islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Илмнинг фазли амал билан бўлади

Ислом дини инсонларга илми орқали ўрнак бўлишга чақиради. Комилликка олиб борувчи илмни ўрганиб, уни амали ила фазлатли қилиш улуғлар йўлидир. “Олимнинг сиёҳи ғозийнинг қонидан афзалдир”, деган ҳикмат бор.

Али розияллоҳу анҳу айтадилар: «Илм мол-дунёдан яхшидир. Илм сени қўриқлайди. Мол-дунёни эса сен қўриқлайсан. Илм – ҳукм қилувчидир, молнинг устидан эса ҳукм қилинади. Мол йиғувчилар ўтиб кетдилар. Илм тўплагувчилар эса боқий қоладилар. Ўзлари орамизда йўқ бўлсалар-да, шахслари қалбларда мавжуддир». (Адабу дунё вад-дин).

Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу талаба ёшларни кўрганда бундай дер эканлар: «Марҳабо, эй ҳикмат булоқлари, зулмат чироқлари, кийими эски-ю қалби янгилар, уйларнинг маҳбуслари ва ҳар бир қабиланинг райҳонлари». («Жомеу баёнил илми ва фазлиҳ») Яъни илм талаби билан машғул бўлиш, дарс ва мубоҳаса учун уйда ўтириш уларнинг энг асосий сифатларидандир. Илм излаш янги кийимларни кийишдан, тенгдошлари каби кўчаларда сайр-саёҳат қилишдан уларни тўсиб туради.

Умар розияллоҳу анҳу яна дедилар: «Эй, инсонлар, илмни маҳкам ушланглар. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳунинг яхши кўрадиган ридоси бор. Ким илмнинг бир бобини ўрганса, Аллоҳ унга ўз ридосини кийдиради.».

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир масалани ўрганишим менга кечаси билан намоз ўқишимдан яхшироқдир». («ўша манба»).

Ҳасан Басрий айтадилар: «Илмнинг биронта бобини ўрганиб, сўнг уни бир мусулмонга ўргатишим менга дунёнинг ҳаммаси Аллоҳ йўлида меники бўлишидан яхшироқдир» (Ал-мажмуъ,шарҳу муҳаззаб). Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Фарз ибодатларидан кейин илм талаб қилишдан афзалроқ нарса йўқ».

Имом Аҳмад ва Ибн Абдул Барр ривоят қилади: “Умар розияллоҳу анҳу: «Илмни ўрганинглар ва ўргатинглар. Унинг учун виқор ва сокинликни ҳам ўрганинглар. Ўзингиз таълим олган ва таълим берган кишига тавозели бўлинг. Уламонинг жаббори бўлманг. Жаҳлингиз илмингиз ила қоим бўлмайди», деди».

Инсон бир нарсани талаб қилар экан, албатга, унинг фазилатини билмоғи шарт, акс ҳолда ундан кўзланган мақсад рўёбга чиқмайди.

Шу мақсадда, ТИИнинг ўқув ва услубий ишлар бўлим бошлиғи Ш.Шаджаллов ва утоз Ҳ.Нурбоевлар иштирокида махсус сиртқи бўлим талабаларига «Илмнинг фазли амал билан бўлади» борасида давра суҳбати ташкил қилинди. Унда илм, унинг фазилати, институт ички тартиб қоидаларига қатъий риоя қилиш, шартнома тўловлари ҳақида айтиб ўтилди. Шунингдек, таълим масалаларида юзага келган саволларга жавоблар берилди.

ТИИ матбуот хизмати

124330cookie-checkИлмнинг фазли амал билан бўлади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: