islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ФИДОЙИЛИК ВА ЖАСОРАТ СОҲИБИ

Табрик

Юртимизда аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш, буюк ўтмишимизнинг шонли даврларини турли манбалар, қўлёзма асарлар асосида холис тадқиқ этиш ишлари борасида ХХ асрнинг сўнгги чорагида Ўзбекистонда йирик илмий мактаб яратилди. Ушбу илмий мактабнинг ривожланишида замонамизнинг таниқли олими, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватовнинг хизматлари беқиёсдир.Бугун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти жамоаси номидан Убайдулла Уватовни табаррук 80 ёши ҳамда Президентимизнинг юксак мукофоти – “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан самимий билан муборакбод этар эканмиз, бу табрик замирида устознинг фазилати, меҳнати, ўз касби-ю, атрофдагиларга бўлган меҳри, малака­-маҳоратига чуқур эҳтиром ётади.Одамлар учун зарурлигингни англаб яшаш, амалга оширган эзгу ишларинг беиз кетмаслигига ишонч ҳосил қилиш, ҳар қандай инсоннинг эл-юрт, жамият олдидаги бурчини бажаришида ўз самарасини бериши муқаррар.У.Уватов 1940 йил 23 февралда Қашқадарё вилояти Ғузор туманида зиёли оиласида дунёда келади. Ёшлигидан илм-маърифатга илтилгани учун мактабда аъло баҳоларга ўқиб, барчанинг эътиборига сазовор бўлади. Ўқувчилар орасида аълочилиги, билимдонлиги, меҳнатсеварлиги билан ажралиб турган ёш Убайдуллани устозлари ҳам яхши кўрар эдилар ҳамда уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб пойтахтдаги олий даргоҳларда ўқишлиги учун оқ фотиҳа бердилар.У.Уватов 1958 йили Тошкент давлат шарқшунослик университетига ўқишга кириб, 1964 йили ушбу даргоҳни аъло баҳолар билан шарқшунос, араб-филолог мутахассислиги бўйича тугаллайди.

У кейинги фаолиятида моҳир таржимон сифатида ўз салоҳиятини намоён этади ва турли йилларда Миср Араб Республикаси, Ироқ, Ливияда араб тили бўйича таржимонлик вазифасида ишлайди.Шунингдек, педагог сифатида Тошкент шаҳридаги 150-мактабда, Тошкент давлат шарқшунослик университетида ўқитувчилик қилиб, тезда кўплаб шогирдлар орттиради.1967-1970 йилларда У.Уватов ўз илмий салоҳиятини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида аспирантурага ўқишга киради ҳамда кейин шу илмий даргоҳда илмий ходим сифатида фаолият олиб боради.

У.Уватов илмий, педагог фаолият билан бирга, республикамизда диний соҳа ривожланишига ҳам салмоқли ҳисса қўшдилар. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президент девони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Бухорий халқаро маркази, Халқаро Амир Темур жамғармаси, Халқаро Олтин Мерос хайрия жамғармаси, Тошкент ислом университети Манбалар хазинаси, Ўзбекистон маърифатпарварлар жамиятида раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бордилар. 2017 йилдан ҳозирга қадар Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори вазифасида ишлаб келмоқдалар.

2009 йили устоз У.Уватовнинг меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланиб, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотландилар.Тарих фанлари доктори, профессор сифатида нафақат юртимизда, балки халқаро илмий жамоа орасида улкан обрў-эътиборга эга олим сифатида ном қозонган.

Турли мавзуларни қамраб олган кўплаб китоблар, монографиялар, рисолалар, мақолалар, илмий тадқиқотлар муаллифи, бадиий ва ҳужжатли фильмлар ҳаммуаллифи ва илмий маслаҳатчисидир.

Жумладан устоз Убайдулла Уватовнинг “Буюк донишманд”, “Ҳадис илмининг султони”, “Икки буюк донишманд”, “Буюк донишманд”, “Хоразмлик буюк аллома”, “Имом ал-Бухорий” (таржима асар), “Ўзбекистон – буюк алломалар юрти”, “Икки улуғ донишманд: машҳур муҳаддис Абу Исо Термизий ва улуғ мутафаккир Ал-Ҳаким Термизийнинг ҳаёт йўли” каби асарлари машҳурдир.У.Уватов илмий раҳбарлигида юртимизда кўплаб тадқиқотчилар етишиб чиқиб юртимиз илм-фани, манбашунослигига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Бугунги кунда ҳам юртимиздаги илмий-тадқиқот институтларида, илмий марказларида, ўқув даргоҳларида ёш тадқиқотчиларга ўзларининг маслаҳат ва тавсияларини бериб, аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганишга камарбаста бўлиб турибдилар.

Хусусан, кўп йиллар давомида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида битирувчи талабаларнинг диплом ишлари ҳимоясида комиссия раҳбари сифатида фаолият олиб бориб, кўплаб ёш исломшунос мутахассисларнинг тадқиқот йўлига қадам қўйишида бош-қош бўлмоқдалар уларга ўзларининг қимматли маслаҳатларини аямасдан, таклиф ва тавсиялар бериб келмоқдалар.

Шундай шодиёна дамларда инсон умрининг тарихга айланган зарварақларига назар ташлар экан, унинг ҳаёт йўли ва мазмуни ёрқин намоён бўлади. Бу борада азиз инсон ва улуғ устоз У.Уватовнинг босиб ўтган йўллари ҳар биримиз учун ибратдир.Зеро, одамлар орасида ҳақиқий одам шу бўладики, ундан бошқа одамлар манфаат кўрадилар. Одамийлик туфайли одам шуҳрат топади, танилади ва билинади.

Биз устоз Убайдулла Уватовда ана шундай одамийлик, олижаноблик, сахийлик, тўғрисўзлик фазилатларини кўрамиз ва уларни намунали оила бошлиғи, вафоли турмуш ўртоғи, азиз фарзандларининг меҳрибон отаси, шириндан-шакар набираларнинг бобоси деб биламиз.

Атоқли олим У.Уватовнинг илмий-ижодий ишларидан бугунги кунда ёш тадқиқотчилар, илмий изланувчилар, манбашунослар, шарқшунослар фойдалан институтимиз жамоаси иш билан бирга, устознинг ўзлари ҳам ҳали илмий изланишларини давом эттиришларига ҳамда кўплаб янгидан янги шогирдларни юртимиз ва дунё илмий жамиятига етказиб беришларига тилакдошмиз.Устоз Убайдулла Уватовнинг динимиз равнақи, Ватанимиз фаровонлиги, илм-фан ривожи йўлида, баркамол авлодга билим бериш баробарида уларнинг қалбига инсонга хос энг гўзал эзгу хислатларни, меҳр-оқибат ва одамийлик туйғуларини сингдириб бориш ишларида Аллоҳ таоло доим мададкор бўлсин, қилган эзгу ишлари, меҳнатларининг роҳатини узоқ йиллар давомида кўриш муҳтарам устозга насиб этсин!

Имом Бухорий номидаги Тошкент
ислом институти жамоаси номидан
ректор Уйғун ҒАФУРОВ

121340cookie-checkФИДОЙИЛИК ВА ЖАСОРАТ СОҲИБИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: