islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Икки олам саййидининг таваллудлари ва насаби шарифлари

Аллоҳ таоло Ўзининг муборак каломида шундай деб марҳамат қилади:

“(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга раҳмат қилиб юборганмиз”  (Анбиё, 107-оят) дея марҳамат қилиб Ўз раҳмати ила биз умматларга  шафоатчи бўлгувчи Зотни мадҳ этган Аллоҳ таолога туганмас ҳамду сано.

Ўзларини севиш иймондан эканини айтиб, болаликдан барчани ўз файзлари билан нурафшон этган саййидимиз Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат ва саломларимиз бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллудлари ва насаби шарифлари ажиб тарихнинг бошланиши эди албатта. Даставвал бу муборак Зотни дунёга келишига сабабчи бўлган икки саодатли инсонга тўхталмоқ лозимдир. Улар Расулуллоҳга ота-она бўлиш учун Аллоҳ томонидан танлаб олинган, замонасининг бебаҳолари ҳазрати Абдуллоҳ ва Омина эдилар. Абдуллоҳ Қурайшнинг обрўли хонадонидан бўлган Абдулмуттолибнинг тарбиядаги тенгсиз, паҳлавон ўғилларидан эди. У отасининг маслаҳати билан Қурайшнинг Бану Зуҳра жамоаси саййиди Ваҳбнинг қизи Оминага уйланадилар. У келажакда оламларга раҳмат қилиб юбориладиган сўнгги пайғамбарнинг ота-оналари бўлдилар. Абдуллоҳ тарбияли, ҳушхулқ, юзидаги ўзига хос нур эгаси ҳамда гўзал суратдаги инсон эдилар. Аллоҳ таоло Оминага мана шу Абдуллоҳдан бўлган муборак ҳомилани ато этди. Лекин Абдуллоҳ завжалари ҳали ҳомиладор пайтларида Шомга сафарга чиқади ва сафар чоғида вафот этади. Шундай қилиб, она қорнида эканликларида отасиз етим бўлиб қоладилар. Омина эса вужудидаги бу маъсум гўдакни авайлаб асрайди. Аллоҳ таолонинг марҳамати билан Омина ҳомила даврида бошқалардай қийинчиликлар кўрмади. Ундаги бошқача бир енгиллик Оминанинг боласига меҳрини ва унинг келажагидан умидларини орттирди. Ниҳоят сарвари коинот, ислом умматининг буюк устози Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга келдилар. 571-йил, 19-23 апрел кунларининг бири, ҳижрий ҳисобда ҳижратдан 53 йил аввал, фил йилида, Робиъул аввалнинг 8, 9, 10, 12 кунларининг бирида, Душанба куни тонгда таваллуд топганлар.

Омина ҳамда боболари Абдулмуттолиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилишларидан олдин туш кўришган эди. Шу тушларига биноан улар чақалоққа “Муҳаммад” деб исм қўйишади. Бу исмни қўйиш араблар ичида урф бўлмагани учун одамлар Абдулмуттолибнинг бу исмни қўйганига ҳайрон кўзи билан қарашарди. “Ҳазрат саййиди олам ҳақларида шоирлари Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу дебдурлар:

“Аллоҳ таоло ўз Расулини мартабаларин баландликларин билдурмак учун Ўз номидин ул жанобға ном чиқаруб берди. Кўрунглар Худо Маҳмуддир ва Расули Муҳаммаддурлар”.

“Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Менинг бешта исмим бор. Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур. Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг қадамим олдига одамларни ҳашр этур. Мен Оқибман”, дедилар”. Бу исмларнинг ичида энг машҳурлари Муҳаммад ва Аҳмаддир.

Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насаби шарифлари қуйидагича берилади. Абдулмуттолибдан Аднонгача бўлган боболари ҳақида маълумотлар бисёр. Уламолар бу қисмдаги боболари сони 21 та экани ҳақидаги маълумотни саҳиҳ ҳамда муттафақун алайҳ деб иттифоқ қилишган. Ушбу далиллардан бири Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисдир:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насабларига келсак, у зот- Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луъай ибн Ғолиб ибн Феҳр ибн Молик ибн ан-Назр ибн  Кинона  ибн  Хузайма ибн Мудрика ибн Иляс ибн Музар ибн Низаар ибн Маъдд ибн Аднон”. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бу шажарани айтганлар.

Абдуманофнинг болалари ҳажга келганларга шароб ва таом бериш билан шуғулланишар эдилар. Каъбанинг калити, байроқ ва “Дорун-надва” эса амакилари Абдуддорнинг фарзандларига тегишли эди. Абдуманофнинг Ҳошим исмли ўғиллари араблар ичида обрўли кишилардан бўлганлар. Ҳошим Расулуллоҳга бобо бўлганлар. Улардан кейин ўғиллари Абдулмуттолиб оталаридан кейин уларнинг ишларини давом эттирганлар.

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси

Зафар Маҳмудов

59470cookie-checkИкки олам саййидининг таваллудлари ва насаби шарифлари
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!