Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Б.Азамов Модуль таълим тизими 3-курс талабаларига “Хадис” фанидан “Иймоннинг зиёда бўлиши ва камайиши” мавзусида очиқ дарс ўтди.
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси профессор-ўқитувчилари Р.Махсумхонов, Ҳ.Юсупов, М.Жамбилов, Ю.Хушвақтов, кафедра кабинет мудири А.Қодиров дарсни кузатувчи сифатида қатнашдилар.
Иймон луғатда “рост деб билиш” ва “омонлик бериш” маъноларини англатади. Мотуридия мазҳабида “рост деб билиш” маъноси мўътабар ҳисобланади.
Истилоҳда эса “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган барча нарсаларни рост деб билиш ва уни тил билан ифодалаш иймон деб аталади”.
“Саҳиҳул Бухорий”нинг “Иймоннинг зиёда бўлиши ва сусайиши” бобидан бир нечта ҳадислар ўқиб, таржима қилинди, шарҳланди.
Бизнинг мотуридия мазҳабимизда иймон зиёда ҳам, кам ҳам бўлмайди.
Мотуридия мазҳаби уламолари: “Иймон зиёда ва кам бўлмайди” – деганлар ва ўзларининг бу қарашларига кўплаб ақлий ва нақлий далиллар келтиришган.
Ақлий далиллари: иймон деганда тўлиқ 100% бўлган ишонч тушунилади. Агар ишонч 100% га етмаган бўлса “зон” (катта эҳтимол) даражасидаги ишонч бўлиб қолади. Бундай ишонч эса иймон ҳисобланмайди. Ана шу эътибордан иймон (яъни 100% ишонч) ўзи тўлиқ бўлгани учун бошқа зиёдаликни қабул қилмайди. Бу даражадан кам бўлса иймон бўлмай қолиши эътиборидан камайиши ҳам мумкин эмас, деб эътиқод қилинади.
Зоҳири иймоннинг зиёда бўлишига далолат қиладиган оятларни мотуридия мазҳаби уламолари уч хил маънода тушунтирганлар:
1. Мўминлар дастлаб иймон келтириб тасдиқлашган. Сўнгра бир фарздан кейин яна бошқа фарзлар қўшилиб зиёда бўлган. Шунга кўра, олдинги иймон келтирган нарсаларидан бошқа яна иймон келтирадиган нарсалар зиёда бўлган. Яъни иймоннинг ўзи эмас, иймон келтирилган нарсалар зиёда бўлади;
2. Мўминлар келтирган иймонларида доимо собит туришининг ўзи иймон узра зиёдалик ҳисобланади. Яъни, иймоннинг ўзи эмас иймонда бардавом бўлиш соатма-соат зиёда бўлиб боради;
3. Мўминлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир мўъжизаларини кўрганларидан сўнг яна бошқа бир мўъжизаларини кўрган вақтларида ихлослари янада зиёда бўлиб боради.
Шунга кўра мотуридия мазҳабига кўра иймоннинг асли эмас, балки унинг нури янада зиёдалашиб, ҳаёт йўлларидаги таъсири ошиб боради деб тушунилади. Яъни, мўминлар тоат-ибодатларда бир-бирларидан фарқли бўладилар, аммо иймоннинг аслида ўзаро тенг бўладилар.