islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-31

Ҳанафий улуғларимиз наздида шоззлик

У икки навдир:

Биринчи нав: Ҳамма дучор бўлиб турган (балвои омм) масалада сиқа одамнинг ёлғиз ўзи ривоят қилиши. (яъни, бир масала омманинг ичида кенг тарқалиб кетган. Барчанинг эхтиёжи тушиб, бу масаланинг ҳукми қандайлигини кутишаётганда, шу масалада ёлғиз бир одам унинг ҳукми тўғрисида ривоят қилса, ўша ривоят шозз деб аталади. Чунки ҳамма шу масалага йўлиқиб турган пайтда унинг жоиз ёки жоизмаслиги тўғрисидаги ҳукмни бир одам эмас, балки барча билиши керак.)

Иккинчи нав: Сиқа инсон Қуръонга, мутавотир ҳадисга, ижмога ёҳуд ақлга хилоф келувчи бир масалани ёлғиз ўзи ривоят қилиши .

Сизга буларнинг тафсилотини қуйида баён қиламиз:

Биринчи нав: “Ҳамма дучор бўлиб турган масалада бир ҳукмни сиқанинг ёлғиз ўзи ривоят қилса, унинг ҳадиси мардуддир. Чунки шу ҳадис мавжуд бўлганида уни ривоят қилишга сабаблар жуда кўплиги ва одамларни унга эҳтиёжи тушиб турганлиги боис машҳур бўлиб кетган бўлиши керак эди. Демак, мана шундай бўлиши шу ровийни ёлғиз ўзи ривоят қилган масалада хато қилган ёки у масала насх бўлганига далолат қилади. Бу навдаги зидлик кўриниши шуки, сиқа шу ҳадисни ёлғиз ўзи ривоят қилган вақтда жамоатга мухолифга айланди. Демак, ҳадиси шозз бўлади.

Мазкур таъриф Исо ибн Абон ва Абул Ҳасан Кархийларникидир. Бунга мутааххир ҳанафийлар ҳам эргашганлар .

Баздавий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ботиний мунқатиъликка келсак, бу икки турлидир: Ўзаро зид келиши ёки ровийдаги қосирлик ва нуқсон сабабидан мунқатиълик юзага келади. Биринчисига келсак, ўша ривоятни қоидаларга солиштириш билан унинг нималиги маълум бўлади. Агар шу қоидалардан бирортасига зид келиб қолса, бу ҳадис мунқатиъ мардуд саналади. Бунинг ўзи ҳам тўрт турлидир”. Сўнг гапида давом этиб: “Учинчиси, машҳур бўлиб кетган ҳодиса ва ҳамма дучор бўлган масалада шозз бўлган ҳадис. Демак, бу бутун жамоага мухолиф бўлиб келди” .

Фақиҳлар бунга бир неча мисоллар келтирган бўлиб, биттаси билан кифояланамиз. Бу ҳам бўлса, Урва ибн Зубайрни Марвон ибн Ҳакам, у эса Бусра бинти Сафвон розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисидир. Бу ҳадисда Бусра розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: من مس ذكره فليتوضأ – “Ким закарини ушласа таҳорат қилсин” , деган гапларини эшитгани айтилади.

Татбиқи: Ҳанафийлар Бусро розияллоҳу анҳонинг ҳадисини шозз дейдилар. Чунки, закарни ушлаш одатий ҳолат. Бу борада баҳс мунозаралар жуда кўп. Масалада келган ҳукмни ривоят қилишга ҳам сабаблар талайгина. Лекин буни Бусро розияллоҳу анҳонинг ёлғиз ўзи ривоят қилган. Агар бирор ҳолатда таҳорат синадиган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолатни ҳаммага етказишлари лозим бўларди. Бу ҳукмни ҳаммага хилоф қилувчининг ўзигагина айтиш билан чекланмасдилар. Балки уни кенг ёйилишига қаттиқ эътибор берганлари учун беадад сондаги инсонларга етказар эдилар. Шунда бу ҳолат кўпчилик одамларни билмасдан туриб таҳорати бузилиб юрганликларига олиб келмасди. Демак, шундай масалада бир одамнинг ўзи нақл қилиши у одам хато қилган ёки ҳадис мансух бўлганига далолат қилади. Чунки Набий алайҳиссалом ушбу ҳукмни эҳтиёжи тушмайдиган аёлга шу ҳукмни таълим бериш билан хослаб қўйиб, кучли эҳтиёжи бўлиб турган саҳобаларга таълим бермасликлари маҳолдир .

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёс ов

178690cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-31

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: