Жаннат – Аллоҳ таоло моъмин, тақводор ва гўзал амаллар соҳиблари учун тайёрлаб қўйган энг буюк мукофотдир. Мўмин банда барча амалларини жаннатга кириб, Аллоҳ таолонинг жамолини кўриш учун бажаради.
Убода ибн Сомитдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким “Аллоҳдан ўзга илоҳи маъбуд йўқ, У Ўзи ёлғиздир, Унинг шериги йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир, албатта, Ийсо Аллоҳнинг бандаси, Унинг Расули, Марямга ташланган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир, жаннат ҳақдир, дўзах ҳақдир”, деб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни жаннатнинг истаган саккиз эшигидан киритади”, дедилар”.
(Имом Муслим ривояти)
Ушбу ҳадисда жаннатнинг саккиз эшиги зикр қилинди, аммо бу бошқа эшиги йўқ дегани эмас.
Жаннатнинг шу эшикларидан бири Райён эшигидир. Рамазон ойининг фазилатлари ҳақида гап борганда, “Райён” эшиги зикр қилинмай қолмайди.
Жаннатнинг қолган эшиклари ҳам савобли амалларга кўра тақсимланган: намоз эшиги, закот эшиги, садақа эшиги, жиҳод эшиги, силаи раҳм эшиги, умра эшиги ва айман эшиги. “Айман” (ўнг тараф) эшигидан етмиш минг киши савол-жавобсиз кириши айтилган.
Жаннат эшикларидан бири “Райён” бўлиб, ундан фақат рўзадорларгина киради.
“Райён” сўзининг маъноси “сувга қонган”, “серсув” бўлиб, яъни чанқоқликнинг акси.
Рўзадор киши рўза тутиш мобайнида кўпроқ чанқоқ ҳис қилади, очлик эмас. Шунинг учун ҳам ифторлик пайти биринчи сув ичишга ҳаракат қилади. Шу сабабдан Аллоҳ таоло ушбу ташналик ва чанқоқликка сабр қилганларга мукофот ўлароқ, рўзадорларни жаннатга “Райён” номли эшикдан киргазишни ваъда қилди.
Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Райён деб номланур. Қиёмат куни рўзадорлар ундан кирурлар, улардан бошқа бирортаси кирмас. “Рўзадор қайерда?” деюрлар. Улар ундан кирурлар. Қачон уларнинг охиргиси кирса, у беркитилур. Ундан бошқа ҳеч ким кирмас”, дедилар”.
(Имом Бухорий ва Муслим ривояти)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳ йўлида бир жуфт нарсани инфоқ қилса, жаннат эшикларидан чақирилади. Эй Абдуллоҳ, бу яхши. Ким намоз аҳлидан боўлса, жаннатдаги намоз эшигидан, ким рўза аҳлидан бўлса, Райён эшигидан, ким садақа берувчи аҳлдан бўлса, садақа эшигидан чақирилади”, дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Расулуллоҳ. Бу эшиклардан (биридан) чақирилган кишига бошқасидан чақирилишга эҳтиёж йўқ. Бирор инсон бу эшикларнинг ҳаммасидан чақириладими?” дедилар. Расулуллоҳ дедилар: “Ҳа! Сиз улардансиз (яъни, ҳамма эшикдан чақириладиганлардансиз) деб умид қиламан”, дедилар.
(Имом Бухорий ва Муслим ривояти)
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Райён деб номланур. Қиёмат куни рўзадорлар ундан кирурлар, улардан бошқа бирортаси кирмас. Охиргилари кириши билан ёпилади. Ким унга кирса сув ичирилади. Ким сув ичса, ҳеч қачон чанқамайди”, дедилар”.
Ҳадисдан кўриниб турибдики, бир киши ҳамма эшикдан баравар чақирилиши ҳам мумкин экан. Банда барча амалларни қилар экан, барча эшиклардан чақирилиш бахтига муяссар бўла олади. Аммо банда, қайси амали ғолиб, келса, ўша амалнинг эшигидан киради. Яъни, кўпроқ намоз ўқувчилардан бўлса, намоз эшигидан, кўпроқ рўза тутувчилардан бўлса, Райён эшигидан, кўпроқ тавба қилувчилардан бўлса, тавба эшигидан, ваҳоказо амалларининг ғолибига қараб чақирилади. Агар барча амалларда бирдек бардавом бўлса, барча эшикдан чақирилади ва қайсинисидан киришни хоҳласа, ўша эшикдан кирар экан.
Аллоҳ барчамизни жаннатнинг барча эшикларидан чақирилувчи бандаларидан қилсин!
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Ф.Хомидов