“الكتاب – китоб” сўзи луғатда жамлаш маъносидаги “كتبه كتبا وكتابا وكتبة وكتابة –катабаҳу катбан ва китабан ва катабатан ва китабатан”нинг ўзак шаклидир. Муболаға юзасидан “мафъул” яъни, “ёзилган” маъноси масдар билан номланган. Ёки мафъул маъносида ишлатиладиган “فعال –фиъалун” вазнидаги исмдир. Худди “малбус” яъни “кийилган” маъноси учун “либос” исми ишлатилганидек. Ҳар икки тақдирда ҳам, у “жамланган” маъносида бўлади.
Унинг истелоҳий маъносида, “Дурарул ҳуккам фи шарҳи ғурарил аҳкам”[1] китобида: “Турли навларни ўз ичига олиб, ҳар бири мустақил деб эътибор қилинадиган масалалар тўпламидир”, дейилган. Боб ўрнига китоб лафзи ихтиёр қилинганининг сабаби, китоб лафзида жамлаш маъноси бор. Боб эса, нав (тур) маъносидадир. Зеро, таҳорат китобида таҳоратни фақат бир тури эмас, балки турлари баён қилинади.
“Сиҳоҳ”[2]да бу сўзга қуйидагича таъриф берилган: “Ал-китоб маълум бўлиб, унинг кўплиги “кутуб” ва “кутб”дир. Китоб-фарз, ҳукм ва қадар маъноларини билдиради”.
Луғат олимлари наздида “الكاتب – котиб” сўзи “олим” деган маънони билдиради. Унинг кўплиги “катб” бўлади. “المُكتِب – муктиб” ёзишни биладиган киши ва “الكتيبة – катиба” қўшин маъноларини билдиради.
“الطهارة – таҳарот” “طهَر الشيء وطهُرَ (Тоҳараш-шайу ва тоҳура)– нарса пок бўлди” жумласидаги феълнинг ўзаги бўлиб, “نجس – нажаса” (нажас бўлди)нинг аксидир. Ва “طُهْرٌ – туҳрун”, яъни “поклик” сўзи “ҳайз”нинг зидди. “التطهِيرُ – татҳийр” ғусл қилиш орқали покланишдир. Агар аёл кишининг (ҳайз) қони тўхтаса, “طهُرت –тоҳурот” пок бўлди, дейилади.
“الطَّهُور –тоҳур” лафзи “التطهِيرُ – татҳийр” поклаш, тозалаш маъносидаги ўзакдир. Ҳадиси шарифда: “مفتاح الصلاة الطهور – Намознинг калити покликдир”[3], дейилган. Ушбу лафз, у билан покланадиган нарсанинг исми ҳамдир. Аллоҳ таолонинг сўзида сифат бўлиб келган. “وأنزلنا من السماء ماء طهورا – Осмондан пок сув (ёмғир) ёғдирдик”[4]. Муғриб[5] китобида шундай келтирилган. Ушбу китобда яна Саълаб[6]дан: “Албатта “الطَّهُور -тоҳур” ўзи пок бўлиб, бошқани покловчидир”, деган сўз ҳикоя қилинган.
Бу тўғрида “Муҳит”[7] китобида шундай дейилади: Таҳорат икки тур бўлади:
- Ҳақиқий, у ҳақиқий нажосатни кетказишдир.
- Ҳукмий, у вузуъ (таҳорат) ва ғуслдир. Ушбу икки покланиш мутлоқ сув билан ҳосил бўлади.
“الطهارة – таҳорат” лафзи ўзак бўлгани учун бу ўринда кўплик шаклида келтирилмаган. Зеро, аслида ўзаклар иккилик ва кўплик қилинмайди.
Дарҳақиқат, таҳорат намознинг шарти бўлганидан ундан олдин қўйилди. Шарт эса, машрутдан олдин туради. Бирор узр сабабли соқит бўлмагани ҳамда намоз шартлари ичидан энг муҳими бўлгани учун бошқа шартлардан олдин келтирилди. Унинг вожиб бўлишининг сабаби намоздир. Бироқ, албатта, ҳар намозга турганда таҳорат қилиши учун таҳоратсиз бўлиш шарт қилинади.
Таҳорат луғатда “тозалик” ва “озодалик” маъносини билдириб, “ифлослик” нинг зиддидир. Шариатда эса, турли кўринишдаги махсус покланиш бўлиб, таҳорат, ғусл, таяммум қилиш ҳамда бадан, кийим каби нарсаларнии ювишни ўз ичига олади[8].
“النجس – нажас” лафзи “жим” ҳарфини фатҳали қилиб ўқилганда нажосатнинг айнан ўзнини билдиради. Касра қилиб ўқилганда эса, нажосатли кийим сингари пок бўлмаган нарса тушунилади. Бу фиқҳ уламолари истелоҳига кўрадир. Луғатда бирор нарсани нажас эканини айтишда “жим”нинг касра ва фатҳаси билан ҳам ифодалаш мумкин.
“الفرض – фарз” луғатда кесиш ва белгилаш маъносини билдиради. Шариатда эса, қатъий далил билан лозим бўлган ҳукм. Унинг ҳукми: узрсиз тарк қилган одам иқобга қолади ва уни инкор қилган кофир бўлади. “Сиҳоҳ”да: Фарз – белгиланган туҳфа, ҳадя бўлиб, масалан: “ما أصبت منه فرضا ولا قرضا (Ма асобту минҳу фарзан ва ла қарзон)– Мен ундан туҳфа ҳам ҳадя ҳам олмадим” дейилади.
“الوضوء –вузуъ” луғатда “الوضاءة –вазоат” сўзидан олинган бўлиб, “гўзаллик” ва “ялтираш” маъносини билдиради.
Шариатда эса, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш нияти билан махсус аъзоларни ювиш ва масҳ қилишга вузуъ-таҳорат дейилади. Бунда луғавийлик маъноси ҳам бор. Чунки, таҳорат деганда ювиладиган аъзоларни гўзаллик билан ювиш тушунилади.
“Ихтиёрот”[9]да таҳорат уч қисм бўлиши айтилган:
Биринчиси, фарз бўлиб, намоз ўқимоқчи бўлган киши таҳоратсиз бўлганда қилиши лозим бўлган таҳорат. Аллоҳ таолонинг ушбу оятига мувофиқ:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلَاةِ فَاغْسِلُوا وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُوا بِرُءُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَيْنِ[10]
“Эй имон келтирганлар! Намоз (ўқиш)га турар экансиз, албатта, юзларингизни, қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқларигача (ювингиз)!”.
Иккинчиси, вожиб бўлиб, Каъбани тавоф қилиш учун қилинадиган таҳорат. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларига биноан:
الطواف صلاة إلا أن الله أباح فيه المنطق[11]
“Тавоф намоздир, фақат Аллоҳ унда гапиришни мубоҳ қилган”.
Учинчиси, мандуб яъни мустаҳаб бўлиб, ухлаш, маййитни ювиш учун, бировни ғийбат қилганидан кейин, қаҳқаҳа отиб кулганидан кейин қилинадиган таҳорат. “Муғний”[12] ва “Хулоса”[13] китобларида: ғийбат қилиш, шеър ўқиш ва қаҳқаҳа отиб кулгандан кейин таҳорат қилиш мустаҳаб дейилган.
“الوضوء – вузуъ” сўзи замма билан ўқилса ўзак бўлиб, фатҳа билан ўқилганда таҳорат қилинадиган сувга нисбатан ишлатилади. Жумлада қуйидагича келади:
وقد وضُوءَ وتوضأ وُضُوءا حسنا بوَضُوء طاهر – У пок сув билан чиройли таҳорат қилди.
“الغُسْل -ғусл” оқизиш демакдир. “الغُسالة –ғусала” бирор нарсани ювгандан кейинги ювинди сув. “الغَسُول –ғасуул” у билан ювиладиган сув. “المُغْتَسَل –муғтасал” ҳам ҳудди шу маънодадир. Яна ювинадиган жойни ҳам “المُغْتَسَل –муғтасал” дейилади.
“الغِسْل -ғисл” деб касра билан ўқилганда Хитмий ва шунга ўхшаш ўсимликлар қўшилиб бош ювиш учун ишлатиладиган сув маъносида бўлади. “الغِسْلين –ғислийн” сўзи ҳам шундан олинган бўлиб, дўзахийларнинг гўшт ва қонларидан ювилиб оқиб чиқувчи нарса (йиринг)дир.
“ غَسْل الشيء-ғослуш шай”– бирор нарсанинг устидан сув оққизиш билан кир ва шунга ўхшаш ифлосликларни кетказишдир.
“الغُسل -ғусл” деб замма билан ўқилганда исм бўлиб, жасаднинг барча қисмини ювишга айтилади. Ва яна, у билан ғусл қилинадиган сув ҳам тушунилади.
ميمونة رضي الله عنها فوضعت غسلا للنبي صلى الله عليه و سلم
Маймуна розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда айтадилар: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун сув тайёрлаб қўйдим”.
“المني– манийй” “й”нинг ташдиди билан ўқилади. У шаҳват шиддатлашган пайтда отилиб чиқадиган сув бўлиб, эркак кишида қуюқ ва оқ, аёл кишида суюқ ва сарғиш бўлади. У чиқаётганда лаззат беради ва чиққандан кейин бўшаштиради. Ҳиди хамрнинг ҳидига яқинроқ бўлади. Унинг чиқиши ғуслни вожиб қилади.
“المذي – мазий”ни “مَذَى وأمْذى ومذَّى–маза, амза, мазза” кўринишида уч хил ўқиш мумкин. У эркак кишининг жинсий аъзосидан жинсий алоқани ўйлаган ёки хотинини ўпиб қучоқлаган пайтда чиқадиган оқ ёпишқоқ суюқлик. Гоҳида унинг чиққани сезилмай ҳам қолади. Унинг чиқиши таҳоратни синдиради, ғуслни вожиб қилмайди.
“الوَدْيُ – вадий” эркак кишининг жинсий аъзосидан келадиган қуюқ оқ суюқлик бўлиб, лаззатсиз ўзи, гоҳо эса сийгандан кейин келади. Унинг чиқиши таҳоратни синдиради, ғуслни вожиб қилмайди. “الوَدِيّ” бўлиб ташдидли ўқилганда ҳам ҳудди шу маънода бўлади.
“الخِتان– хитон” эркак ва аёлнинг жинсий аъзосини хатна қилинадиган ўрни. Эркак кишида хатна қилиш, жинсий олатини қоплаб турган зоида терини кесиш билан бўлади. Аёл кишида эса, фаржнинг ички юқори қисми томонида бироз ўсиб турган терини кесиш билан бўлади.
“الحشفة -ҳашафа” эркак жинсий аъзосининг хатна қилиб кесилган тери остидаги жой. Закарнинг олд қисми.
“المَسْح – масҳ” луғатда қўлни бир нарсанинг устидан силаб ўтказиш ва ундан изни кетказишдир. Истелоҳда : ҳўлланган қўлни масҳ қилинадиган махсус аъзога суртишдир. Қўлнинг ҳўли идишдаги сувдан ёки ювиладиган аъзоларни ювгандан кейин қолган сувдан бўлиши мумкин. Аммо масҳ тортадиган аъзоларга масҳ тортгандан кейин қолган ҳўллик бўлса, мумкин эмас.
“اليد -ядун” елкадан бармоқ учларигача бўлган аъзога қўл дейилади. Шунга кўра мускул, тирсак, билак ва кафтларнинг барчаси биргаликда умумий тарзда қўл исмининг остига кириб кетади. “أيْد –айдун” унинг кўплик шаклидир. Кўплик соннинг кўплиги “الأيادي –аядий”дир. Ушбу лафзнинг асли “ يَدْيٌ –ядйун” бўлган.
“السِواك -сивак” лафзи, у билан (тиш) тозаланадиган новда ёки масдар (ишқалаш) маъносида келади. Бу ерда масдар маъноси ирода қилинган. Истелоҳда: махсус новда(арок номли бута) ёки шунга ўхшаш нарсани тишдаги кир ва сариқликни кетказиш учун тишга ишқалашдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу борада кўплаб ҳадислар ривоят қилинган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим”, дедилар”. Молик ва Бухорий ривоят қилишган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчидир”, дедилар”. Бухорий, Шофеъий ва Насаий ривоят қилишган.
Мисвок ишлатиш ҳар таҳорат қилиш вақтида суннатдир. Уни ишлатиш кайфияти қуйидагича: мисвокни ўнг қўли билан ушлаб, тишларининг эни бўйлаб ўртадан ўнг томонга, яъни олд тишдан озиқ тишга қараб ишқалайди. Сўнг ҳудди шу тарзда чап томонга қараб қилади. Мисвок ишлатилиб бўлингач сув билан ювиб қўйилади.
“المضمضة – мазмаза” сувни оғизда ҳаракатлантириш. Истелоҳда: Оғзига сув олиб, чайқаб сўнг чиқариб ташлаш. Ва буни уч маротаба қайтариш. “Толиба”[14] китобида “Мазмаза оғизни сув билан поклашдир”, дейилган.
Агар оғзига олган сувни ютиб юборса ёки оғзини очганда сувни ўзи оқиб тушса мазмаза қилган ҳисобланмайди. Мазмаза таҳоратда суннат ва ғуслда фарздир. Таомланиб бўлгандан кейин мазмаза қилиш мустаҳабдир.
“الاستنشاق – истиншоқ” бурунга сув киритиш. “Сиҳоҳ”да айтилишича: агар бурнига сув ёки бошқа нарсани киритса “استنشقت الماء وغيره –истаншақтул ма ва ғойроҳу” дейилади. “Тилбатут толиба”да: Истиншоқ бурунни сув билан поклаш, дейилган. Истиншоқ таҳоратда суннат ва ғуслда фарздир.
“الاستنثار – истинсар” бурундаги сувни нафас билан чиқариш. Азҳарий: “Истинсар – чап қўлнинг кўрсаткич ва бош бармоғини бурун устига қўйиб, бурун кавагидаги сувни бурун ҳавоси билан чиқариб ташлашдир”, деганлар. Баъзилар истинсар истиншоқнинг айни ўзи, дейишади. Лекин, истинсарни истиншоқдан бошқа нарса эканига далил пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда: “Бас, уч сиқим сув билан уч мартадан оғзини чайқади, бурнига сув олди ва бурнидан сувни чиқарди” дейилган.” (Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сизлардан бирортаси таҳорат қилса, бурнига сув олсин сўнг чиқариб ташласин”, деганлар.
“الإغماء – иғмо” луғатда ҳушдан кетиш маъносидадир. Фуқаҳолар истелоҳида: қалб ёки димоғдаги офат (касаллик) бўлиб, улардаги идрок ва ҳаракатнинг (вақтинча) тўхташидир. Бу вақтда ақл мағлуб (енгилган) ҳолда бўлади.
Табиблар истелоҳида: димоғ ичини қуюқ совуқ балғам билан тўлиб қолишидир. Бу ҳам касалликнинг бир тури ҳисобланади.
Мутакаллимлар наздида: бирор иллат туфайли аъзоларнинг бўшашиши натижасида инсонга етадиган саҳв (унутиш)дир.
“Таърифот”да айтилади: иғмо – заифлаштирувчи моддаларсиз ҳаракат кучи кетиб, ихтиёрсиз бўшашишдир. Ҳушдан кетиб ўзига келгандан кейин ғусл қилиш мустаҳабдир.
“الغشي – ғошюн” луғатда беҳуш бўлиш. Табиблар наздида: қалбдаги заифлик туфайли сезги аъзосининг ҳаракат кучини тўхташидир. Бунга қаттиқ бўғилиш ёки совуқлик ёки ҳаддан ташқари очқаш ёки қалб ва ошқозон сингари аъзолардаги касаллик сабаб бўлади.
“الجنون –жунун” ақлни тортиб олинган бўлишидир. Журжоний қуйидагича таъриф берганлар: жунунлик ақлни кетиши ёки озиши бўлиб, сўз ва ҳаракатни ақл кўрсатмасига кўра юришдан тўсиб қўяди. Шу сабабдан, мажнун жиннилиги кетмагунича мукаллаф бўлмайди. Сўз ва амалдаги тасарруфлари эътиборга олинмайди. Кўпинча бу ҳолатда қувват ошиб кетади.
“الدّم -даму” Қон- тирик жонзотларнинг томирларида оқадиган қизил суюқлик. Тириклик айнан шунга асосланади. Фуқаҳолар шу маънода ишлатишади. Ва яна қасос ва ҳадий (жонлиқ)ларни ҳам ушбу лафз билан ифодалайдилар. Масалан қасос эгасига нисбатан “مستحقّ الدّم мустаҳиққуд дам” ёки жонлиқ сўйиш лозим бўлган кимсага “يلزمه دم –ялзамуҳу дам” дейишади. Аёл кишиларда бўладиган ҳайз, нифос ва истеҳозаларга ҳам қон дейдилар. Қон чиқиб оқиши билан таҳорат бузилади.
“صديد الجرح –содидул журҳ” йиринг бўлиб қуюқлашишдан олдин қон билан аралашган суюқ жароҳат суви. Ушбу лафз Қуръон каримда дўзахийларнинг терисидан оқиб чиқадиган қон ва йиринг маъносида келади.
مِنْ وَرَائِهِ جَهَنَّمُ وَيُسْقَى مِنْ مَاءٍ صَدِيدٍ[15]
Яъни, “Унинг рўпарасида жаҳаннам турар. (Жаҳаннамда) унга йиринг сувидан берилур”.
“القيح – қойҳ” қон аралашмаган йиринг ёки йиринглатувчи микроблар тасирида тўқималарни яллиғланишидан пайдо бўлган суюқлик. Содид ва қойҳларнинг кўпи нажосат деб эътибор қилинади ва ками авф қилинади.
“المدة -мидда” “Мим”нинг касраси ва “дол”нинг ташдиди билан ўқилади. Жароҳатда йиғилган йиринг.
“القيء -қой” қайт қилиш, ейилган ёки ичилган таомнинг ошқозонда ўрнашгандан кейин чиққан қусуқ.
“القلَس –қалас” ҳалқумдан оғизни тўлдириб ёки камроқ тарзда чиққан суюқлик. У қайтдан бошқа нарсадир. У кекириш натижасида чиқади.
“الاستقاء –истиқо” қайтни талаб қилиш, яъни қориндаги нарсани қасддан чиқаришдир. Бу қусуқнинг ўзини зўрлик билан келишидан бошқа нарсадир. Қасддан қайт қилиш ҳақидаги гап асосан рўза китобида, хусусан рўзани бузиш бобида келади.
“الملاء -мила” ушбу лафз касра билан “ал-мила” шаклида ўқилганда идишни тўлалигига нисбатан айтилади. Фатҳа билан ўқилганда ўзак бўлади.
“الاضطجاع -изтижоъ” ёнбошлаб ётиш, ухлашдир. Инсон ёки ҳайвоннинг бир томонини ерга қўйиши.
“الاستلقاء –истилқо” чалқанча ётишдир.
“الاتكاء – иттико” думбаси билан ерга ўтириб, икки оёғини бир томонидан чиқариши ва иккинчи томони билан бирор нарсага суянишидир. Ёки турган ё ўтирган ҳолда муаййан бир томонга суяниш.
ТИИ Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси
катта ўқитувчиси Фарҳод домла Жўраев
[1] Ушбу аср муаллифи Қози Муҳаммад ибн Фаромуз. Мулла Хусрав исми билан танилган. Ақлий ва нақлий илмларни мукаммал эгаллаган ҳамда фаръий ва аслий масалаларни ўртасини жамловчи олим бўлган. Унинг яна “Мирқотул усул ва шарҳуҳу” “Ҳаваший ал-мутаввал” каби асарлари мавжуд. 885 санада Қустонтонияда вафот этган.
[2] “Сиҳоҳ” ишончли луғат китобларидан бири. Муаллифи: Имом Абу Наср Исмоил ибн Ҳаммод ал-Жавҳарий ал-Фаробий. У луғат ва адаб уламоларидан ҳисобланади. 393-ҳижрий санада вафот этган.
[3] Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Имом Термизийлар ривоят қилишган.\
[4] Фурқон сураси 48-оят.
[5] Муаллифи Абул Фатҳ Носир ибн Абдуссаййид ал-Матризий. Фиқҳ, луғат ва баён уламоларидан. Мўътазилий мазҳаби имомларидан ҳисобланади.
[6] Абул Аббос Аҳмад ибн Яҳё ибн Зайд бин Саййор ан-Нахвий аш-Шайбоний. (816-914 м. 200-291 ҳ.) Саълаб исми билан танилган. Бағдодда туғилиб, шу ерда вафот этган. Куфалик наҳв ва луғат олимларидан бўлган. Асарлари: “ал-Фасиҳ”, “Қоваиъдуш шеър”, “Маъониш шеъ”, “Эъробул Қуръон”.
[7] Ушбу асар ишончли масалаларни ўз ичига олган қимматли бебаҳо китоблардандир. Барча фуқаҳолар, хусусан Ҳанафий уламолари мурожааат қиладиган фиқҳий манба. Муаллифи Имом Бурҳониддин Маҳмуд ибн ас-Содр ас-Саъид Тожуддин Аҳмад ибн ас-Содр ал-Кабир Бурҳониддин Абдулазиз ибн Умар ибн Моза. (000-616 ҳ).
[8] Бу Ҳанафий мазҳаби уламолари наздидаги таърифдир.
[9] Эҳтимол, фиқҳ борасидаги ушбу китоб Абу Саъид Халф ибн Айюб ал-Омирий ал-Балхийга (000-220 ҳ.) тегишли. У Балх ва Хуросон муфтийси бўлган.
[10] Моида сураси 6-оят.
[11] Ушбу ҳадис бир бирига яқин лафзлар ва турли йўллар билан баъзиси марфуъ ва баъзиси мавқуф ҳолда ривоят қилинган. Ушбу йўллар бир-бирини қувватлайди. Ушбу ҳадисларни барчасини Зайлаъий “Насбур роя” китобида зикр қилган. Жумладан Аҳмад ибн Ҳанбал “Муснад”ларида, Термизий “ат-Туҳфада” , Насоий “Сунан”да ривоят қилган.
[12] “Ал-Муғний” деб номланан китоблар жуда кўп. Менга юқоридаги жумлани ушбу китобларнинг қайси биридан нақл қилинганини билиш имкони бўлмади.
[13] Ушбу китобнинг тўлиқ номи “Хулосатун ниҳоя фи фавоидил ҳидоя” Марғилонийнинг “Ҳидоя” китобининг шарҳи. Муаллифи: Қози Алоуддин Маҳмуд ибн Абдуллоҳ Соъид ал-Ҳорисий ал-Марвазий. (541 ҳ.-606 ҳ).
[14] Ушбу китобнинг тўлиқ номи “Тилбатут толиба”. Умумий фиқҳ истелоҳларини хусусан Ҳанафий фиқҳи истелоҳларини баён қилган машҳур китоб. Муаллифи: Шайх Нажмуддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий (000-537 ҳ).
[15] Иброҳим сураси 16-оят.