islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Ассалому алайкум вароҳматуллоҳу вабарокатуҳ! Ҳукмингизга ҳавола этмоқчи бўлган мақоламиз реал воқеаларга асосланган ибратли ҳикоя тарзда бўлиб, бир танишимизнинг ҳаёти тажрибаларидан олинган ва қоғозга ёзилган.

Эсингизда бўлса ёпиқ мамлакат, Қизил Империя қулагандан кейин 90-йилларнинг аввалида хорижий завод-фабрикаларнинг мамлакатимизда қўшма корхоналари очилди. Жумладан бизнинг шаҳримизда ҳам текстил йўналишида фабрика очилиб, иш ўринлари ташкил қилинди. Мен ҳам ишга кирдим. Янги корхонада фаолиятимни бошлаганимдан кейин кўпчилик билан танишдим. Танишганларим орасида хориждан келган мутахассисларга ажратилган автомашинага ҳайдовчилик қиладиган бир ёшроқ йигит ҳам бор эди. Тушликни бирга қилардик, намозни ҳам бирга ўқирдик. Хулқи, одоби жуда яхши эди-ю, менга нимасидир қовушмагандай туюлаверарди. Эҳтимол ибодатимизни адо қилиб бўлганимизда ва тушликдан кейин қиладиган дуосидир.

“Аллоҳим, мендек нотавон бир ғарибнинг дуосини ижобат қил. Сендан ҳар Жумъа кунида Умра ибодатини бажаришлигимни насиб қилишингни сўрайман!”-деб фотиҳа қиларди.

Ичимда “Ол-а, бўладиган нарсани сўраса-чи!? Дуо ҳам сал ўхшаганроқ бўлсайди-да!”-деб қўярдим. Ҳатто ўзига ҳам “Биродар, дуоингиз ҳам ўзингизга ўҳшаган антиқароқ-а” деб қўярдим кулиб.

Етти-саккиз йил бирга ишладик. Кейин корхона ёпилиб кетди. Ҳаммамиз ҳар ерга бўлиниб-бўлиниб ишларга кириб кетдик. Мен хусусий иш бошладим. Аллоҳ барака бериб, мустақилликдаги яратилган яхши шароитлар сабаб корхонам ривожланиб оёққа туриб олдим. Шундан кейин Муборак Ҳаж сафари тараддудига тушдим. Интизорлик билан кутган навбатим етиб келди. “Лаббайкаллоҳумма”ни айтиб сафарга чиқдик……

Биринчи тавофимни адо қилиб Ҳарам эшигидан чиқаётганимда бир киши танишдай кўринди. У киши мени ҳурсанд бўлиб қучоқлаб олиб тинмай “мени танидингизми?” дерди…

Эҳ, эсладим! Бу ўша йигит!

“Қаранг-а, ука! Сизга ҳам муборак сафар насиб қилибди-да! Аллоҳ ўз даргоҳида қабул қилсин. Кимлар билан келдингиз? Қайси меҳмонхонадасиз?”-дедим шошилиб. У менга:

“Ака, мен шу ердаман. Келганимга анча йиллар бўлди. Эсингизда бўлса хорижликнинг машинасини ҳайдардим. Корхона ёпилгандан кейин у киши “хулқинг менга маъқул келиб қолди” деб мени ўзи билан олиб кетди. Бошқа давлатларда ҳам бўлдик. Айланиб келиб шу ерга жойлашиб қолдик. Оилам, фарзандларимни ҳам олиб келдим. Аллоҳдан сўраганларим ижобат бўлди, ҳар жумъа Ҳарамдаман!”-деди.

Ишонсангиз тамом бўлдим….

Жавоб сўз айтишга тилим айланмасди…

Ҳаёлларим чувалашиб кетган, у йигитнинг гаплари қулоғимга кирмасди. Мен унинг қилган дуосини ўзимча “сал бўладиганроқ дуо қилсангиз-у” деб энсам қотгани-ю, у эса тазарруъ билан ҳар жумъа умра сафари насиб қилишини канда қилмасдан сўраганлари кўз олдимдан лип-лип ўтарди. Кўзларим ёшга тўлди. Ичимда эса “Буюк Зотдан ҳиммат қилиб сўрашни ҳам эплолмасанг бу кунингдан баттар бўл” деб ўзимни ўзим койирдим…

Шунинг учун ниятларни доимо ишонч билан Яратгандан сўрашни унутмайлик. Зеро, хар нарсага қодир Аллоҳ лозим топса, биз учун имконсиз туюлган ҳар қандай мўъжизалар, у учун оддий нарсадир.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
“Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси
Дилшод Насиров тайёрлади.

113870cookie-checkMAKТУБ
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!