islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Давлат раҳбарининг “ҳайитлиги” Тошкент ислом институти ўқитувчи ва ходимларига тарқатилди

Илм аҳлини эҳтиром қилган жамият гуллаб-яшнайди, чунки улар пайғамбарлар меросхўри ва Аллоҳ қадрини кўтарган зотлардир. Уламолар: «Толиби илмнинг қалами тиллодан бўлса ҳам моддий маблағ олишга ҳақли!», деганлар.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси ПрезидентиКоронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Унга кўра:

👉 моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига (“темир дафтар”) киритилган ва аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилаларга бюджетдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;

👉 моддий ёрдам пуллари эҳтиёжманд оилаларга 15 августга қадар етказилади;

👉 Коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш мақсадида ҳамда Қурбон ҳайити байрами муносабати билан Республика бюджетидан:

➖ моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун “Саховат ва кўмак” жамғармасининг ҳудудий бўлимларига 200 миллиард сўм;

➖ тез тиббий ёрдам бригадалари ходимларига (врач, фельдшер, санитар ва ҳайдовчилар) бир марталик пул мукфоти бериш учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Диний соҳада хизмат қилаётган вакилларни моддий рағбатлантириш ҳамда хайру саховат, жаҳолатга қарши маърифат йўналишидаги тадбирларни ривожлантириш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондига 150 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Шу муносабат билан 1 августдан “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан имом-хатиблар, ноиб-имомлар ва масжид мутаваллиларига республика бўйича нақд пул шаклида моддий кўмак бериш ишлари бошланди. Моддий кўмак имом-хатибларга 3 000 000 сўмдан, ноиб-имомларга 2 500 000 сўм ва масжид мутаваллиларига 2 000 000 сўмдан берилди.

Бугун 3 август куни Тошкент ислом институти ўқитувчи ва ходимларига ҳам бир марталик моддий рағбатлантириш ва Ийдул Адҳо ҳайитлиги тарқатилди. Моддий кўмак раҳбар, педагог ўқитувчилар ва ходимларга 3 000 000, 2 500 000 ва 2 000 000 сўмдан берилди.

Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Мўминжон домла Сайдалиев:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПФ-6038-сонли Фармонига мувофиқ “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан таълим муассасаларининг раҳбар-ходимлари, педагог-ўқитувчи ва ишчи хизматчиларини моддий рағбатлантириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида Қурбон ҳайити байрами муносабати билан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ва халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини намоён этган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати нечоғлик миллий ва диний қадриятларимизга мутаносиб эканининг ёрқин ифодаси бўлди.

Тошкент ислом институти Мониторинг ва ички назорат бўлими бошлиғи М.Эркаев:

Ҳозирги пандемия шароитидаги муракккаб иқтисодий ҳолатга қарамасдан бюджет маблағлари ҳисобидан диний соҳа вакилларига моддий ёрдам кўрсатилиши давлатимизнинг ушбу соҳага ғамхўрлигининг яна бир ифодаси бўлди.

Муборак ҳайит айёмида амалга оширилган мазкур хайрли тадбир жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиб келаётган диний соҳада хизмат қилаётган вакилларнинг қалбларини хушнуд, хонадонларини мунаввар айлади.

Пандемия пайтида халқимиз бир ёққадан бош чиқариб, карантин қоидаларига амал қилиб, ўз соғлиқларини асрамоқдалар. Аммо иқтисодий томонлама барчага салбий таъсир ўтказди. Айниқса, доимий даромад манбаига эга бўлмаган, кам таъминланган, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли қатламларига жуда қаттиқ таъсир қилди. Шу сабабли Президентимиз ташаббуслари билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ хайру саховат ҳаракати ташкил этилди. Энг муҳим жиҳат шундаки, бу ҳаракат давлат ва жамият имкониятлари ҳамда саъй-ҳаракатларини ягона мақсад йўлида бирлаштирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан мамлакатимиз диний соҳа вакилларига ажратилган пул маблағини саховат қилиниши, айни муддао бўлди. Чунки халқимизнинг яхши-ёмон кунларида олдинги сафида турадиган имомларимиз, жаҳолатга қарши маърифат билан курашадиган илмий соҳа эгалари мударрис-ўқитувчиларимиз елкама-елка туриб ўз фидойиликларини доимо кўрсатадилар. Албатта бундай саховат ва ғамхўрлик ғам ташвишли кунларда диний соҳа вакилларининг қалбларига хурсандчилик олиб кирди.

Илм аҳлини эҳтиром қилган жамият гуллаб-яшнайди

Чунки улар пайғамбарлар меросхўри ва Аллоҳ қадрини кўтарган зотлардир:

“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олимларни ҳаққини жойига қўйишни буюрган:

Убода ибн Сомитдан ривоят қилади: “У зот айтдилар: “Катталаримизни улуғламаган, кичикларимизга раҳм қилмаган, олимларимизнинг ҳаққини билмаган менинг умматим эмас” (Аҳмад, Ҳоким ривояти).

Маълумки, илм олиш, одамларга зиё тарқатиш фазилати жуда улуғ. Олимлар, аҳли илмлар дунёда ҳам, охиратда ҳам юксак мақомларга эришишлари ҳақида кўп ҳадислар нақл қилинган. Зеро, бу хайрли анъана бизда, умуман, мусулмон диёрларидан аввалдан бўлиб келган.

Чунки аҳли илмнинг асосий вазифаси илм олиш, билганини одамларга ўргатиш, маърифат тарқатиш. Лекин бошқа тарафдан уям тирикчилик қилиши, оиласини боқиши керак. Рўзғор тебратиш, пул топиш билан овора бўлиб, илмни ташлаб қўйган кишиларни ҳам кўрганмиз, улар ҳақида эшитганмиз. Шунинг учун бой-бадавлат кишилар ён атрофга теранроқ назар ташлаб, аҳли илмларга кўмак бериб туришса, ўзларига ҳам, жамиятга ҳам кўп фойдаси тегади.

Ҳеч бир жойда олимлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди, ҳеч бир инсон онасидан олим бўлиб туғилмайди, балки устозлар раҳнамолиги, сахий кишилар саховати эвазига уламолар етишиб чиқади.

Доим, бой-бадавлат кишилар аҳли илмлар, талабалар ҳолидан хабар олиб, уларни моддий жиҳатдан таъминлашга тарғиб қилинади. Чунки нафс учун, орзу-ҳаваслар йўлида ҳам миллионлаб пуллар сарфланаяпти. Аллоҳга, охират кунига шубҳасиз ишонадиган мўмин банда биладики, илм ривожи, охират саодати учун сарфланган пуллар куни келиб ўз натижасини беради, иншааллоҳ!

Имом Шамсуддин Қўҳистоний раҳимаҳуллоҳ китобларининг муқаддимасида келтирилади: «Подшоҳ мени чақириб атрофингизга олимларни йиғинг, фиқҳга доир китоб ёзинглар. Бошқа нарсалар билан машғул бўлманглар. Олимлар оиласининг барча харажатлари  бизнинг зиммамизда, деди. Шу зотнинг ҳиммати боис тўрт жилдлик “Жомеъ ур-румуз” китоби ёзилди».

Ҳанафийларнинг «Мабсут» китобида касбдан кўра илм таҳсилини афзал кўргани сабабли толиби илм бадавлат бўлса ҳам унга закот берса бўлади, дейилган.

Айрим уламолар: «Толиби илмнинг қалами тиллодан бўлса ҳам моддий маблағ олишга ҳақли!», деган гапни айтиб юришади.

Эслатиб ўтамиз, фармонга кўра, диний соҳада хизмат қилаётган вакилларни моддий рағбатлантириш билан бирга 150 миллиард сўм жойларда хайру саховат, мурувват борасида амалга оширилаётган ишларни, жаҳолатга қарши маърифат руҳидаги кенг қамровли тадбирларни янги босқичга кўтариш мақсадларида сарфланади.

168280cookie-checkДавлат раҳбарининг “ҳайитлиги” Тошкент ислом институти ўқитувчи ва ходимларига тарқатилди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: