islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Суннатнинг турлари

Барчамизга маълумки шариъатимизда “суннат” муҳим ўрин тутади. Суннат араб тилидан ўзбек тилига таржима қилинганда “йўл” яъни, инсон босиб ўтган яхши ёки ёмон йўлга нисбатан ишлатилади.

Истелоҳда суннат турли фан эгалари томонида турли таърифлар берилган. Бунда муҳаддисларнинг суннатга берган таърифлари усул уламоларининг таърифларидан фарқ қилади. Бироқ умумий маънода суннат динда юриладиган йўлдир. Суннатлар икки турга бўлинади. Улар таъкидланган  ва завоид суннатлардир.

Таъкидланган суннатлар – тарк қилиш макруҳ бўлган, қилмаслик гуноҳкор бўлишга сабаб бўладиган амаллар. Бу каби суннатлар диннинг тўлдирувчиси ҳисобланади.  Бунга мисол тариқасида намозлардан аввал азон айтиш,   жамоат билаан намоз ўқиш ва фарз намозлар билан адо қилинадиган ротба суннатларни айтишимиз мумкин. Бу суннатларнинг яна бир номи сунанул ҳуда ҳамдир.

Завоид суннатлар – тарк қилиш макруҳ бўлмаган суннатлар. Бу суннатларни бажариш яхши  лекин,  тарк қилиш ёмонликка сабаб бўлмайди. Уламолар бу каби суннатларга кийимларни ўнг томондан кийиш, ўнг қўл билан таомланиш кабиларни мисол қиладилар.

Ҳанафий фиқҳида муҳим ўрин тутган “Шарҳул виқоя” китобида бу борада қуйидаги фикрлар мавжуд: “Суннат Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи пайтлар тарк қилиб қолган вақтларда доимий бажарган амалларидир. Агар бу амаллар ибодат тарзида бўлса улар сунанул ҳудадир. Агар одат тарзида бажарилган бўлса улар завоид суннатлардир”.

Шу ўринда бир савол туғилади: “завоид суннатларни тарк қилиш гуноҳ бўлмаса унда бу суннат ва мустаҳабнинг ўртасида нима фарқ бор?” бу саолга жавобни “Манор” китобининг шарҳи “Нурул анвор” китобидан оламиз. Бу китобда икки амалнинг ўртасида фарқ қуйидагича баён қилинган: Завоид суннатлар ҳам мустаҳаб маъносидаги амаллардир. Бироқ фарқи шундаки мустаҳаб амаллар уламолар яхши деб билган ишлардир. Суннатлар эса Пайғамбаримизнинг одатларидир.

Шу ўринда Пайғамбаримизнинг феълларидан вожиб ҳам собит бўлишини эътиборга оладиган бўлсак, бу вожибни суннатлардан нима фарқи бор эканлигига ҳам тўхталиб ўтишимиз керак. Зайниддин Ибн Нужайм ўзларининг “Баҳрур роиқ шарҳи канзуд дақоиқ” китобида бу уч амалнинг ўртасини қуйидагича фарқлаганлар: “Билингки, суннат Пайғамбаримиз доим бажариб юрган амаллардир. Агар бу амал тарк қилинмаган бўлса, демак бу унинг таъкидланган суннат эканлигининг далилидир. Агар баъзида тарк қилинган бўлса унда таъкидланмаган суннатдир. Агар уни тарк қилишга Пайғамбаримиз томонидан инкор собит бўлган бўлса демак бу вожиб амалдир”.

Жўраев Сойибжон
“Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси”  ўқитувчиси

121290cookie-checkСуннатнинг турлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: