен ҳам уларнинг ҳаққига “Аллоҳ уларга ҳам барака берсин”, деб улар каби дуо қилдим ва шу билан ҳадямиз беғараз бўлди”. Демак, кимдандир яхшилик кўрсак уни мукофотлашимиз керак экан, агар бирор нарса тополмасак унинг ҳақига дуо қилишимиз зарур бўларкан. Қўни-қўшнилар бир-бирларига тансиқ овқат чиқарганда товоғига бошқа нарса солиб қайтариш одати ҳам ушбу ҳадисдан келиб чиққан. “Баракалла” сўзи аслида арабча “Баарака Аллоҳу фикум” деган жумла бўлиб, маъноси “Аллоҳ сизларга барака берсин”, “Аллоҳ сизларга баракотли қилсин” каби маъноларни англатади. Демак, бирор яхшилик қилган одамнинг ҳақига дуо қилишимиз Пайғамбаримизнинг юқоридаги сўзларидан, айнан “баракалла” дейишимиз эса саҳобаларнинг бир-бирлари ҳақларига қилган дуоларидан келиб чиққан экан. Яхши иш қилган кишига “молодцы” демасдан, “баракалла” десак, бу билан ҳам урф-одатимизга ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига амал қилган бўламиз. “Тиллар” кафедраси мудири Ш.Чўлпонов 120

Икки олам саййидининг таваллудлари ва насаби шарифлари

Аллоҳ таоло Ўзининг муборак каломида шундай деб марҳамат қилади: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга раҳмат қилиб юборганмиз”  (Анбиё, 107-оят) дея марҳамат қилиб Ўз раҳмати ила биз умматларга  шафоатчи бўлгувчи Зотни мадҳ этган Аллоҳ таолога туганмас ҳамду сано. Ўзларини севиш иймондан эканини айтиб, болаликдан барчани ўз файзлари билан нурафшон этган саййидимиз Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат ва саломларимиз бўлсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллудлари ва насаби шарифлари ажиб тарихнинг бошланиши эди албатта. Даставвал бу муборак Зотни дунёга келишига сабабчи бўлган икки саодатли инсонга тўхталмоқ лозимдир. Улар Расулуллоҳга ота-она бўлиш учун Аллоҳ томонидан танлаб олинган, замонасининг бебаҳолари ҳазрати Абдуллоҳ ва Омина эдилар. Абдуллоҳ Қурайшнинг обрўли хонадонидан бўлган Абдулмуттолибнинг тарбиядаги тенгсиз, паҳлавон ўғилларидан эди. У отасининг маслаҳати билан Қурайшнинг Бану Зуҳра жамоаси саййиди Ваҳбнинг қизи Оминага уйланадилар. У келажакда оламларга раҳмат қилиб юбориладиган сўнгги пайғамбарнинг ота-оналари бўлдилар. Абдуллоҳ тарбияли, ҳушхулқ, юзидаги ўзига хос нур эгаси ҳамда гўзал суратдаги инсон эдилар. Аллоҳ таоло Оминага мана шу Абдуллоҳдан бўлган муборак ҳомилани ато этди. Лекин Абдуллоҳ завжалари ҳали ҳомиладор пайтларида Шомга сафарга чиқади ва сафар чоғида вафот этади. Шундай қилиб, она қорнида эканликларида отасиз етим бўлиб қоладилар. Омина эса вужудидаги бу маъсум гўдакни авайлаб асрайди. Аллоҳ таолонинг марҳамати билан Омина ҳомила даврида бошқалардай қийинчиликлар кўрмади. Ундаги бошқача бир енгиллик Оминанинг боласига меҳрини ва унинг келажагидан умидларини орттирди. Ниҳоят сарвари коинот, ислом умматининг буюк устози Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга келдилар. 571-йил, 19-23 апрел кунларининг бири, ҳижрий ҳисобда ҳижратдан 53 йил аввал, фил йилида, Робиъул аввалнинг 8, 9, 10, 12 кунларининг бирида, Душанба куни тонгда таваллуд топганлар. Омина ҳамда боболари Абдулмуттолиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилишларидан олдин туш кўришган эди. Шу тушларига биноан улар чақалоққа “Муҳаммад” деб исм қўйишади. Бу исмни қўйиш араблар ичида урф бўлмагани учун одамлар Абдулмуттолибнинг бу исмни қўйганига ҳайрон кўзи билан қарашарди. “Ҳазрат саййиди олам ҳақларида шоирлари Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу дебдурлар: “Аллоҳ таоло ўз Расулини мартабаларин баландликларин билдурмак учун Ўз номидин ул жанобға ном чиқаруб берди. Кўрунглар Худо Маҳмуддир ва Расули Муҳаммаддурлар”. “Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Менинг бешта исмим бор. Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур. Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг қадамим олдига одамларни ҳашр этур. Мен Оқибман”, дедилар”. Бу исмларнинг ичида энг машҳурлари Муҳаммад ва Аҳмаддир. Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насаби шарифлари қуйидагича берилади. Абдулмуттолибдан Аднонгача бўлган боболари ҳақида маълумотлар бисёр. Уламолар бу қисмдаги боболари сони 21 та экани ҳақидаги маълумотни саҳиҳ ҳамда муттафақун алайҳ деб иттифоқ қилишган. Ушбу далиллардан бири Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисдир: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насабларига келсак, у зот- Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луъай ибн Ғолиб ибн Феҳр ибн Молик ибн ан-Назр ибн  Кинона  ибн  Хузайма ибн Мудрика ибн Иляс ибн Музар ибн Низаар ибн Маъдд ибн Аднон”. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бу шажарани айтганлар. Абдуманофнинг болалари ҳажга келганларга шароб ва таом бериш билан шуғулланишар эдилар. Каъбанинг калити, байроқ ва “Дорун-надва” эса амакилари Абдуддорнинг фарзандларига тегишли эди. Абдуманофнинг Ҳошим исмли ўғиллари араблар ичида обрўли кишилардан бўлганлар. Ҳошим Расулуллоҳга бобо бўлганлар. Улардан кейин ўғиллари Абдулмуттолиб оталаридан кейин уларнинг ишларини давом эттирганлар. “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Зафар Маҳмудов 158
1 2