islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қидирув тизимлари орқали Макка ва Мадина каби шаҳарларнинг жойлашувини ўрганиш бўйича мастер-класс

Рабиъул аввал ойи муносабати билан Тошкент ислом институтида “Октябр – Сийрат ва ислом тарихи фани ойлиги” деб эълон қилинди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Рабиъул аввал мавлид ойи ҳам деб номланади.

Мавлид ойида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари ва ислом тарихи кўпроқ ўрганилади.

Шу муносабат билан ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси томонидан ўқитувчи ва талабалари учун “Мавлид тадбири” ташкил этилди.

Байрам тадбирида кафедра мудири Ж.Неъматов, З.Маҳмудов, Ж.Рўзиев, Ф.Сувонов, ўқитувчилар ва талабалар иштирок этдилар.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Абдулазим Зиёуддин Сийрат ва ислом тарихига оид маълумотларни хариталар орқали ўрганиш, замонавий қидирув тизимилари ва уларнинг функцияларидан фойдаланган ҳолда жой номлари ҳамда ўрнини излаш бўйича талабаларга мастер-класс ўтиб бердилар.

Маккаи мукарраманинг жойлашган ўрни

У Саудия Арабистони подшоҳлигининг ғарб томонида, Ҳижоз ерларида жойлашган. Атрофи тоғлар билан ўралган бўлиб, бу тоғлар Каъбаи мушаррафани доира шаклида ўраган. Макканинг пасттекис минтақалари Батҳо деб номланади. Масжидул-ҳарамнинг шарқи эса Муалло деб аталади. Ундан ғарбга ва жанубга чўзилган жойлар эса Мусфала дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муалло аҳлидан бўлиб, унда туғилиб, то ҳижрат қилгунларича яшаганлар. Макка фатҳи асносида ҳам ўша томондан келганлар.
Маккаи мукаррамага учта асосий кириш йўли бор: Муалло, Мусфала ва Шабина. У энига 19, 21, 25 даража шимолда ва узунликда 46, 49, 39 даража шарқда жойлашган. Денгиз сатҳидан 300 метр баландликда. У ернинг киндиги ва ўртасидадир.

Маккаи мукаррама ҳарами

Макка атрофи ўралган жойларнинг ҳукми Макканинг ҳукмидадир. Аллоҳ таоло Маккада нимани ҳаром қилган бўлса, ўша нарсани шу ерларда ҳам ерни яратганидан то қиёмат кунигача ҳаром қилган. Жаброил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломни ҳарам ҳудудида турғизиб тош ўрнатишни буюрди. Иброҳим алайҳиссалом уни ўрнатдилар. Демак, мана шу тош ҳаром билан ҳалолни ажратишдаги аввалги чегара эди. Макка фатҳидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тамим ибн Асад ал-Ҳузоъийни юбориб, уни янгилатдилар. Мусулмон халифалари ва уларнинг аъёнлари ҳар томондан янгиладиларки, ҳатто ҳарамни ўраб турган ердаги байроқларнинг адади 943 тага етди. У байроқлар тоғлар, адирлар ва тепаликларга ўрнатилган. Кўп қисми бузилиб кетган. Фақатгина ислоҳ қилиб янгилаганларигина бор.
Ҳарам ҳудудини ўраб турган чизиқнинг узунлиги 127 км, ҳарамнинг масофаси 550 км. Аллоҳ таоло мана шу доиранинг ичини одамлар йиғиладиган, омонлик ери қилди.

Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Кимки у жойда (яъни, Масжидул-ҳарамда зулм-зўравонлик билан йўлдан чиқмоқчи бўлса, аламли азобдан тоттириб қўюрмиз)» (Ҳаж сураси, 25-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ бўлган куни: «Еру осмон халқ қилинган кундан бери Аллоҳ бу шаҳарда наботот узиш, ҳайвон овлаш ва бошқа турли ёмон ишларни ҳаром қилган. Аллоҳ ҳаром қилгани сабабли бу то қиёмат кунигача ҳаромдир. Мендан олдин бирор кишига у ерда уруш ҳалол қилинмаган. Менга фақат бир оз фурсатга кундузи рухсат берилган. Бу нарса Аллоҳ ҳаром қилгани сабабли то қиёмат кунигача ҳаром қилинган. У ерда бирор тиконни юлиш, овни ҳайдаб кетиш, тушиб қолган нарсани олиш мумкин эмас. Лекин тушиб қолган нарса танишиники бўлса, етказиш мақсадида олиши мумкин. У ерда ҳожат ушатмайди» (Имом Муслим ривояти, 1353-ҳадис).
Саид ибн Мусаййаб: «Менга етиб келдики, Макка аҳли ҳаром қилинган нарсани ҳалол қилиб олишмагунича ҳалок бўлишмайди» («Ахбор Макка лилфакиҳий», 1501, санади ҳасан). Мужоҳид ҳарамнинг одоблари ҳақида гапириб: «Агар ҳарамга кирсанг, бирор кишини итариб юборма, бирор кишига озор берма ва бирор кишини сиқиб чиқарма», дедилар. Масжидул-ҳарам билан ҳарамнинг баъзи ҳудудлари орасида тахминий масофа қуйидагича: Танъим – 7,5 км, Нахла – 13 км, Узотулабан – 16 км, Жаърона – 22 км, Ҳудайбия – 22 км, Жабал Арафот – 22 км.

1417 ҳижрий йили Каъбанинг қайта қурилиши

1040 йили султон Мурод Усмоний замонида буткул қайта қурилганидан кейин, яъни 375 йил ўтиши муносабати билан буюк Каъбанинг биноси таъмирлашга киришилди. 1417 ҳижрий йили пойдевори мустаҳкамланиб, Шозурон ва ҳалқалари ислоҳ қилиниб, ташқи деворлар сайқалланиб, тошлар орасидаги бўшлиқ ёпилиб, шифти икки янги шифтга ўзгартирилди.
Қуйида қўшимча маълумотлар ҳақида келтирамиз:
Каъбанинг баландлиги 14 метр.
Мултазам томондан унинг узунлиги 12 метр-у 84 см.
Хатим томондан узунлиги 11 метр-у 28 см.
Рукни яманий билан Хатим оралиғи 12 метр-у 11 см.
Икки рукн оралиғи 11 метр-у 52 см.

Мадина тарихи

Арабистон ярим оролининг Макка, Мадина, Тоиф, Хайбар сингари бир қанча энг муҳим шаҳарларини ўз ичига олган қисмини қадимдан Ҳижоз деб аташган. Маккадан тахминан 350-400 км. шимолда Мадина  шаҳри жойлашган. Қадимда Ясриб номи билан маълум бўлган бу шаҳар ҳосилдор, серсув воҳадан иборат эди. Қадимги Ясриб тарихи ҳали яхши ўрганилмаган. Ясриб тарихи ҳижрадан тахминан бир аср олдин, яъни VI аср бошларида ишончли тус олди, дейиш мумкин. Бу пайтда Ясриб бир неча қишлоқларга бўлинганлиги ҳақида маълумотлар бор. Ҳар бир қишлоқ ўз навбатида яна икки қисмга бўлиниб, биринчиси – у ёки бу уруғга қарашли ерлар ва уйларни ўз ичига олган бўлса, иккинчиси – утм (кўплиги отом) деб аталган, девор ва дарвозалари бор қўрғондан иборат эди. Катта уруғлар бир неча утмга эга бўлишлари мумкин эди. Ташқи ҳужум хавфи туғилганда ёки уруғ эркаклари урушга кетганларида аёллар, ёш болалар ва қариялар утмга беркинардилар. Бундан ташқари уруғнинг ғалласи, қурол-яроғ ва қимматбаҳо буюмлари ҳам утмларда сақланарди. Ўз утмига эга бўлмаган, очиқ маҳаллада яшайдиган майда уруғлар ҳам йўқ эмасди. Аммо бундай уруғлар албатта бошқа йирик уруғнинг ҳомийлигида бўлмоғи зарур эди. Ясриб аҳолиси асосан яҳудийлар ва араблардан иборат эди. Яҳудийлар катта-катта гуруҳ бўлиб яшардилар. Ҳар бири икки мингдан ортиқ одамга эга бўлган учта яҳудий қабиласи маълум: қайнуқоъ, надийр, қурайза. Араб адабиётида бундан ташқари 20 дан ортиқ майда ва нисбатан йирик яҳудий уруғларининг номи келтирилади. Ясриб яҳудийлари одатда очиқ жойда эмас, балки мустаҳкам утмларда яшаганлар. Ас-Самҳудийнинг таъкидлашича, яҳудийларга тегишли утмларнинг умумий сони – 59 та бўлган. Яҳудий қабилалари Ясрибнинг ҳосилдор, обод қисмларини эгаллагандилар. Бану Надийр қабиласи Ясрибнинг жануби-шарқий қисмидаги Води Музайнаб, Бану Қурайза – улардан  шимолроқдаги Води Маҳзур, Бану Қайнуқоъ эса мазкур иккала қабиладан шимоли-ғарброқда, шаҳар марказига яқин жойда истиқомат қиларди. Шунингдек, бошқа кўп яҳудий уруғлари ҳам қулай ерларда йиғноқ бўлиб яшардилар. Тарихий манбаларга кўра эрамизнинг биринчи ва иккинчи асрларида Ҳижозга кўплаб яҳудийлар кўчиб кела бошладилар. Биринчи навбатда бу Рим империясининг Ўрта денгиз соҳилини истило қилганлиги, айниқса Яҳудия уруши /70 й./ деб ном олган Фаластин яҳудларининг Римга қарши қўзғолони қақшатқич равишда бостирилганлиги туфайли бўлди. Яҳудлар рим легионерларининг таъқибидан қочиб Ҳижознинг бир қанча шаҳарларида, жумладан Ясрибда паноҳ топдилар. Албатта, яҳудий иммиграцияси бир дафъада ёки қисқа муддат ичида юз берган деб бўлмайди. Бу узоқ давом этган жараён бўлиши керак.

Ясрибнинг исломдан олдинги араб аҳолисига келсак, улар асосан 2 та қабилани ташкил қилардилар: бану Аус ва бану Хазраж. Араб насабчиларинниг уқтиришича, бу икки қабила ўзаро қон-қариндош бўлиб, улар асли ватани жанубий Арабистондан ярим оролнинг бошқа районларига тарқаб кетган Азд қабила туркумига кирадилар. Аус ва Хазраж қабилалари ўз навбатида 5 тадан йирик ва бир қанча майда уруғларга бўлиниб, уларнинг умумий сони 40 тадан ортиб кетганди.  Бундан ташқари Ясриб атрофларида Аус ва Хазраж билан ҳомийлик асосида боғлиқ бўлган бир қанча майда араб уруғлари яшаган. Аус қабиласи Ясрибнинг шарқий ва жанубий қисмини, Хазраж эса шаҳарнинг ўрта ва шимолий қисмини эгаллаганди. Аус ерлари унумли, деҳқончилик учун қулай бўлиб, асосий яҳуд районларига туташ эди. Хазраж ерлари эса, аксинча кам ҳосилли бўлиб, фақат Қайнуқоъ ерларига яқин эди. Бу ҳолат иккала араб қабиласи ўртасидаги ва Ясрибнинг араб ва яҳуд аҳолиси ўртасидаги муносабатларга таъсир қилмай қолмади. Кўп сабабларга кўра ва уларнинг ичида энг муҳими – аҳолиси яккаю-ягона этник унсурдан таркиб топгани туфайли Макканинг бошқаруви исломдан олдинги 2-аср давомида барқарор шаклда бўлган бўлса, Ясрибда, аксинча, бундай барқарорлик амри-маҳол нарса эди. Бир қабила қўлида ҳосилдор ерларнинг тўпланиб қолиши, қолаверса, этник-диник қарама-қаршиликлар доимо низо чиқишини тақозо қиларди.

Айём ал-араб” туркумига кирган бир қанча “кунлар” ана шу воқеалар билан боғлиқдир. Бу ерда ҳам асосий сабаб ер-мулк масаласига бориб тақалади: нисбатан заиф Аус қабиласи ҳосилдор ерларга эга бўлиб олганди. Аксарият тўқнашувларда Хазраж қабиласи ютуққа эришарди. Воқеалар шу зайлда кетса, пировард натижада Хазраж шаҳарда устунликни қўлга киритиши мумкин эди. Аус икки қўшни яҳуд қабиласи Қурайза ва Надир билан иттифоқ тузишга уриниб кўрди. Аммо Хазраж етарли даражада кучли экан, шекилли, уруш билан таҳдид қилиб, Қурайза қабиласидан 40 нафар ўспиринни бандиликка олди ва уларнинг бетарафлигига эришди. Шундан сўнг Аус бошлиқлари ҳар йили Маккага уюштириладиган ҳаж маросимидан фойдаланиб, Қурайш қабиласи билан Хазражга қарши иттифоқ тузишга уриниб кўрди. Асосан савдода ҳукмронликни бермаслик учун курашиб келган Макка зодагонлари бундай иттифоқни рад қилдилар. Тақдирга тан беришдан бошқа илож қолмагач, Аус бўйсинишга мажбур бўлди. Ауснинг тобеликка рози бўлмаган баъзи уруғлари бошқа ёқларга кўчиб кетдилар.

Шундай вазиятда, чамаси Хазраж қабиласининг бошлиқлари қўпол хатога йўл қўйдилар: улар Ясрибда тўла ҳукмронликка эришиш мақсадида икки яҳуд қабиласи – Надир ва Қурайзага уруш билан таҳдид қилиб, ўз ерларини бўшатишларини талаб қилдилар. Бироз вақт ўтгач, Баёда уруғининг бошлиғи бандиликдаги яҳудий болаларини қатл қилишга буюрди. Бунга жавобан Аус қабиласи иккала яҳудий қабиласи билан иттифоқ тузди. Хазраж ҳам бадавий араблар орасида иттифоқчилар қидиришга мажбур бўлди. Шундай қилиб, бир-бирига зид икки кучли уюшма, иттифоқ вужудга келди. Томонлар бир ярим ой мобайнида ҳал қилувчи жангга тайёргарлик кўрдилар. Шу вақт ичида ҳар иккала томоннинг тарафдорлари бирмунча ортди. Ниҳоят, Қурайзага қарашли Буос деган жойда тўқнашув юз берди. Дастлаб Аус тарафдорлари одатдагидек енгила бошладилар. Аммо Хазраж кучларини бошқарган Амр б. Ан-Нуъмоннинг кутилмаганда ҳалок бўлиши жанг жараёнини ўзгартириб юборди. Хазраж ва унинг иттифоқчилари жанг майдонидан қочиб, утмларга беркина бошладилар. Аусийлар уларни  бироз таъқиб қилган бўлсаларда, утмларни қамал қилмадилар. Унинг устига Аус қўшинини бошқарган ал-Ҳудайр б. Симак ҳам бир неча кундан кейин жангда олган жароҳатидан ҳалок бўлди. Шундай қилиб, Аус ҳижрадан беш йил муқаддам юз берган “Буос” кунида ўз ғалабасини охиригача етказмади. Улар буни истамадилар ҳам, шекилли, зеро Хазраж батамом мағлуб қилинган ҳолда шаҳарда яна яҳудий қабилалари устунликка эришишлари мумкин эди. “Буос” куни ҳар иккала томон жуда катта зарар кўрди: аҳолининг юқори табақаларидан кўплаб киши қатл бўлди; ёнғин ва талон-тарож натижасида уйлар ва хусусий мулклар вайрон бўлди. Бундай вазиятдан чиқиш учун чора изламоқ даркор эди, Айниқса, бетараф мавқеда бўлган кичик уруғлар низолардан манфаатдор эмасди. Умуман, “Буос” кунидан сўнг кўпчилик ясрибликлар тинчликка, иттифоққа майл билдира бошладилар. Айтишларича, Хазраж қабиласидан бир нуфузли кишини шаҳарнинг умумий ҳокими сифатида тан олиш масаласида ҳамма қабила ва уруғ вакиллари орасида музокара ҳам кетарди.

Шундай вазиятда Ясрибга Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам  бошчилигида мусулмонларнинг ҳижрати /622 йил/ юз берди.  Шуни унутмаслик керакки, Ясриб атрофида кўчманчи араб қабилалари яшаган. Бадавийлар ўхтин-ўхтин шаҳар аҳолисига ҳужумлар қилиб турардилар. Буни бартараф қилмоқ учун шаҳардаги қабилалар бадавийларга “итова” тўламоқлари ёки улар билан ҳилф /иттифоқ/ тузмоқлари лозим эди. Ясрибнинг хўжалик ҳаётини кўп қиррали деб ҳисоблаш мумкин. Ясриб аҳолисининг кўпчилик қисми деҳқончилик билан шуғулланган. Эркин деҳқон хўжалиги билан бир қаторда чорикорлик ва ижарачилик ҳам мавжуд бўлган. Чорикорлик ва ижарачиликда ернинг унумдорлигига қараб, ҳар хил  миқдорда маҳсулот билан ҳақ тўланган.  Баъзида ернинг бир қисмини ўзига ва бошқа қисмини ер эгасига ишлаб бериш ҳоллари ҳам бўлган. Чорикор ва ижарачи деҳқонлар аксарият ҳолларда қарз олишга, унинг эвазига ўз улушларига тегадиган маҳсулотни ўсиб турган жойида /музобана/  ёки кўклайин  /муҳоқала/ сотишга мажбур бўлардилар. Қуръоннинг Мадина сураларида савдога оид кўплаб амр ва фармонлар бор. Айниқса қўшни бадавийлар билан фаол савдо муомаласи мавжуд эди. Бадавийлар Ясрибга туя, қўй, от, жун, кигиз, ёғ ва пишлоқ келтириб сотардилар. Ясрибдан эса аёлларга безаклар ва кийим-кечаклар билан қайтардилар. Ясриб темирдан қурол-яроғ ва қишлоқ хўжалик асбобларини ишлаб чиқаришда ҳам машҳур эди. Ясрибда бир қанча бозорлар мавжуд бўлиб, улардан энг йириги Води Батҳон кўприги ёнида жойлашган бану Қайнуқо, бозори эди. Бу бозор яҳудий Қайнуқо қабиласида ишланган безак ва қимматбаҳо буюмлар учун ихтисослашганди. Ясрибнинг шимоли-ғарбидаги Зубола деган жойда бошқа бозор бўлиб, у ҳижрадан сўнг энг йирик мусулмон бозорига айланди. Ал-Бақи’ –  махсус мол бозори эди. Катта бозорларда ҳар хил мол сотилар, аммо ҳар бир мол учун махсус бўлим ажратилганди.

Бозорларда олди-соттидан ташқари саррофлик /пул алмашиш/ ишлари ҳам олиб бориларди. Махсус кишилар даллоллик қилишар, баъзида улар бадавийларнинг молларини бозорга кирмасдан кўтарасига олиб, сўнг бозорда юқори нархда сотардилар.Ниҳоят, Макка каби Ясрибда ҳам судхўрлик /рибо/ ривожланганди. Судхўрлик синфий табақаланишни тезлаштирувчи омил эди, чунки қарздор киши қарзини узиш учун яна судхўрга мурожаат қилишга мажбур бўларди. Ясрибда судхўрлик билан араблар ҳам, яҳудийлар ҳам шуғулланардилар. Қуръонда рибо билан шуғулланувчи яҳудлар қораланган. Ясриб Маккадан нисбатан ривожланган ҳунармандчилиги билан ҳам фарқ қиларди. Бу ерда асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, деҳқончилик учун асбоб-ускуналар тайёрлаш тараққий қилганди. Ғўр ҳурмо мевасидан вино ва “фадих” деб аталган ичимликни араблар ҳам, яҳудлар ҳам кўплаб тайёрлаб, ўзлари ичардилар ва бошқаларга сотардилар.  Хурмо баргидан саватлар ясаш тарқалганди. Дурадгорлар эшик-дераза ва уй жиҳозларини  ясардилар. Яҳудийларнинг уйлари жиҳозларга бой бўлгани маълум. Ясрибнинг шимоли-ғарбида юлғун дарахтзорлари ва бутазорлари мавжуд бўлганлиги ёғочдан ҳар хил уй жиҳозларини тайёрлашга имкон берган. Шунингдек, араблар ва яҳудлар темирчилик билан ҳам шуғулланганлар. Аммо қимматбаҳо безак буюмларини ишлаш фақат яҳуд қабиласи бану Қайнуқо қўлида эди. Ясриб яҳудлари қурол-аслаҳа ва совутлар ясашда ҳам машҳур эдилар. Бу ишда улар ўзларини Довуд пайғамбарнинг ворислари деб фахрланардилар. Бундан ташқари Ясриб аёллари йигирув ва тўқимачилик билан шуғулланардилар. Агар шаҳардаги ички аҳвол барқарорроқ бўлганида Ясриб умуман Ҳижозда ҳукмронликка эришиши мумкин эди. Шаҳар аҳли буни тушуниб етган, кўринади. Ички низоларни бартараф қилишга қодир шахс, яъни “ҳакам” Ясриб аҳолиси ичидан чиқмагач, улар ташқаридан бундай шахснинг келишига ва шаҳар-давлат тақдирини ўз қўлига олишига рози бўлдилар.

248360cookie-checkҚидирув тизимлари орқали Макка ва Мадина каби шаҳарларнинг жойлашувини ўрганиш бўйича мастер-класс

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: