islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Наҳв илмининг пайдо бўлиши ва унинг асосчилари

Аллоҳ таоло ўзининг охирги ва мукаммал динига, инсоният камолга етиши учун, унга қиёмат кунигача икки дунё саодатини кўрсатувчи динга араб тилини танлади.

Азизу ҳаким бўлган Аллоҳ таолонинг бу ихтиёри ҳам ҳикматга тўла эди. Аллоҳ таолонинг охирги дини қиёмат қоим бўлгунча туриши керак. Бунинг учун доимий мўжиза лозим. Ўтган пайғамбарларнинг мўжизалари шахсларига боғлиқ бўлиб, улар жисман дунёдан ўтишлари билан мазкур мўжизалари ҳам тамом бўлар эди. Ислом қиёмат қоим бўлгунча қолиши ихтиёр қилингани учун ҳам, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бош мўжиза этиб Қуръонни ирода қилди. Абадий мўъжиза бўлиб қоладиган китоб учун эса, шунга лойиқ тил керак. Бу тил араб тили бўлди. Айнан ушбу тил барча талабларга жавоб бера оларди.  Шундай бўлди ҳам. Аллоҳ таоло Қуръонни араб тилида туширди. Уни “Мўъжиза” деб эълон қилди. Тилларининг нозик-нозик жойларигача ҳис этиб турадиган арабларни мусобақага чақирди: агар қодир бўлсалар, Қуръонга ўхшаш бир китоб келтиришни, лоақал ўн оятичалик лоақал бир оятичалик нарса келтиришни таклиф этди. Араблар уриндилар, келтира олмадилар. Ҳозиргача келтира олмаяптилар. Кундан-кунга, араб тилида Қуръон тушганлиги унинг абадий мўжиза бўлиб қолишини ҳар тарафлама таъминлаганига ҳужжат ва далиллар кўпайиб бормоқда.[1]

Аллоҳ  каломининг фақат арабчаси Қуръон бўлади, Аллоҳ қандай лафз, ҳарф ила нозил қилган бўлса, ўшаниси Қуръондир. Бошқа нарса ҳеч қачон Қуръон бўла олмайди. Ҳеч қачон инглизча, русча ёки ўзбекча Қуръон бўлиши мумкин эмас. Қуръони Карим маъноларининг бошқа бир тилга таржимасини ҳеч қачон “Қуръон” деб бўлмайди. У таржималар араб тилини билмайдиганлар учун Қуръон маъноларини бир оз тушунтириш учун ёрдам, ҳолос. Улар ҳеч қачон Қуръон ҳукмида эътиборга олинмайди. Мазкур таржималарни ҳатто “Қуръон таржимаси” деб ҳам бўлмайди. Балки “Қуръон маъноларининг таржимаси” дейилади. Чунки, ҳар қандай таржима ҳам Қуръони каримда келган маънони тўлиқ ифода қила олмайди. Аллоҳ таоло сўнги дини таълимотларини баён қилувчи Каломини араб тилида бўлишини ихтиёр этганлиги бежиз эмаслиги  асрлар давомида янада равшанроқ аён бўлмоқда. Бошқа илоҳий китобларнинг асл нусхалари асл тиллари қолмаган. Шунинг учун ҳам, ўша китоб умматлари ўз китоблари, динлари  ҳақида ихтилофга тушдилар. Улар китобларига ҳам, динларига ҳам ўзгартириш киритганлар. [2]Қуръони карим эса, бир ҳарфи ҳам ўзгармай, собит ва абадий мўъжиза бўлиб турибди. Аллоҳ таолонинг Маккаи мукаррамани охирги шариъати учун марказ қилиб олиши, араб тилини охирги китоби учун тил қилиб олиши, арабий бўлган инсонни (Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам) Пайғамбар қилиб танлаши, ўша ерда яшаётган, ўша тилда гапирадиган Пайғамбар қавмидан бўлган одамларга Ислом алоҳида масъулият юклар эди. Улар араб эдилар. Ўша замонда яшаб турган бошқа қавм ва халқлардан кўра оламшумул Исломнинг масъулиятини кўтариш учун муносиброқ кишилар шулар эдилар. Чунки, улар бошқалардан кўра ҳурроқ, зеҳнлари ўткирроқ эди. Уларни жамлаб, устиларидан ҳукмини ўтказиб турадиган марказлашган давлатлари ҳам йўқ эди. Уларнинг барчасига бирдек таъсир қиладиган собит дину-диёнатлари ҳам йўқ эди. Ҳар ким ўз қўли билан ясаб олган бутга чўқинарди. Шу билан бирга, ўша пайтнинг араблари шижоатли, саховатли, содда одамлар эди. Ушбу шартлар ҳам оламшумул Исломнинг таянч нуқтаси айнан шу жамиятда бўлишини тақозо қиларди. Аллоҳ таоло беҳикмат иш қилмайди.

Қуръони карим таълимотидан шу нарса маълум бўладики, бу дунё манзилгоҳининг  мазмуни, охират диёрининг ободлиги, кишиларни ҳеч бир нарсага бэ эътибор бўлмаслиги биландир. Одамзот фарзандларининг араб алифбосига талпиниши  вужудидаги табий хилқат жиҳатларидан эканлиги, ҳамда қиёматдаги савол-жавоблар араб тилида бўлиши бежиз эмас.

Шайх Муҳаммад Ҳабиб бу ҳақида шундай дейди:

“Албатта у Қуръони карим араб тилида нозил қилинган, ким  уни фаҳмлашни хохласа араб тилини ўрганиш билан мукаммал тушунади.[3]

Халқимизда “Тилга эътибор элга эътибор” деган ибора бор. Киши қанча тил билса инсонлар ичида шунча ҳурматли бўлади, ҳатто нечта тилни ўзлаштирса шунча шахс ҳисобланади.

Аллоҳ таоло ўз каломида шундай дейди:

  • قوله تعالى : انا جعلناه قرأنا عربيا لعلكم تعقلون

“Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки, ақл юритсангиз.”[4] Яъни, ақл юритасиз деган мақсадда охирги китобимизни араб тилида нозил этдик”, деб айтилмоқда.  Албатта бу оятлар араблар учун шараф бўлиши  билан бирга, улар устига жуда улкан масъулият ҳам юклайди. Қуръонга, иймонга, Исломга хизмат қилишдек катта масъулиятни қўйади. Араблар ақлларини ишлатиб, ўзларига юклатилган буюк вазифани тушуниб етишлари ва унга лойиқ хизмат қилишлари лозим бўлади.

Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ҳар бир пайғамбарга ваҳий араб тилида нозил бўлган, кейин уни ўз қавмига таржима қилиб берган қиёмат кунидаги тил сурёний тил бўлади. Ким жаннатга  кирса араб тилида гаплашади.” (Ибн Абу Ҳотим ривоят қилганлар) [5]

Юртимизда эркин ва фаровон ҳаёт, кучли ҳуқуқий демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эзгу мақсад замирида инсон ва унинг манфаатлари мужассам бўлиб, унинг самарадорлиги халқимиз маънавий-руҳий қарашларидаги янгиланиш, жамиятимиз онгу тафаккуридаги юксалиш билан узвий боғлиқдир. Истиқлол миллий ва диний қадриятларимиз тикланишига кенг имкониятлар яратди. Дин миллий маънавиятни шакллантиришга бевосита таъсир қилувчи мезонлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бу диний ва дунёвий илмлар ўртасидаги нозик муносабатларнинг моҳияти ҳар томонлама тўғри тушунтириб бериш, динлар ҳақидаги мантиқий асосланган билимларни шакллантириш ва дунёвийлик тушунчасини чуқурлаштириб боришни тақозо этади[6]. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таъкидлаганларидек: “Тарих ва ҳаёт тажрибаси шундан далолат берадики, дунёвий ва диний қадриятлар бир-бирини тўлдирмас экан, бугунги куннинг оғир ва муракккаб саволларига тўла қонли жавоб топиш осон бўлмайди..”[7] Ҳар хил зиддиятларни бартараф қилишга ҳамма бирдек масъулдир. Шу сабабли малакавий битирув ишида имкон даражасида шариатимиз уламоларини ҳаётларидан гўзал намуналарни мисол қилиб келтиришга ҳаракат қилиб, грамматик таҳлилларда ҳам ўзига хос кўриниш бўйича ишлар қилинди.

Қуръони Карим маъноларини тушунишлик, кайфиятини билиш, ундаги нозик жиҳатларни тушуниш учун араб тили грамматикасини яхши билмоқ лозим. Ҳар қандай одам ҳам муфассир, мужтаҳид бўлолмайди. Чунки, бунинг ўзига яраша масъулияти ва талаблари бор. Мужтаҳид ёки муфассир бўлиш учун уламоларимиз қуйидаги ишларни билишни шарт қилганлар.

  1. Араб грамматикасини билиши
  2. Аллоҳ таолонинг Китоби илмини билиш
  3. Балоғат ва фасоҳат илмини билиши
  4. Оятни қачон ва қаерда нозил бўлганлигини билиши
  5. Оятнинг носих ва мансухини билиши лозим бўлади.

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Раҳимов Аминбой

[1] Маннопов Рустамбек. Куфа ва Басра наҳв мактаблари ўртасидаги ихтилофлар ва масалалар таҳлили.Битрув малакави иши Тошкент 2013. Б.6.

[2] Маннопов Рустамбек. Куфа ва Басра наҳв мактаблари ўртасидаги ихтилофлар ва масалалар таҳлили.Битрув малакави иши Тошкент 2013. Б.7.

[3]  Шайх Муҳаммад Ҳодий. Тафсирул муфассирун “Жомиъатул Разовия лил улумил исламия” 1956й.

[4] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Тавба.9. Тошкент: Тошкент ислом университети. 2001.

[5]  Абул Фидо Исмоил ибн Касийр. Тафсийрул Қуръанил азйм. Байрут. “Дару ибн Ҳазм”  1382-Б. 2000й.

[6] Маннопов Рустамбек. Куфа ва Басра наҳв мактаблари ўртасидаги ихтилофлар ва масалалар таҳлили.Битрув малакави иши Тошкент 2013. Б.9.

[7]Каримов И.А. “Юксак маънавият-енгилмас куч”. Б. 96.Тошкент Маънавият, 2008й

305820cookie-checkНаҳв илмининг пайдо бўлиши ва унинг асосчилари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: