islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Yanvar 3, 2020

Day

Ажралиш сабаблари ва уларнинг ечимлари (биринчи мақола)

Ҳар-қандай жамиятни ривожлантирадиган, фаровонликка, бахт-саодатга етаклайдиган омиллар бўлиши билан бир қаторда, шу жамиятни парокандаликка, мавжуд фаровонликнинг кўтарилишига, бахтсизликка олиб келадиган сабаблар ҳам мавжуддир. Ана шундай мусулмонлар жамиятига зарарли бўлган иллатлардан бири бу- оилаларнинг ажралишидир. Оила бузилишининг баъзи сабаблари ва уларнинг муолажаси ҳақида сўз борар экан, албатта бунда ҳаётимизда бўлиб турган ҳолатларни ҳисобга олиб, қуйида келадиган асосий омиллар эътиборидан сўз юритилади. 1.Оила ва оилавий муносабатлар ҳақида илмнинг етишмаслиги. Бу борада биринчи ўринда турадиган омил оилавий ҳаёт, эр-хотин ораларидаги муносабатлар ва оила юритиш бўйича маданиятнинг етишмаслиги, тўғрисини айтганда, ўсиб келаётган ёшларга, бўлғуси келин-куёвларга турмуш маданиятини ўргатиш йўлга қўйилиши лозим. Минг афсуслар бўлсинки, кўпчилик келин-куёвлар тўйдан кейин ўз хоналарида ёлғиз қолганларида, уларда оилавий ҳаёт ҳақидаги олинган асосли, шаръий таълимотлар эмас, балки кўча-кўйда эшитган асоссиз маслаҳатлар қолади. Ваҳолангки ҳар бир мусулмонга ўз ҳолати қандай бўлса, шу ҳолатининг шаръий ҳукмини ўрганиб олиш лозимдир. Мисол учун, тижоратчи савдо-сотиқ илмини, ота-она фарзанд олдидаги шаръий ҳуқуқ ва мажбуриятларини, эр хотини олдидаги ва хотин, эр олдидаги вазифаларини ўрганиши фарздур. Чунки: عن أنس بْنِ مَالِكٍ قَالَ :عن النبيِّ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم أنه قالَ : طَلَبُ العِلْمِ فَرِيْضَةٌ عَلَىْ كُلِّ مُسْلِمٍ .رواه ابن ماجه ( 224 ) Анас ибни Молик розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм ўрганиш ҳар бир мусулмонга фарздур”, дедилар”. Ибни Можжа ривояти. Яъни, ушбу ҳадисдан ҳамманинг зиммасида ҳамма илмларни ўрганиш борлиги тушунилмайди, чунки бунга банданинг тоқати етмайди, шариъат эса бандага тоқатидан зиёда нарсани юкламайди. Демак, ҳар-бир мусулмонга ўз ҳолати қандай бўлса, шу ҳолатининг шаръий ҳукмини ўрганиб олиш фарздур. Жамиятимизда келин куёвликка номзод ёшларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини тартиб билан керакли ҳажм ва савияда йўлга қўйишимиз жуда ҳам зарур. Албатта, оилани қуриш, у қай тарзда амалга оширилиши, оила аъзоларининг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши кераклиги ва бошқа зарур нарсалар ҳақидаги динимиз таълимотларини олдиндан билиб, уларга ихлос билан амал қилиш, ҳар бир мўмин-мусулмон учун, унинг бахт-саодати, оиласининг мустаҳкамлиги учун шартдир. Оилавий нохушликлар ва муаммоларнинг асл негизи ўша таълимотлардан бехабарлик ёки уларга амал қилмасликдир. Албатта, ҳар бир нарсани тушуниб етиб, билим асосида олиб бориш кўп яхшиликларнинг манбаси бўлади. Оила, эр-хотинлик муносабатлари жуда ҳам нозик нарсалар экани ҳаммага маълум. Шунинг учун бу муносабатларга жиддий қарашимиз ва уларни юқори савияда тутишга ҳаракатда боўлишимиз лозим. Айнан шунинг учун ҳам фарзандларимизни оилавий ҳаётга ёшликларидан ўргатиб боришимиз, бу борада моддий тарафларига эътибор бериб, маънавий тарафларни унутиб қўймаслигимиз зарур. “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Раҳимов Неъматуллоҳ 176

MAKТУБ

Ассалому алайкум вароҳматуллоҳу вабарокатуҳ! Ҳукмингизга ҳавола этмоқчи бўлган мақоламиз реал воқеаларга асосланган ибратли ҳикоя тарзда бўлиб, бир танишимизнинг ҳаёти тажрибаларидан олинган ва қоғозга ёзилган. Эсингизда бўлса ёпиқ мамлакат, Қизил Империя қулагандан кейин 90-йилларнинг аввалида хорижий завод-фабрикаларнинг мамлакатимизда қўшма корхоналари очилди. Жумладан бизнинг шаҳримизда ҳам текстил йўналишида фабрика очилиб, иш ўринлари ташкил қилинди. Мен ҳам ишга кирдим. Янги корхонада фаолиятимни бошлаганимдан кейин кўпчилик билан танишдим. Танишганларим орасида хориждан келган мутахассисларга ажратилган автомашинага ҳайдовчилик қиладиган бир ёшроқ йигит ҳам бор эди. Тушликни бирга қилардик, намозни ҳам бирга ўқирдик. Хулқи, одоби жуда яхши эди-ю, менга нимасидир қовушмагандай туюлаверарди. Эҳтимол ибодатимизни адо қилиб бўлганимизда ва тушликдан кейин қиладиган дуосидир. “Аллоҳим, мендек нотавон бир ғарибнинг дуосини ижобат қил. Сендан ҳар Жумъа кунида Умра ибодатини бажаришлигимни насиб қилишингни сўрайман!”-деб фотиҳа қиларди. Ичимда “Ол-а, бўладиган нарсани сўраса-чи!? Дуо ҳам сал ўхшаганроқ бўлсайди-да!”-деб қўярдим. Ҳатто ўзига ҳам “Биродар, дуоингиз ҳам ўзингизга ўҳшаган антиқароқ-а” деб қўярдим кулиб. Етти-саккиз йил бирга ишладик. Кейин корхона ёпилиб кетди. Ҳаммамиз ҳар ерга бўлиниб-бўлиниб ишларга кириб кетдик. Мен хусусий иш бошладим. Аллоҳ барака бериб, мустақилликдаги яратилган яхши шароитлар сабаб корхонам ривожланиб оёққа туриб олдим. Шундан кейин Муборак Ҳаж сафари тараддудига тушдим. Интизорлик билан кутган навбатим етиб келди. “Лаббайкаллоҳумма”ни айтиб сафарга чиқдик…… Биринчи тавофимни адо қилиб Ҳарам эшигидан чиқаётганимда бир киши танишдай кўринди. У киши мени ҳурсанд бўлиб қучоқлаб олиб тинмай “мени танидингизми?” дерди… Эҳ, эсладим! Бу ўша йигит! “Қаранг-а, ука! Сизга ҳам муборак сафар насиб қилибди-да! Аллоҳ ўз даргоҳида қабул қилсин. Кимлар билан келдингиз? Қайси меҳмонхонадасиз?”-дедим шошилиб. У менга: “Ака, мен шу ердаман. Келганимга анча йиллар бўлди. Эсингизда бўлса хорижликнинг машинасини ҳайдардим. Корхона ёпилгандан кейин у киши “хулқинг менга маъқул келиб қолди” деб мени ўзи билан олиб кетди. Бошқа давлатларда ҳам бўлдик. Айланиб келиб шу ерга жойлашиб қолдик. Оилам, фарзандларимни ҳам олиб келдим. Аллоҳдан сўраганларим ижобат бўлди, ҳар жумъа Ҳарамдаман!”-деди. Ишонсангиз тамом бўлдим…. Жавоб сўз айтишга тилим айланмасди… Ҳаёлларим чувалашиб кетган, у йигитнинг гаплари қулоғимга кирмасди. Мен унинг қилган дуосини ўзимча “сал бўладиганроқ дуо қилсангиз-у” деб энсам қотгани-ю, у эса тазарруъ билан ҳар жумъа умра сафари насиб қилишини канда қилмасдан сўраганлари кўз олдимдан лип-лип ўтарди. Кўзларим ёшга тўлди. Ичимда эса “Буюк Зотдан ҳиммат қилиб сўрашни ҳам эплолмасанг бу кунингдан баттар бўл” деб ўзимни ўзим койирдим… Шунинг учун ниятларни доимо ишонч билан Яратгандан сўрашни унутмайлик. Зеро, хар нарсага қодир Аллоҳ лозим топса, биз учун имконсиз туюлган ҳар қандай мўъжизалар, у учун оддий нарсадир. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси Дилшод Насиров тайёрлади. 156