islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Fevral 10, 2020

Day

Ислом дини бола ҳуқуқларини туғилмасиданоқ муҳофаза қилади

Фарзандга меҳр қўйиш, бу — фақат уларнинг қорнини тўқ, устини бут қилишдан иборат эмас, балки ёшлик чоғидан бошлаб уни миллий тарбия, ахлоқ-одоб ва юксак маънавият асосида вояга етказишдир. Сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар тарихида асосан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига эътибор берилса-да, яқин-яқингача бола ҳуқуқлари муаммоларига аҳамият берилмас эди. Фақат XX асрнинг биринчи ярмидан бошлаб мазкур масалада халқаро ҳужжатлар қабул қилина бошланган. Жумладан, 1923 йилда англиялик Эглантайн Жебб томонидан асос солинган “Болаларни қутқаринг” халқаро кенгаши, кейинчалик “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Декларация” (1959), “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция” (1989) ва бошқа бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар фикримизнинг исботи бўла олади. Исломда эса инсон ҳуқуқлари бола ҳуқуқларидан бошланади. Болалар ҳуқуқларига саккиз юз йил аввал Мовароуннаҳрда катта эътибор берилган. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича цивилизациялар тарихида жиззахлик фақиҳ Маждуддин ал-Уструшанийнинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари мазкур йўналишдаги илк ҳуқуқий манба бўлган. Алломанинг тўлиқ номи Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Аҳмад Маждуддин ал-Уструшаний бўлиб, у XII асрнинг охири ва XIII асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда яшаб, юксак илмий салоҳияти билан фиқҳ илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшган алломалардан биридир. “Жомиъ аҳком ас-сиғор”нинг илк нашри 1982 йили ироқлик профессор Абдулҳамид Абдулхолиқ Байзалий ва иккинчи нашри 1994 йили Қоҳирада “ал-Азҳар” университети профессори Абу Мусъаб Бадрий ҳамда ўқитувчи Маҳмуд Абдурраҳмон Абдулмунъим томонидан амалга оширилган. Муфтий Усмонхон Алимов ва тарих фанлари номзоди Муслим Ризқихўжа ўғли Атаев “Жомиъ аҳком ас-сиғор”нинг Миср Араб Республикасида тайёрланган иккинчи нашрини Тошкентда сақланаётган бешта қўлёзма нусхалари билан ўзаро солиштириб, асарнинг араб тилидаги тузатилган ва тўлдирилган учинчи нашрини тайёрлаган. Асосан вояга етмаган ёш болаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига бағишланган бу асар ҳозирги замон исломшунос ва ислом ҳуқуқи тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар учун муҳим манба бўлиб қолади. Мусулмон оламида Маждуддин ал-Уструшанийдан кейин болалар ҳақ-ҳуқуқларига тааллуқли фиқҳий асар деярли ёзилмади. Шу нуқтаи назардан қаралганда алломанинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари болаларнинг ҳуқуқлари хусусида ёзилган деярли ягона фиқҳий асардир. Аммо болаларга тааллуқли ҳадислар тўплами мавжуд бўлиб, у имом Шамсуддин Муҳаммад ибн Аби Бакр ибн ал-Қаййим ал-Жавзия (691-751/1292-1350 й.)нинг “Туҳфат ал-мавдуд би аҳком ал-мавлуд” асаридир. Бу асар 17 бобдан иборат бўлиб, унда бола сўрашнинг мустаҳаблиги, қиз болалардан ғазабланишнинг макруҳлиги, фарзанд хушхабарини етказиш, чақалоқ қулоғига азон ва иқомат айтиш, боланинг танглайини кўтариш, ақиқа ва унинг ҳукмлари ва у ҳақидаги ихтилофлар, бола сочини олиш ва соч оғирлигича садақа бериш, исм қўйиш вақти ва мажбурийлиги, болани хатна қилиш ва унинг ҳукмлари, қулоқ тешиш ҳукми, болаларнинг овқат ейиш одоблари, эмизикли боланинг сўлагига доир ҳукмлар, болаларни ўпиш, уларга одоб ва илм бериш, болаларни тарбиялашдаги бошқа фойдали масалаларни ўз ичига олган мухтасар асардир. “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асарида фиқҳга оид юздан ортиқ китобларда тарқоқ ҳолда берилган болаларга тааллуқли шаръий фатволар йиғиб, тизимлаштирилган ва батартиб жамланган. Бу асар дунёга келиши учун Маждуддин ал-Уструшаний ҳанафий мазҳабининг ўз давригача яшаб, ижод этган 120 дан ортиқ фақиҳларининг фикрларини мужассам қилган. Шу жиҳатлари билан бу мукаммал асар ҳозирги замон исломшунос ва ислом ҳуқуқи тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар учун муҳим манба ҳисобланиши билан бир қаторда замонавий ҳуқуқшунослик учун ҳам тарихий аҳамият касб этади. Ислом ҳуқуқшунослиги асосида битилган ушбу асарда болалар ҳуқуқлари бўйича келиб чиқадиган муаммолар одилона ҳал қилиниб, ижтимоий ҳаётда болаларнинг хавфсизлиги ва асосий ҳуқуқларининг дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб саволлар муҳокама...