islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳуд алайҳиссалом

Ҳуд алайҳиссалом – Қуръонда зикр қилинган тўртинчи, Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғли Сом авлодидан дунёга келган, Аллоҳ томонидан Од қавмига юборилган пайғамбар. Қуръони Каримнинг 11-сураси Ҳуд номи билан аталган.

Од қабиласи Ал-Аҳқоф номли ҳудудда, ҳозирги Арабистон ярим оролининг жанубида яшаган. Маълумки, уларнинг танаси катта, жисмонан бақувват, бадавлат эдилар, аммо мағрур эдилар. Қавм Ягона Раббга ишонмай, Унга ибодат қилмай, бутларга сиғина бошладилар ва гуноҳга ботдилар. Ҳуд алайҳиссалом уларни тавҳидга ва яхшилик қилишга даъват қилдилар, аммо улар такаббурлик қилдилар ва пайғамбарнинг чақириғини рад этдилар. Қуръонда бу ҳақда шундай дейилади:

“Сен, Роббинг Одга қандай (муомала) қилганинни билмадингми? Баланд устунли «Ирам»га. Унинг мисли бошқа диёрларда халқ қилинмаганга” (Фажр, 6-8).

Ҳуд алайҳиссалом уларга берилган мол-давлат ва куч-қувват Аллоҳ томонидан берилган неъмат эканини эслатиб насиҳат қилдилар, аммо улар ундан юз ўгириб, мағрур бўлдилар.

“Од қавми Пайғамбарларни ёлғончи қилди. Ўшанда уларга биродарлари Ҳуд деди: «Қўрқмайсизларми?! Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар. Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул Оламийн зиммасидадир. Ҳар тепаликка бир белги бўладиган бино қуриб, беҳуда ўйин қилаверасизми? Ва худди мангу туражакдек «маснаълар» тутаверасизми? Тутганингизда ўта жабрчи бўлиб тутдингиз. Бас, Аллоҳдан қўрқинг ва менга итоат қилинг. Сизга ўзингиз билган нарса ила мадад берган зотдан қўрқинг. У сизларга чорва ҳайвонлари ва фарзандлар ила мадад берди. Боғ-роғлар ва булоқлар ила. Мен, албатта, сизга улуғ куннинг азоби келишидан қўрураман». Улар: «Биз учун ваъз қилсанг ҳам ёки ваъз қилгувчилардан бўлмасанг ҳам, барибир” (Шуаро, 123-136).

“Ва Одга ўз биродарлари Ҳудни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун ундан ўзга илоҳ йўқдир. Сизлар фақат тўқиб олувчиларсиз, холос. Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр сўрамайман. Менинг ажрим фақат мени яратган зотнинг зиммасидадир. Ақл юритмайсизларми? Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У устингизга осмондан барака ёмғири юборади ва қувватингизга қувватни зиёда қилади. Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг», деди. Улар: «Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирмадинг. Биз сенинг гапинг учун худоларимизни тарк қилувчи эмасмиз ва биз сенга иймон келтирувчи ҳам эмасмиз”(Ҳуд, 50-53).

Шундай қилиб, Од қавми Ҳуд алайҳиссаломга қарши чиқишди. Од қавми ҳам пайғамбарларни инкор қилган бошқа халқлар каби юборилган ваҳийга ишончсизликларини ўзларига берилган куч-қувват ва неъматларга ғурурга кетиш орқали намоён қилардилар. Пайғамбарларни эса, ўзларининг бойлик, ҳукмронлик ва қувватларини олиб қўйишга қаратилган ҳаракат сифатида баҳолар эдилар. Улар бу неъматларни йўқотишдан “қўрқдилар” ва Ҳуд алайҳиссаломни ёлғончи ва ақлсизликда айблашди:

“Унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлар: «Албатта, биз сени эси пастликда кўриб турибмиз ва албатта биз сени ёлғончилардан деб биламиз», дедилар.”( Ал-Аъроф, 66).

Улар ҳақиқатан ҳам ишонган ҳолда ўзларининг ота-боболарининг динини кўр-кўрона тан олдилар: “Улар: «Сен бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз ибодат қилган нарсаларни тарк этишимиз учун келдингми?! Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир!» дедилар”(Ал-Аъроф, 70)

Улар мағрурланиб, ўзларини кучли деб билишди ва Ҳуд алайҳиссаломнинг даъвати ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигига ва уни рад этиш қавмга ҳеч қандай зиён этказмаслигига ишонишди:

“Од (қавми) бўлса, ер юзида ноҳақдан муткаббирлик қилдилар. Улар: «Биздан қувватлироқ ким бор?!» дедилар. Уларни яратган Аллоҳ ўзларидан қувватли эканини билмасмидилар?! Улар Бизнинг оятларимизни инкор этар эдилар”(Фуссилат, 15).

Улар ҳақни келтирган Аллоҳнинг пайғамбарини очиқ инкор қилаётган эдилар: “Йўқ! У (Ҳуд) ҳақни келтирди ва Пайғамбарларни тасдиқ қилди”(Ас-соффат, 37).

Аллоҳ бу қавмни жазолади. Уларнинг юртлари кучли қурғоқчиликни бошдан кечирди. Аммо, шунга қарамай, Од халқи Ҳуд алайҳиссалом олиб келган нарсаларни қабул қилмай, ўз бутларига ибодат қилишни давом эттирдилар. Шунда Аллоҳ таоло уларга қоп-қора булутни юборди, улар ёмғир ёғишини кутиб, унинг нима эканлигини ҳам англамадилар.

“У(азоб)нинг водийлари томон кўндаланг бўлиб юрганини кўришганда, бу кўндаланг бўлувчи, бизга ёмғир ёғдирур, дедилар. Йўқ! Бу ўзингиз орзиқиб сўраган нарса, аламли азоби бор бўрондир. У Роббисининг амри ила ҳар бир нарсани вайрон қилур. Бас, масканларидан бошқа нарса кўринмай қолди. Жиноятчи қавмларни шундоқ жазолайрмиз”(Аҳқоф, 24-25).

Қуръони каримда айтилишича, Од халқи таналарни илма тешик қиладиган даражадаги кучли шамол туфайли ҳалок қилинган. Ушбу шамол саккиз куну етти кеча давом этди ва Ҳуд аҳлини бутунлай вайрон қилди:

“Улардан олдин қанча асрларни ҳалок қилганимизни билмасларми? Ўшаларга ер юзида сизларга бермаган имконларни берган эдик. Осмондан устларига барака ёмғири юборган ва остларидан анҳорлар оқиб турадиган қилиб қўйган эдик. Бас, гуноҳлари туфайли уларни ҳалок қилдик ва ўринларига бошқа асрларни пайдо қилдик. Агар сенга қоғоз-китоб туширсак, уни қўллари билан ушлаб кўришса ҳам, куфр келтирганлар: «Бу аниқ сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», дерлар» (Анъом, 6-7).

Манбалар асосида Ҳадис ва ислом тарихи кафедраси

ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев тайёрлади

115070cookie-checkҲуд алайҳиссалом

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: