islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам давридан ҳозиргача сақланиб қолган Рума қудуғи

Мана 14 аср ўтибдики, Мадинадаги Рума қудуғи ёки ўша машҳур Усмон қудуғи ҳануз мавжуд. Бир пайтлар уни Усмон разияллоҳу анҳу Аллоҳ йўлида мусулмонларни ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида сотиб олиб эҳсон қилган эди. Қудуқ Исломдаги илк вақфлардан бири, яъни хайрия фонди мулки бўлиб, ҳозирги кунга қадар ишлатилиб келинмоқда.

Ушбу қудуқни ким қазгани номаълум. Айтилишича, қудуқнинг номи, ундан сув олиб тарқатган Рума исмли аёлдан ёки унга эгалик қилган Рума Ғифорий исмидан ёки ҳудуд номидан келиб чиққан.
Қудуқ Исломнинг дастлабки тарихи билан боғлиқлиги билан аҳамиятли. Мусулмонлар Мадинага кўчиб келгандан сўнг, улар ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларга дуч келдилар. Ўша пайтда сувининг тиниқлиги ва таъми билан машҳур бўлган Рума қудуғи Мадинанинг асосий сув манбаларидан бири бўлган. Хабарларга кўра, қудуқнинг эгаси яҳудий бўлиб, сувни одамларга сотар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, унга сувни бепул тарқатишни таклиф қилдилар, лекин эгаси бошқа даромад манбаи йўқлигини тушунтириб, рад этди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қудуқни сотиб олиб мусулмонларга ундан фойдаланишга рухсат берган одамнинг барча гуноҳлари кечирилиши ҳамда у жаннатга киришининг башоратини берди. Жаннатда, унга Рума қудуғидан ҳам гўзал булоқ берилади, деди. Кейин қудуқни Усмон разияллоҳу анҳу сотиб олди. Маълум қилинишича, эгаси дастлаб унинг фақат ярмини сотишга рози бўлган ва ушбу сув манбасидан навбатма-навбат фойдаланиш тўғрисида шартнома тузилган. Кейинчалик, Усмон разияллоҳу анҳу иккинчи қисмини ҳам сотиб олди. Тарих китобларида, қудуқнинг нархи 20 мингдан 40 минг дирҳамгача баҳоланган, дейилади. Манбаларда, Усмон разияллоҳу анҳу қудуқни кенгайтиришга буйруқ бергани айтилади. Шунингдек, ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Моат жанги пайтида Рума қудуғидан ичиб, сувининг таъмини мақтаган.

Манба: islamansiklopedisi.org.tr

Кейинги даврларда Умар ибн Абдулазиз сингари Мадина ҳокимлари қудуққа алоҳида эътибор бериб, унинг чеккаларини тош билан ўраттирди. Ибн Жубайр ва Ибн Баттутанинг хабар беришича, ушбу қудуққа Мадинага келган зиёратчилар ва саёҳатчилар ташриф буюришни одат қилганлар.
Бир қанча вақт, Мадина аҳолиси камайган пайтда, шаҳар ташқарисида жойлашган ушбу қудуқдан фойдаланилмади. 1349 йилда Мадина қозиси Шаҳобуддин Аҳмад Табарий қудуқни таъмирлатиб, уни кенгайтирди. 1630-1631 йилларда бу ерда яна таъмирлаш ишлари олиб борилди, унинг атрофида боғ барпо этилди ва яқинида масжид қурилди. Қудуқ Мадинани зиёрат қилувчилар ва камбағал одамлар келадиган жойга айланди.

Манба: islamansiklopedisi.org.tr

Усмон ибн Аффоннинг нияти ва амали Аллоҳ томонидан қабул бўлганлиги сабабли, ҳозирги кунга қадар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжиди вақфининг бир қисми бўлган қудуқ хайрия мақсадларида ҳамон хизмат қилмоқда. Қудуқ атрофидаги боғлар ва бинолар Усмон ибн Аффон фермаси деб номланиб, фермер хўжалигига айлантирилди. Бу ерда етиштирилган хурмолар сотилади, тушумнинг ярми етимларга ва муҳтожларга тарқатилади, қолган ярми Саудия Арабистони вақф ишлари вазирлиги тасарруфидаги Усмон ибн Аффон номидаги махсус банк ҳисобварағига қўйилади.

Радиуси 4 м ва чуқурлиги 12 м бўлган қудуқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидидан тахминан беш километр узоқликда, шаҳарнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Ал-Ақиқ водийсидаги тарихий қишлоқ хўжалиги ҳудудида жойлашган, аммо ташриф буюрувчилар бу жойга кира олмасликлари мумкин. Афсуски, бу ҳудудда Мадинага келувчи сайёҳ ва зиёратчилар учун етарли шарт-шароит яратилмаган. Ҳукумат учун бу жой диний ва туристик жиҳатдан диққатга сазовор жой сифатида қаралмайди, меҳмонлар учун эса, деярли ёпиқ бўлади. Ҳокимият, ушбу жойни ривожлантиришни ва меҳмонлар учун очишни режа қилганини айтган эди.

Бугунги кунда бу маскан, Мадинанинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давридан омон қолган оз сонли қудуқларидан биридир.

Қудуқнинг ҳозирги ҳолати:

Манба: arablite.com

Манба: arablite.com

Манба: arablite.com

Манба: arablite.com

ТИИ матбуот хизмати

Манба 

181960cookie-checkПайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам давридан ҳозиргача сақланиб қолган Рума қудуғи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: