Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуйида Ислом миллати олимлари бўлмиш Абу Ханифа Нуъмон ибн Собит Ал-Куфий, Абу Юсуф Яъкуб ибн Иброҳим Ал-Ансорий ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Аш-Шайбонийлар Ислом дини асослари ҳақида нимани эътиқод қилганлари ва Аллоҳ Раббул оламинга қайси эътиқод билан сиғинганлари зикр қилинади ҳамда ана шу уламолар мазҳабларида Аҳли сунна вал жамоа ақидаси қандай бўлиши кераклиги баён қилинади:
1. Аллоҳнинг тавҳиди хусусида Аллоҳ тавфиқи ила эътиқод қилиб айтамизки: Аллоҳ яккадир, Унинг шериги йўқдир.
2. Унга ўхшаш ҳеч нарса йўқ.
3. Уни ҳеч нарса ожиз қолдирмайди.
4. Ундан ўзга илоҳ йўқ.
5. У ибтидосиз “қадим” ва интиҳосиз “доим” (ҳамиша мавжуд) Зотдир.
6. У фоний эмас ва ҳалок бўлмайди.
7. Фақат У хоҳлаган нарсагина бўлади.
8. Унинг ҳақиқатига гумону хаёллар етолмайди, Унинг моҳиятини ақл идрок қилолмайди.
9. У махлуқларга ўхшамайди.
10. Ўлмайдиган тирик ва ухламайдиган қайюмдир.
11. Бирон ҳожати бўлмай туриб яратувчи ва қийинчиликсиз ризқ берувчидир.
12. (Ҳеч кимдан) қўрқмасдан (махлуқотлар) жонини олувчи ва машаққатсиз қайта тирилтирувчидир.
13. Махлуқотни яратишдан аввал ҳам барча сифатлари Аллоҳда бор эди. Улар яралиши билан Аллоҳ аввал Ўзида мавжуд бўлмаган бирор сифат зиёда қилмаган. Барча сифатлари Аллоҳда азалдан бор бўлгани каби, ҳамма сифатлари Унда абадий мавжуд бўлиб қолади
14. «Яратувчи» номини яралмишни яратгандан сўнг олгани йўқ. Борлиқни яратмай туриб хам «Борий» исми бор эди!
15. Ҳеч қандай марбуб (яъни парваришга муҳтож махлуқ) бўлмаганда ҳам рубубият (парвардигорлик) сифати Унда мавжуд эди ва ҳеч қандай махлуқ бўлмаган ҳолда ҳам яратувчилик сифати Унга собит эди.
16. Аллоҳ Таоло ўликларни кайта тирилтиргандан сўнг ўликларни тирилтирувчи бўлса-да, уларни қайта тирилтиришдан аввал ҳам шу исмга ҳақли бўлган. Шунингдек, У махлуқларини яратмасдан аввал ҳам яратувчи исмига ҳақли бўлган.
17. Чунки, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир ва барча нарса Унга муҳтождир. Ҳар қандай иш Унга осон ва У ҳеч нарсага муҳтож эмас. Унга ўхшаш ҳеч нарса йўқ ва У эшитувчи ва кўрувчидир.
18. Халқларни ўз илми билан яратди.
19. Улар учун (барча) тақдирларни ўлчаб-белгилаб қўйди.
20. Уларнинг муддат-ажалларини тайинлади.
21. Уларни яратмасдан аввал ҳам Унга ҳеч нарса маҳфий эмасди. Уларни яратишдан аввал ҳам уларнинг нима қилажакларини биларди.
22. Уларни ўзига итоат қилишга буюрди ва осийлик қилишдан қайтарди.
23. Ҳар бир нарса Аллоҳнинг тақдири ва хоҳиши билан бўлади. Унинг хоҳиши албатта амалга ошади. Бандалар учун Аллоҳ нимани хоҳлаган бўлса, улар учун шундан ўзга хоҳиш йўқдир. Алло нимани улар учун хоҳласа, бўлади. Нимани хоҳламаса, бўлмайди.
24. Хоҳлаган бандасини Ўз фазли-карами ила ҳидоят килади, (гуноҳ килишдан) сақлайди ва (бало-мусибатлардан) офият беради. Хоҳлаган бандасини адолати ила адаштиради, (гуноҳлардан сақланишга) ёрдам бермайди ва (бало-мусибатлар билан) имтиҳон қилади.
25. Барча (бандалар) Унинг хоҳиши доирасида – фазли билан адли ўртасида ҳаёт кечирадилар.
26. У ўзига рақиблар ёки тенглар бўлишидан олийдир.
27. У тақдир қилган нарсани қайтарувчи, Унинг ҳукмини орқага сурувчи, Унинг амрига ғолиб келувчи йўқдир.
28. Юқоридагиларнинг барчасига иймон келтирдик ва барчаси Унинг ҳузуридан эканлигига аниқ ишондик.
29. (Яна шуни айтамизки) Муҳаммад алайҳиссалом Унинг танланган бандаси, сараланган пайғамбари ҳамда (Парвардигори ундан) рози бўлган расулидирлар.
30. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларнинг охиргиси, тақводорларнинг имом-раҳбари, элчиларнинг саййиди (улуғи) ва оламлар Роббисининг ҳабибидирлар.
31. У зотдан кейинги ҳар қандай пайғамбарлик даъвоси ботил ва ёлғондир.
32. У зот барча инсону жинларга ҳак ва ҳидоят, нур ва зиё билан юборилгандирлар.
33. Қуръон Аллоҳнинг каломидир, кайфияти бизга номаълум ҳолда Аллоҳ Таолонинг ўзи тарафидан (сўзма-сўз) айтилиб содир бўлган ва (кейин) уни Расулига ваҳий тарзида нозил қилгандир. Ҳамма мўминлар Қуръонни дарҳақиқат ана шундай деб тасдиқлаганлар ва уни махлуқларнинг каломи каби яратилган эмас, балки Аллоҳ Таолонинг ҳақиқий каломидир, деб иймон келтирганлар.
Кимда ким Қуръонни эшитгач, бу инсонларнинг сўзи деб ўйласа, шубҳасиз кофир бўлади. Бундай кимсани Аллоҳ Таоло мазаммат қилган ва “Мен уни тез кунда “сақар”-жаҳаннамга киритажакман”, деб унга таҳдид қилгандир.
(Қуръон тўғрисида): “Бу инсоннинг сўзидан бошқа нарса эмас”, деган кимсани Аллоҳ “сақар” билан огоҳлантириб қўрқитган экан, шундан биз Қуръонни Яратганнинг сўзи эканлигини ҳамда инсонлар сўзига ўхшамаслигини билдик ва иймон келтирдик.
34. Ким Аллоҳ Таолони фақат инсонларга хос бўлган бирон сифат билан васфласа, шаксиз кофир бўлади. Буни англаган инсон ибратланади ва кофирларникига ўхшаган сўзлардан тийилади ҳамда Унинг сифатлари инсонларники каби эмаслигини (аниқ) билади.
35. Жаннат аҳли Қиёмат куни Аллоҳни нигоҳ билан тўлиқ қамраб олмасдан, кайфияти бизга (ҳозирча) номаълум ҳолда кўриши ҳақдир. Парвардигоримиз китобида айтилганидек: “Баъзи юзлар ўша кунда порлоқдир ҳамда Роббисига қаровчидир”. Бу оятлар шарҳи Аллоҳнинг иродаси ва илмига ҳаволадир. Шу ҳақда саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳар қандай хабарни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай айтган бўлсалар шундайлигича, маъносини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иродаларига ҳавола қилган ҳолда қабул қиламиз. Бундай хабарларни тушунишда ўз фикрларимиз билан таъвил қилиб, ҳавою хоҳиш таъсирига берилмаймиз. Зеро, Аллоҳ ва Расулига тўла бўйсунган ва тушунмай қолган нарсасини Билувчи Зот иродасига ҳавола қилган кишигина динида саломат колади.
36. Аслида, Исломнинг кадами факат тўла таслим бўлиш ва бўйсуниш билан мустаҳкам бўлади. Бас, ким (Аллоҳ ва Расулига) таслим бўлиш билан қаноатланмасдан (Аллоҳ тарафидан) беркитилган нарсани билишга интилса, бу интилиши уни холис тавҳиддан, (Аллоҳ тўғрисидаги) тўғри билим-маърифатдан ва саҳиҳ иймондан тўсиб қўяди. Оқибатда у довдираган ҳолда куфр билан иймон, инкор билан иқрор ўртасида адашиб-улоқиб юради. Ўзининг на комил мўмин ва на кофир эканлигини билмай қолади.
37. Ким қиёмат кунида Аллоҳ Таолони кўришни ўзининг хаёлидагидек тасаввур қилса ёки ақли билан уни таъвил килса, унинг иймони нотўғри бўлади. Чунки қиёмат кунида Аллоҳни кўришнинг чин таъвили рубубиятга дахлдор бўлган ҳар қандай маънонинг таъвили сингари мутлақо таъвил қилмасдан тўла таслим бўлишдир. Ислом ана шу қоида устига барпо қилинган. (Аллоҳ ўзига исбот қилган сифатларни) инкор этишдан ва (уларни махлуқлар сифатига) ўхшатишдан эҳтиёт бўлмаган кимса, албатта тойилади ва (аслида Аллоҳни поклашни мақсад қилган бўлса-да, Уни) поклашда хатога йўл қўяди. Зеро, Буюк Роббимиз зотида ҳам, ишларида ҳам танҳо Ўзига хос сифатларга эгаки, ундай сифатлар бирон махлуқда бўлиши мумкин эмас.
38. Чегара-ҳудудлардан, ғоя-мақсадлардан, арконлардан ҳамда аъзо ва асбоблардан (яъни уларга муҳтож бўлишдан) олийдир. Ва Уни бошка махлуқларни (ўраб тургани) сингари олти тараф ўрамайди.
39. Меърож воқеаси ҳақдир. Пайғамбар алайҳиссалом (ўша кечаси Маккадан Байтул-Мақдисга) сайр қилдирилганлар ва у зотни уйғоқ ҳолларида осмонга, сўнгра Аллоҳ хоҳлаган юксакликка шахсан олиб чиқилган. (У ерда) Аллоҳ у зотни Ўзи истаганчалик иззат-икром этган ва нимани хоҳласа ваҳий қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари кўрган нарсаси ҳақида ёлғон гапирмаган. У зотга дунёю охиратда Аллоҳнинг саловотлари бўлсин.
40. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга – умматларига мадад бўлсин – Аллоҳ Таоло инъом этган хавзи кавсар ҳақдир.
41. Хабарларда ривоят қилинганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматлари учун сақлаб қўйган шафоатлари ҳам ҳақдир.
42. Аллоҳ Таоло Одам алайҳиссаломнинг ўзлари ва зурриётларидан олган аҳд-мисоқ ҳақдир.
43. Аллоҳ Таоло жаннатга кирувчиларнинг ҳам, дўзахга кирувчиларнинг ҳам умумий сонини азалда аниқ билган. Энди бу сонга ҳеч нима қўшилмайди ва ундан бирон нарса камайтирилмайди.
44. Амаллар ҳам худди шундай. Аллоҳ Таоло улар нима қилишларини билган бўлса, (ўша амалларгина қилинади, ҳеч нарса қўшилмайди ва ҳеч нарса камайтирилмайди). Ҳар бир киши нима учун яратилган бўлса, ўшанга муяссар этилади. Амалларга якунига қараб баҳо берилади. Чинакам бахтли инсон – Аллоҳнинг тақдири ила бахтли бўлган инсондир. Ҳақиқий бадбахт – Аллоҳнинг тақдири ила бахтсиз бўлган кимсадир.
45. Тақдир аслида Аллоҳ Таолонинг бандаларидан сир тутган бир нарсасидир. Ушбу сирдан ҳеч бир мукарраб фаришта ва ҳеч қайси пайғамбар воқиф бўлмаган.
Шунинг учун бу ҳақда мунозара қилиш, фикрга шўнғиш, васвасаланиб қолишдан хазир бўлмоқ лозим. Зеро, Аллоҳ Таоло тақдир илмини махлуқотдан беркитди ва уни билишга интилишдан бандаларини қайтарди. “(Аллоҳ) қилаётган иш ҳақида сўралмайди, бандалар эса сўраладилар”. Нима учун Аллоҳ бундай қилди? – деб сўраган кимса, юқоридаги оят ҳукмини рад этган бўлади, Қуръон ҳукмини рад қилмоқ эса куфрдир.
46. Шуларнинг бари Аллоҳга дўст бўлган, қалби (иймон нури билан) мунаввар зотлар учун керакли маълумотлардир. Илмда мустаҳкам бўлганлар даражаси ҳам шудир.
Чунки илм икки хил бўлади: махлуқотлар орасида мавжуд илм ва уларга берилмаган илм. Бор илмни инкор қилиш ҳам, йўқ илмни даъво қилиш ҳам куфрдир. Мавжуд илмни қабул қилиш ва йўқ илмни излашдан тийилиш билангина иймон собит бўлади.
47. Лавҳга, қаламга ва лавҳга битилган барча нарсага иймон келтирамиз. Аллоҳ Таоло лавхда “бўлади”, деб ёзиб қўйган нарсани бўлдирмаслик учун барча халқлар жамлансалар ҳам, қўлларидан ҳеч нарса келмайди. Аллоҳ Таоло лавҳда “бўлмайди”, деб ёзиб қўйган нарсани бўлдириш учун барча халойик жамланса ҳам, ҳеч нарсага эришолмайди.
Қиёмат кунига қадар нима бўлиши керак бўлса, ўшани қалам ёзган, сиёҳ қуригандир. Бандага нимаики тегмаган бўлса, аслида унга тегиши ҳам керак эмас эди. Унга теккан нарса эса, аслида уни четлаб ўтиши ҳам мумкин эмас эди.
48. Банда яна шуни билиши лозимки, махлуқот тарафидан нимаики содир бўлса, ўшани Аллоҳ Таоло аввалдан билган ҳамда уни пухта ва ўзгармас қилиб тақдир этгандир. Осмонлару ердаги бирон махлуқ ушбу тақдирни бузишга, кечиктиришга, йўқотишга, ўзгартиришга, камайтиришга ёки кўпайтиришга қодир эмас.
(Тақдир ҳақида) ана шундай эътиқодда бўлиш иймон арконларидан ҳамда Аллоҳни тўғри таниш ва рубубиятда Унинг ягона Зот эканлигини эътироф этиш асосларидандир. Аллоҳ Таоло марҳамат қилади: “У ҳар бир нарсани яратди ва унинг тақдирини аниқ ўлчаб-белгилаб қўйди.” Яна бир оятда эса: “Аллоҳнинг амри-иродаси (албатта содир бўлиши лозим бўлган) тақдири азалий бўлди”. Шундай экан, тақдир борасида касал қалб билан фикр юритиб, ушбу масалада Аллоҳ билан талашган кимсага вайл бўлсин. Зеро у ожиз фикри билан ғайбни титкилаб, Аллоҳ беркитган сирни билмоқчи бўлди ва (тақдир тўғрисида) ёлғон сўзлаб гуноҳкор бўлди.
49. Арш ҳам, Курсий ҳам ҳақдир.
50. Аллоҳ Таоло Аршдан ҳам ундан қуйи нарсалардан ҳам беҳожатдир.
51. У ҳамма нарсани (илми ва кудрати билан ўраб) ихота қилган ва (ҳамма нарсадан) юқоридадир. Махлуқотларини эса Ўзини ихота қилишдан ожиз қолдиргандир.
52. Аллоҳ Таоло Иброҳим алайҳиссаломни Ўзига халил (яқин дўст) қилган ва Мусо алайҳиссаломга чинакам тарзда гапирган, деб иймон келтирамиз, (шу тўғрида келган саҳиҳ хабарларни) тасдиқлаймиз ва (кайфиятини Аллоҳга ҳавола этиб) таслим бўламиз.
53. Фаришталар ва пайғамбарларга ҳамда элчиларга нозил килинган барча китобларга иймон келтирамиз ва ҳаммалари очик-ойдин ҳақиқат устида бўлганлар деб гувоҳлик берамиз.
54. Қибладошларимиздан пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган барча нарсани тан олган, у зот айтган ҳар бир сўз ва хабарни тасдиқлаган кишини мўмин-мусулмон, деб айтамиз.
55. Аллоҳ (нинг зоти) ҳақида чуқур кетмаймиз. Аллоҳнинг динида талашиб баҳслашмаймиз.
56. Қуръон хусусида тортишмаймиз. У Аллоҳнинг каломи экани ҳамда уни (Аллоҳ ҳузуридан) Руҳул Амийн олиб тушиб, элчилар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўргатганига гувоҳлик берамиз. Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Махлуқлар каломининг бирортаси унга баробар бўлмайди. Қуръонни махлуқ демаймиз ва мусулмон жамоа (эътиқоди)га мухолиф бўлмаймиз.
57. Аҳли қибладан ҳеч бир кишини қилган гуноҳи туфайли – башарти шу гуноҳни қилиш ҳалол деб эътиқод қилмаса – кофир демаймиз.
58. Шунингдек, агар кишида иймон бўлса, қилган гуноҳининг унга зарари бўлмайди, деб ҳам айтмаймиз.
59. Аллоҳ Таоло солиҳу тақводор мўминларнинг (хато-камчиликларини) афв этишини ва Ўз раҳмати билан уларни жаннатга киритишини умид киламиз. Шу билан бирга улар борасида тўла хотиржам ҳам бўлмаймиз ва уларни жаннатий бўлди, деб аниқ айтмаймиз. Ёмон амаллар қилган мўминлар ҳаққига Аллоҳдан мағфират сўраб дуо киламиз. Улар (нинг оқибати) борасида қўрқиб турамиз ва (айни пайтда) уларни умидсизлантирмаймиз .
60. Зеро, (Аллоҳнинг макри ва азобидан) хотиржам бўлиш хам, (Унинг раҳматидан) умидни узиш ҳам кишини диндан чиқаради. Қибла аҳли учун ҳақ йўл шу икки нарса ўртасидадир.
61. Банда ўзини иймонга олиб кирган нарсани инкор қилган ҳолдагина диндан чиқади.
62. Иймон тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлашдир.
63. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шариат ва унинг баёни ҳақида нимаики саҳиҳ нақл қилинган бўлса барчаси ҳақдир.
64. Иймон (барча учун) бир нарсадир ва мўминлар иймоннинг аслида баробардирлар. Улар бир-бирларидан фақат (Аллоҳдан) қўрқиш, тақво қилиш, ҳавойи нафсига эргашмаслик ҳамда авлороқ (яъни тақво эгаларига лойиқ бўлган) йўлни тутиш билан афзал бўлишлари мумкин.
65. Барча мўминлар Раҳмон Таолонинг дўстларидир. Аллоҳ ҳузурида мўминларнинг энг мукаррами энг итоаткор ва Қуръонга кўпроқ эргашувчи мўминдир.
66. Иймон Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, элчиларига, Охират кунига ва тақдирнинг яхшию ёмони, ширину аччиғи Аллоҳ Таоло тарафидан эканлигига ишонмоқдир.
67. Биз шуларнинг барчасига иймон келтирамиз ҳамда Аллоҳнинг элчиларидан ҳеч бирларини ажратмаймиз ва (Аллоҳ ҳузуридан) олиб келган барча хабарларида уларга ишонамиз.
68. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларидан кабира гуноҳларни қилганлар модомики тавҳид ақидасида жон бериб, Аллоҳни таниган (Унга иймон келтирган) ҳолларида Унга йўлиқсалар, гарчи гуноҳларидан тавба қилмаган бўлсалар ҳам дўзахда абадий қолмайдилар. Улар Аллоҳнинг иродаси ва ҳукмига ҳавола бўладилар. “Ширкдан бўлак гуноҳларни истаган бандасидан кечиради”, деб марҳамат қилганидек, агар Аллоҳ хоҳласа, уларни фазли карами ила кечиради. Хоҳласа адли билан уларни дўзахда азоблайди, сўнгра Ўз раҳмати билан ва итоатгўй-солиҳ бандалари орасидаги шафоат қилувчилар шафоати билан уларни дўзахдан чиқариб жаннатига киритади. Чунки Аллоҳ Таоло Ўзини (ҳаққи-рост) таниган (яъни иймон келтирган) бандаларининг дўстидир. Аллоҳни танимаган, Унинг ҳидоятидан ва Унга дўст бўлиш шарафидан насибадор бўлмаган кимсалар билан Ўз дўстларини Аллоҳ Таоло икки дунёда хам баробар қилмайди. Эй, Ислом ва мусулмонлар дўсти бўлган Зот! Ўзингга йўлиққунимизга қадар, бизни Исломда собит қилгин!
69. Қибла аҳлидан бўлган ҳар қандай солиҳ ёки фожир кимса орқасида (яъни унга иқтидо қилиб) намоз ўқишни ҳамда улардан вафот этганларига жаноза ўқишни жоиз, деб биламиз.
70. Қибла аҳлидан ҳеч кимни жаннат ёки дўзахда, деб айтмаймиз. Модомики, куфр, ширқ ва нифоқ аломатини изҳор қилмаган кишини кофир, мушрик ёки мунофиқ деб гувоҳлик бермаймиз. Дилларидаги сирни эса Аллоҳ Таолога ҳавола киламиз.
71. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларидан ҳеч кимга қарши қилич кўтаришни жоиз демаймиз. Фақат қилич билан жазоланиши вожиб бўлган кимсалар бундан мустасно.
72. Халифа-имомларимизга, бошлиқларимизга – гарчи бизга зулм қилсалар ҳам – қарши чиқишни жоиз, демаймиз. Уларга дуои бад қилмаймиз ва итоатларидан бўйин товламаймиз. Модомики, маъсиятга буюрмасалар, уларга итоат қилишни Аллоҳ азза ва жаллага итоат қилиш жумласидан бўлган фарз, деб эътиқод қиламиз. Уларга салоҳият ва офият сўраб дуо қиламиз.
73. Суннатга ва жамоатга эргашамиз. Жамоадан ажралиб чиқишдан, ихтилофлашишдан ва бўлиниб кетишдан четланамиз.
74. Адолатли ва омонатдор (мўмин)ларни яхши кўрамиз, золим ва хиёнаткорларни ёмон кўрамиз.
75. Тушунолмай қолган нарсаларимиз ечимини (Аллоҳга ҳавола қилиб) Аллоҳ билгувчироқ деймиз.
76. Ривоятларда келганидек, сафарда ҳам, муқимликда ҳам маҳсига масҳ тортишни жоиз, деймиз.
77. Ҳаж ва жиҳод мусулмонлардан бўлган солиҳу фожир раҳбарлар бошчилигида то қиёматга қадар давом этади. Бу икки ибодатни ҳеч қандай сабаб бекор қилолмайди.
78. (Амалларимизни) ёзувчи фаришталарга иймон келтирамиз. Аллоҳ Таоло уларни бизга ҳимоячи қилиб қўйгандир.
79. Барча махлуқлар жонини олишга вакил қилинган Малакул-мавт (ўлим фариштаси)га иймон келтирамиз.
80. Қабр азобига лойиқ бандалар учун қабрда азоб борлигига ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлардан ривоят қилинганидек, ҳар бир киши қабрида Мункар ва Накир фаришталари тарафидан Роббиси, дини ва пайғамбари ҳақида сўроқ қилинишига иймон келтирамиз.
81. Қабр (солиҳ мўминлар учун) жаннат боғларидан бир гулшан ёки (кофирлар ва баъзи осий мусулмонлар учун) дўзах чуқурларидан бир чуқурчадир.
82. Қиёмат кунида қайта тирилиш, амаллар учун мукофот берилиши, (амалларнинг Аллоҳга) рўпара қилиб, ҳисоб-китоб қилиниши, номаи-аъмолларнинг ўқилиши, савоб ва жазо (белгиланиши), (жаҳаннам устидан тортилган кўприк бўлмиш) Сирот, (бандаларнинг яхши ва ёмон амаллари тортиладиган) тарозу – барчаси ҳақ эканлигига иймон келтирамиз.
83. Жаннат билан дўзах яратиб қўйилган ва асло йўқ бўлиб кетмайди. Аллоҳ Таоло жаннат билан дўзахни бошка махлуқотларидан олдин яратди ва ҳар иккиси учун (муносиб) бандаларни ҳам яратди. Бандаларидан кимни Аллоҳ жаннатий бўлишини ирода қилган бўлса, бу Унинг фазли-карами туфайлидир. Кимни дўзахий бўлишини истаган бўлса, бу Унинг адли тақозосидир. Ҳар бир инсон ўзи учун азалдан хал этиб қўйилган нарса (жаннат ёки дўзах) учун амал қилади ва нима учун яратилган бўлса, ўша сари ўзи боради.
84. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бандаларга (азалдан) тақдир қилингандир.
85. Бирор ишнинг амалга оширилиши учун зарур бўлган (ҳақиқий) қодирлик – масалан, Аллоҳнинг бандани бир ишни амалга оширишга муваффақ қилиб қўйиши ўша иш амалга ошаётган пайтда вужудга келади (ва банда бундан масъул эмасдир). Аммо соғлик, тоқат-имконият, асбоб-ускуналар каби банда тарафидан бўладиган қодирлик эса ўша амалдан олдин мавжуд бўлади. Шариатнинг хитоблари ана шу иккинчи қудратга тааллуқли бўлади. “Аллоҳ Таоло бирон кимсага унинг тоқатидан ортиқ бўлган нарсани юкламайди.”
86. Бандаларнинг амалларини Аллоҳ яратади, бандалар эса (шу яратилган амалларни) ўзлаштирадилар.
87. Аллоҳ Таоло бандаларга тоқатлари етадиган нарсаларнигина буюргандир. Улар ҳам Аллоҳ буюрганидан ортиғига кодир бўлолмайдилар. “Лаа хавла ва лаа куввата илла биллаҳ” калимасининг маъноси шудир. Биз бу ҳақда шундай деймиз: Аллоҳга маъсият қилишдан ҳеч ким ўзича на ҳийла билан, на бирор ҳаракат билан қутула олади. Фақат Аллоҳ ёрдами билангина бунга эришиш мумкин. Шунингдек, Аллоҳга итоат этиш ва тоат-ибодатда бардавом бўлиш учун ҳам Аллоҳ Таоло тавфиқидан бошқа қувват йўқдир.
88. Ҳар бир нарса Аллоҳ Таолонинг хоҳиши, илми, қазо ва қадари билан амалга ошади. Аллоҳнинг хоҳиши барча хоҳишлардан устундир, Унинг қазо ва қадари эса ҳамма ҳийла-тадбирлар устидан ғолибдир. У (ҳеч кимга) зулм қилмаган ҳолида Ўзи хоҳлаган ишини қилади. У ҳар қандай ёмонлик ва ҳалокатдан олийдир, барча айбу нуқсонлардан покдир. “У қилаётган иши ҳақида сўралмайди, бандалар эса сўраладилар”.
89. Тирикларнинг дуо ва садақаларида маййитлар учун фойда бордир.
90. Аллоҳ Таоло дуоларни ижобат қилади, ҳожатларни раво қилади.
91. У ҳамма нарсанинг эгасидир. Унга эса ҳеч ким эгалик қилолмайди. Ҳеч ким бирор лаҳза ҳам Аллоҳдан беҳожат бўлолмайди. Кимки бир лаҳзага бўлса ҳам Аллоҳдан беҳожат бўламан деса, кофир бўлади ва ҳалокат аҳлига айланади.
92. Аллоҳ Таоло ғазабланади ва рози бўлади, бироқ бу сифатлар бандаларники каби эмасдир.
93. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларини яхши кўрамиз. Аммо биронталарига бўлган муҳаббатимизда ҳаддан ошмаймиз ва ҳеч бирларидан воз кечмаймиз. Уларни ёмон кўрган ва номақбул сўзлар билан эслаганларни ёмон кўрамиз. Ўзимиз уларни фақат яхшилик билан ёдга оламиз. Уларни яхши кўриш дин, иймон ва эҳсондир, уларни ёмон кўриш эса куфр, нифоқ, ҳаддан ошишдир.
94. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг халифаликни умматнинг энг афзал ва муқаддам вакили Абу Бакр Сиддиққа, сўнгра Умар ибн Хаттобга, сўнгра Усмонга, сўнгра Али ибн Абу Толибга исбот киламиз (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин). Шу зотлар рошид халифалар ва ҳидоятли раҳбарлардир.
95. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номларини айтиб, жаннат башоратини берган ўн кишининг жаннатий эканларига биз ҳам гувоҳмиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлари айни ҳақиқатдир. Улар: Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Талха, Зубайр, Саъд, Саъид, Абдурраҳмон ибн Авф ва умматнинг энг омонатдор кишиси Абу Убайда ибн Жарроҳдир. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.
96. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари, покиза аҳли-аёллари ва ҳар қандай ёмонликдан пок зурриётларини фақат одоб билан тилга олган киши ўзини нифоқдан сақлаган бўлади.
97. Саҳоба ва тобеинлардан ҳамда улардан кейин ўтган салаф уламолари – аҳли ҳадислар, фикҳ ва назар олимлари – фақат яхши ном билан тилга олинишлари лозим. Уларни ёмон сўз билан тилга олган кимса ҳақ йўлда эмасдир.
98. Ҳеч бир авлиёни бирор пайғамбардан устун санамаймиз, балки биргина пайғамбар жамики авлиёлардан афзал деймиз.
99. Уларнинг (яъни авлиёларнинг) кароматлари тўғрисида бизга ишончли кишилар орқали етиб келган саҳиҳ ривоятларни тасдиқлаймиз.
100. Дажжолнинг чиқиши, Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари, қуёшнинг кунботар тарафдан чиқиши, Доббатул арз (ер ҳайвони)нинг ўз еридан чиқиши каби Қиёмат аломатларига иймон келтирамиз.
101. Коҳинларга, фолбинларга ҳамда Қуръон, Суннат ва мусулмонлар ижмосига зид нарсаларни даъво қилган бирон кимсага ишонмаймиз.
102. Жамоатни ҳак ва тўқрилик деб, ажралиш-тафриқани эса хато ва азоб, деб биламиз!
103. Ерда ҳам, осмонда ҳам Аллоҳнинг дини ёлғиз Исломдир. Аллоҳ Таоло марҳамат қилади: “Аллоҳ наздида (ягона мақбул) дин Исломдир”. “Сизлар учун Исломни дин, деб рози бўлдим”.
104. Ислом дини чуқур кетиш билан сусткашлик қилиш ўртасида, ташбех билан таътил ўртасида, жабрия билан қадария эътиқоди ўртасида ҳамда (Аллоҳнинг макридан) хотиржамлик билан (Аллоҳнинг раҳматидан) умидсизланиш ўртасидадир.
105. Ана шу нарсалар бизнинг динимиз ва ошкору махфий эътиқодимиздир. Ушбу эътиқодга мухолиф бўлган ҳар қандай кимсадан поклигимизни Аллоҳга эълон қиламиз.