islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Наполеон Исломни қабул қилганми?

1798-1801 йилларда Наполеон Бонапартнинг Мисрга юриши замонавий даврда Европа ва араб-усмонли дунёси ўртасидаги муносабатларда муҳим босқич бўлди. Ушбу юриш Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги Европа кучлари ўртасидаги очиқ мустамлакачилик тўқнашувининг бошланиши эди.

Мисрни забт этишда французлар иккита асосий мақсадни кўзладилар: биринчи мақсад бой мустамлака яратиш, иккинчиси эса, уларнинг абадий душмани – инглизларга оғриқли зарба бериш эди, чунки Мисрнинг стратегик жойлашуви инглизларга ҳужум қилишни осонлаштирарди.

Ўша йилларда Миср ҳукмдорлари Усмонли султонлари бўлишига қарамай, ҳақиқий ҳокимият мамлукларга тегишли эди. Мамлуклар Кавказ ва Болқондан келган оқ танли қулларнинг махсус қатлами бўлиб, улар қул бозорларида ҳарбий хизмат учун махсус сотиб олинган. Бу анъананинг тарихи кўп асрларга бориб тақалади ва Фотимийлар даврида пайдо бўлган. XIII аср ўрталарида мамлуклар Мисрда ҳокимиятни қўлга киритишга муваффақ бўлдилар. Улар 1517 йилгача, Миср Усмонлилар томонидан босиб олингунга қадар мамлакатни бошқарган.

Бонапарт перед сфинксом — Википедия

Бироқ, Мисрни босиб олгандан сўнг, Усмонлилар Мамлук ҳарбий тизимини сақлаб қолишди ва янги вилоят эҳтиёжлари учун оқ қулларни сотиб олишни давом эттирдилар. XVIII асрда султоннинг марказий ҳокимияти заифлаша бошлади ва мамлуклар амалда Усмонлиларга параллел равишда Мисрнинг ҳақиқий ҳукмдорларига айланиб, ўзларининг ҳокимиятларини яратдилар.

Наполеон Мисрга қилган ҳарбий юришини икки сабаб билан изоҳлайди:

Биринчи сабабга кўра, французларнинг миссияси гўёки, мисрликларни, маҳаллий аҳолига фақат зулм, деспотизм-мустабидлик олиб келган мамлукларнинг ҳукмронлигидан қутқариш эди. Шундай қилиб, французлар маҳаллий арабларга инқилоб қилишга ёрдам беришди. У Мисрни ваҳшийликдан халос қилиши ва тараққиёт олиб келиши керак эди.

Иккинчи сабабга кўра, Наполеон французлар Исломга ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч қандай душманлик қилмаслигини даъво қилган. Уларнинг мақсади мусулмонларга қарши чиқиш эмас, балки уларни қўллаб-қувватлаш эди.

Наполеоннинг мисрликларга биринчи мурожаати алоҳида қизиқиш уйғотади. Унда Наполеон Исломни йўқ қилиш ниятида деган туҳматчиларга ишонмаслик кераклигини таъкидлаган. У золим-мамлуклар қўлидан ҳокимиятни олиб, маҳаллий аҳолининг ҳақ-ҳуқуқларини тиклашни мақсад қилганини ва шунинг учун у Аллоҳга хизмат қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ва Қуръони каримни улуғлаётганини даъво қилди.

Наполеон ҳатто французларни ҳақиқий мусулмонлар деб эълон қилди. Унинг фикрича, Римни эгаллаб олиб, насронийларни Исломга қарши урушга чақирган папа тахтини французлар вайрон қилди, шунингдек, мусулмонларга қарши жанг қилишни Тангри буюрган деб даъво қилган рицарларни Малтадан яна ўша французлар қувиб чиқарди.

Шунинг учун, баъзи тарихчилар Наполеоннинг нутқлари ва мактублари ва бошқа бир қатор фактларга асосланиб, уни “ўта тақводор”, баъзан эса “дин ҳимоячиси” сифатида кўрсатишга киришдилар. Халқ орасида унинг генералларидан бири Жак-Абдуллоҳ Мену кабиларнинг Исломни қабул қилгани ҳақида миш-мишлар тарқалди.

Кунларнинг бирида Наполеон мусулмон бўлиш ҳақида ўйлаётганини “ошкор” қилди. Лекин у мусулмонларнинг ҳурматини янада кўпроқ қозониш ва осонроқ бўйсунишлари учун шундай қилмоқчи эди. Шунинг учун Напалеоннинг Ислом ва мусулмонларга оид сўзлари ва ниятлари у қадар самимий эмас эди. Лекин айни пайтда Наполеон Бонапарт французлар сиёсий жиҳатдан мусулмонлар билан яқин бўлишни хоҳлашларини, ҳам маънавий, ҳам ақлий жиҳатдан шахсан Ислом пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни ҳурмат қилишини очиқ тан олди, бу ҳақиқат эди.

Ушбу фактларга асосланиб, Наполеоннинг таржимаи ҳолини ўрганган тадқиқотчилар унинг Исломни ва Муҳаммад алайҳиссаломни ҳурмат қилганини, лекин Исломни қабул қилмаганлигини тахмин қиладилар. Наполеоннинг нутқлари одамларни манипуляция қилишнинг ўзига хос усули эди, чунки у муваффақиятга интилишида кўп нарсага тайёр эди.

Натижада французларнинг Миср юриши уч йил давом этди ва ҳарбий нуқтаи назардан муваффақиятсиз бўлди. Бироқ, бу Европа ва араб-усмонли дунёси ўртасидаги кейинги муносабатлар учун катта аҳамиятга эга эди. Бу юришдан кейин Европада Ислом ва Шарққа қизиқиш яна ортди.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси

Пўлатхон Каттаев таржимаси

375040cookie-checkНаполеон Исломни қабул қилганми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: