Бугун биз ўз қалб қўрини, қўз нурини, меҳр-муҳаббатини, келажаги буюк юртга баркамол авлодларни тарбиялашдек масъулиятли вазифани зиммаларига олиб, бу олийжаноб ишни шараф билан бажаришга бел боғлаган устозларимизни, муаллиму мураббийларимизни қутлаймиз.
Мамлакатимизда 1997 йилдан буён “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумҳалқ байрами сифатида нишонланиб келинмокда.
Бу ёруғ оламда онадек меҳрибон, отадек ғамхўр, ҳар биримиз учун азиз ва мўътабар бўлган улуғ зот бу муаллим ва мурраббийлардир.
Азиз халқимизнинг бир нақлида: “Сен одамларга бир йил яхшилик қилмоқчи бўлсанг, буғдой эк, ўн йил яҳшилик қилмоқчи бўлсанг, таълим-тарбия бер”- дейилган. Шу боис қадимдан кишилар ўз зурриётларини устоз қўлига топширар эканлар. “Эти сизники, суяги бизники” деб устозга нисбатан ишонч билдиришган.
Устозлар хақида сўз кетганда беиҳтиёр беғубор болалигимиз, орзу – интилишларга тўла болалик йилларимиз, илк бора қулимизга қалам тутказган биринчи ўқитувчимиз кўз олдимизда гавдаланади.
Бизларнинг ҳар бир саволимизга чуқур эътибор ва босиқлик билан жавоб берувчи, элнинг назаридаги биринчи муаллим. Сизларга бугун қўлимизни кўксимизга қўйиб ташаккур айтамиз.
Ҳаёт уммонида бамисли маёқ
Йироқларга назар ташлар устозлар
Содиқ шогирдларга бераркан сабоқ
Доимо ҳак йўлга бошлар устозлар.
Энг оғир дамларда вазминлик билан,
Сабр ила матонат дарсин ўтарлар.
Эзгулик сингдириб дилларга ҳар дам,
Келажакка тотли мева тутарлар.
Зеро бу юксак ишончни оқлашда устоз-муаллимларимизнинг доимо тайёр эканликларига ҳеч шубха йўқ.
Қадрли устоз! Ҳаёт китобини очувчи Сизсиз. Яхши-ёмон кунларимизнинг кузатувчиси ҳам Сиз. Сизни кўриб шодланамиз. Юрагимиз, калбимиз билан Сизга талпинамиз устоз!
Мабодо ҳаётда қоқилсак, хато қилиб қўйсак уларни тўлдирувчи, тузатгувчи, унутгувчи ҳам сизсиз, азиз, муаллим.
Дарҳақиқат, устоз буюклар ичра буюк зот. Зотан ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Берунийларнинг ҳам илм оламига илк тетапоялари оддий ўқитувчи, устоз кўмагида ташланган. Ўқитувчи-машъала. У ўзи ёниб, ўзгалар йўлини ёритишга умрини бағишлаган фидойи инсондир. Муаллим-матонат тимсоли. У меҳр-мухаббат, эзгулик рамзи. Зеро, боланинг мурғак қалбига эзгулик уруғини қадаган, илмга ташналик, ота-она, Ватанга меҳр хиссини уйғотадиган инсон-ўқитувчидир.
Муаллим, мураббий-мўътабар, муҳтарам зот. Уни мўътабар қилган нарса болаларга чексиз меҳри, муҳтарам қилган муҳаббати.
Мактабга қадам қўйган мурғак қалблар-ниҳоллар муаллим меҳри, мухаббати, маҳорати ила улғаядилар, дунёни танийдилар. Шу сабаб уларни эъзозлаймиз, қадрлаймиз.
Дедилар: дунёда асли ким азиз?
Айтдилар: устоздир, устоз бегумон.
Тағин айтдиларки: азиз шубҳасиз
Устоз қадрига етолган инсон.
Сизларга саломатлик, баркамол авлодни тарбиялаш йўлидаги машаққатли, лекин шарафли ишингизда улкан зафарлар ва омад, оилангизда эса тинчлик, омонлик ва шоду ҳуррамлик тилаймиз.
Шогирдларингиз ва фарзандларингиз камолини кўриш барчангизга насиб этсин.
ТИИ Илмий тадқиқот фаолиятини
ташкил этиш бўлими муҳандиси М.Мавлянкулов