islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фақиҳлар гувоҳлик бермаган муҳаддисдан фатво сўралмайди

Муҳаддислар шайхи Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ҳадис фақиҳлардан бошқани адаштиради».

Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ «Тартибул мадорик»да келтиради. Муҳаддис Ибн Ваҳб айтади: «Агар Аллоҳ мени Молик ва Лайс билан қутқармаганида, албатта адашган бўлардим», деган. «Бу қандай бўлади», дейилди. «Кўп ҳадис тўпладим, мени ҳайратга солди. Сўнг уларни Молик ва Лайсга кўрсатган эдим, буни ол, мана буни тарк қил», деди.

Ҳадис рижолларидан бири Абу Нуъайм айтади: «Ҳадисларни Абу Ҳанифанинг шогирдларидан бири мужтаҳид, раббоний фақиҳ Зуфар ибн Ҳузайлга кўрсатар эдим. У менга бу носих мана бу мансух, бу олинади мана бу олинмайди, дер эди».

Мана бу муҳаддисларга қаранг! Мўътабар фақиҳларга мурожаат қилмай ҳадиснинг ўзигагина чекланмас эдилар.

Замонамизда турли тармоқларда гувоҳи бўлаётганимиз: чет элдаги ҳадис факултетини тамомлаган баъзи илм толиблари ҳозирда амалда турган мазҳаб фатволарига қарамай, фиқҳ, хилоф ҳамда усул илмларидан мутахассис бўлмай ўз ижтиҳодлари билан фатво айтишга журъат қилмоқдалар. Натижада ғаройиб фатволарни бермоқдалар. Айтилганки: «Ким ўз фанидан гапирмаса, ғаройиб нарсаларни айтиб қўяди».

Уларнинг гарданидаги вазифалари мутахассисликка эҳтиром кўзи билан қараш, фиқҳ ва усул фанларини тўлиқ ўзлаштиришдан иборат. Яна илм олувчига фатво берувчини ўша сохада мутахассислигига ишонч ҳосил қилиш керак. Қадимда муҳаддислар ўзларини дорихоначи фақиҳларни эса табиб дейишарди. Бу ўзларини фақиҳлар олдида ожизликларини эътироф қилиш эди.

Катта муҳаддислардан Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга айтди: «Эй Нўъмон! Мана бу, мана бу нарсалар ҳақида нима дейсан?».

Абу Ҳанифа: «Мана бундай, бундай», деди. «Қаердан олиб гапирдинг?» Айтди: «Сиз бизга фалончидан мана бу ҳадисни айтгансиз». Шунда Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳ: «Эй фақиҳлар жамоаси! Сизлар табиб, биз дорихоначимиз», деди.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Фақиҳлар табиб, муҳаддислар дорихоначи эди».

Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий дорихоначи табиб эди. Унинг мислини кўзлар кўрмаган.

Энди эса дорихоначи табиб ўрнига ўтирса қандай бўлишини бир тасаввур қилинг?!

Тарихда минглаб муҳаддислар ўтганки, уларнинг Аллоҳ муваффақ қилганларидан бошқа бирортасида ўзининг хос фиқҳий мазҳаби бўлмаган. Улар фиқҳ ва ҳадис ўртасини жамлаш қийин бўлгани учун ўзларидан бошқа фақиҳларга эргашганлар. Тўғри, (ҳам муҳаддис, ҳам фақиҳ бўлган зотлар) жуда оз бўлган.

Имом Муслим, Термизий, Абу Довуд, Насаий, Ибн Можа, Ҳоким, Байҳақий, Дорақутний, Хатиб Бағдодий, Ироқий, Мунзирий, Мунзирий, Нававий, Заҳабий, Ибн Ҳажар, Суютий, Ибн Ражаб, Ибн Абдулбарр, Таҳовийлар ва улардан олдин ўтган Ибн Уяйна, Вакиъ, Али ибн Мадиний, Яҳё ибн Маъин ва бошқа минглаб муҳаддисларнинг ўзлари бош бўлган муайян фиқҳий мазҳаблари бўлмаган. Балки улар ижтиҳодга аҳл бўлган, хосу ом гувоҳлик берган мутлоқ мужтаҳидларга эргашганлар.

Ушбу воқеа мақсадни янада очиқроқ ифода этади:

Аллома Ромаҳурмузий «Ал-Муҳаддис ал-Фасил»китоби 249-саҳифасида, Хатиб Бағдодий «Ат-Тарих» 6/67-саҳифасида ривоят қилади: Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Суҳайлдан ривоят қилади: «Бир аёл Яҳё ибн Маъин, Абу Хайсама ва Халаф ибн Солимлар ҳадисдан музокара қилиб турган мажлис олдида тўхтади. Аёл уларнинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар…», «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим…», «Бу ҳадисни фалончи ривоят қилган, фалончи эса ривоят қилмаган…»  деяётганларини эшитди-да, улардан: «Ҳайзли аёл маййитни ювса бўладими?» деб сўради. Чунки аёл ғассола эди. Мажлис аҳлидан биронталари жавоб бера олишмай, бир-бирларига қарай бошладилар. Шунда фақиҳ Абу Савр келиб қолди. «Сен анави келаётган кишига бор!», дейилди аёлга. Аёл унга юзланди. Абу Савр яқинлашиб қолганди аёл ундан ҳалиги саволини сўради. Шунда Абу Савр: «Ҳа, ҳайзли аёл маййитни ювса бўлади. Чунки Усмон ибн Аҳнафнинг Қосимдан, унинг Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога: «Ҳайзинг қўлинда эмас-ку!», дедилар. Яна Оиша розияллоҳу анҳо: «Мен ҳайз ҳолимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларидан сув билан фарқ очиб қўяр эдим» деган гаплари далил бўлади. Демак, ҳайзли аёл сув билан тирик одамнинг сочидан фарқ очиши дуруст бўлса, маййитни ювишга янада ҳақли бўлади», деди. Шунда мажлисдагилар: «Тўғри, уни фалончи ривоят қилган! Бу ҳадисни мана бу тариқ (санад) билан келганини биламиз!» дея санадлар ва ривоятларга шўнғиб кетдилар. Аёл эса уларга қараб: «Боя қаерда эдинглар!?» деди.

Ё Роббий, бизларни динда фақиҳ қилгин.

Араб тили манбасидан сиртқи бўлим 3- босқич

талабаси Равшанбек Ўринбоев таржимаси.

122820cookie-checkФақиҳлар гувоҳлик бермаган муҳаддисдан фатво сўралмайди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: