“Муқаддас қадамжоларимизни обод қилсак, юртимизга барака ёғилади. Уларни зиёрат қилиш юртдошларимиз учун ҳам қарз, ҳам улкан саодатдир”
Шавкат Мирзиёев
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда, жумладан, Бухоро вилоятида муқаддас қадамжолар кўплиги, уларни зиёрат қилиш юртдошларимиз учун ҳам қарз, ҳам улкан саодат эканини таъкидлади. Ёш авлодни аждодларимизнинг маънавий мероси асосида тарбиялаш ҳақида сўз юритилди.
“Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади.”- дея хабар беради president.uz сайти.
Дарҳақиқат, она юртимиз азалдан ўз бағрида улуғ алломалар, мутафаккирлар ва мутасаввифларни етиштириб чиқарган муборак заминдир. Ҳатто вафотларидан кейин ҳам Бухоронинг файзига файз қўшиб турган энг ёрқин намуналаридан “Етти пирлари”имиздир. Улар Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Бобои Самосий, Саид Амир Кулол ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларидир. Бу мутасаввиф пирларимиз нафақат зоҳир илмини, балки ботин илмида ҳам камолга етишган зотлардан эдилар. Ҳатто уларнинг таълимотлари замонлар оша ҳали-ҳануз инсонларни ҳидоят йўлидаги ёрқин чироқ бўлиб хизмат қилиб келмоқда.
Юртбошимиз буюк пирларимизни яхши биладиган, таълимотларини чуқур англаб етган, туб моҳиятини тушуниб, халққа етказиб бера оладиган кадрлар тайёрлаш кераклигига алоҳида эътибор қаратдилар. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинким, бутун инсоният муаллимлари бўлган мутасаввиф бобокалонларимизнинг таълимотларини муносиб давом эттирадиган, туб моҳиятини халққа содда тилда мукаммал етказиб бера оладиган уламоларимиз бор. Шунингдек, президентимизнинг қарори билан Бухорода шундай кадрлар етиштириб чиқариш учун “Тасаввуф мактаби” ҳам ташкил этилди. Бу улуғ ташаббус барчамизни беҳад қувонтирди. Кўзда ёшлар билан юртбошимиз ҳаққига дуои хайрлар қилдик.
Бироқ, камчилик ҳам йўқ эмас, таассуфлар бўлсинки, ҳозирги кунда юқорида тавсифлаб ўтган уламоларимизнинг саноғи жуда камайиб кетди, бу қарийб ўттиз икки миллион аҳолига ҳисоблаганда жуда оз. Бунинг натижасида халқимиз орасида кўплаб тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда. Инсонлар тасаввуфга ўзгача бир янги соҳа бўлса керак дейдиган даражага етиб борди. Бироқ, тасаввуф алоҳида бир таълимот эмаски уни маълум бир соҳа вакиллари томонидангина ўрганилса, балки содда қилиб айтганда “тасаввуф – қалб иши”, ундаги турли ҳолатлар устида ҳар бир инсон устоз ёрдамида ўзини-ўзи ислоҳ қилишдир. Шунингдек тасаввуф инсоннинг қалби, онгини тўғрилашдаги энг кучли воситадир. Зеро, инсонни зоҳирини тўғрилаш, ботиндан бошланади, усиз зоҳирни ислоҳ қилиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам айтиб ўтмоқчимизки, халқимиз ҳозирги кунда бундай руҳий озуқага жуда муҳтож. Бу эҳтиёжни қондириш учун эса юртбошимиз таъкидлаганидек: “Ёш авлодни аждодларимизнинг маънавий мероси асосида тарбиялаш” керак. Ҳамда тасаввуфга мадрасаларимиздан бошлаб қаттиқ эътибор қаратишимиз лозим. Иншааллоҳ, шундан кейин халқимиз орасидаги турли ҳил муаммоларнинг олди олинади. Негаки инсон тўғри манбадан озуқа олишга имконияти бўлмаса, ўзига ёт бўлган ўриндан эҳтиёжини қондиришга ҳаракат қилишга мажбур бўлади.
Ул улуғларимизнинг каромат денгизларидан бир томчи:
Фарз амаллардан сўнг дуо мустажоб бўлур
Хожатманд киши деди: “Хожам, бизга бу шайтон тузоғидан саломат қолишимиз учун иймон дуосини ўргатмоғингизга муҳтожмиз”. Хожа дедилар: “Ваъда андоқдурки, фарз амалларидан сўнг дуо мустажоб бўлур. Сен фарз амалларни собитлик билан бажар ва бизни хайр дуоси билан ёд қил! Фарз амаллардан сўнг биз ҳам сени ёд олурмиз. Бу орада ижобат асари зоҳир бўлгай, сенинг ҳаққинга, ҳам бизнинг ҳаққимизга”.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний
Хотирни яхши асрамоқ керак
Хожа Баҳоуддин дедиларки, бобом менга буюрдилар: “Бориб Хожа Муҳаммад Бобога ташриф ҳозирини илтимос қилки, ул кишининг қадамининг баракоти бу манзилга етгай. Ул кишининг дийдорига етишганимда ажаб кароматлар ул зотдан мушоғада бўлди. Икки ракат намоз ўқиб, сўнг бошимни саждага қўйдим. Ўша орада тилимга бу нидо келди: “Илоҳи! Балоларинг юкини тортмоққа қувват ва муҳаббатинг меҳнатини тортмоққа сабр-тоқат бер!”.
Эртаси куни Хожа хизматига етдим. Хожа буюрдилар: “Эй фарзанд, дуони бундоқ қилмоқлик керак: “Илоҳи, Сенинг ризолигинг нимаики бўлса, бу заиф бандангни Ўз фазл ва караминг ила анда тут!” Агар Худованди таоло ҳар дўстига бир бало юборса, Ўз инояти билан бу балони тортмоққа ҳам қувват беради ва ҳикматини ҳам унга зоҳир этади. Ихтиёр билан бало талаб қилмоқ душвордир. Ибосизлик қилмамоқ керак. Ундан сўнг таом ҳозир бўлди. Еб бўлгач, Хожа менга бир дона нон берди. Хаёлимга келдики, “ҳозир тўйиб овқатландик, борадиган жойимизда ҳам муқаррар таом бўлур, бу нон нимага керак?”
Хожа йўлга отландилар. Мен ул зотнинг жиловида яёв борар эдим. Бор вужудим билан таважжуҳга берилиб, ниёзи тамом билан қадам урардим. Агар кўнглимда бирор ўзгариш пайдо бўлса, Хожа: “Хотирни яхши асрамоқ керак”, деб буюрардилар.
Йўлда бир муҳибларнинг уйига етдик, у бизни истиқбол этди. Дарвешда изтироб асари зоҳир бўлди. Хожа дедилар: “Тўғрисини айт, нимадан изтироб чекаяпсан?”, дарвеш деди: “Уйда сут ҳозирдир, аммо нонимиз йўқ”. Хожа менга дедилар: “Ўша нонни келтирки, оқибат бизнинг ишимизга яради”. Менда бу ҳол мушоҳадасидан эътиқодим янада кучайди.”
Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий
Тушда пирини кўрган мурид
Ул зот муборак сафарга чиқмоқчи бўлганларида улуғ муридларининг бирига зикр таълимини бергандилар. Сафардан қайтганларида ул кишига айтдиларки, бу мурид зикрга машғул эмас, зикр айтишни бутунлай тарк этибди. Муриддан сўрадилар: “Бизни бирор марта тушингда кўрдингми?”. Мурид деди: “Ҳа, кўрдим”. Хожа дедилар: “Сенга шу етарли”.
Бундан маълум бўлурки, бу азизлар билан андоққина руҳий боғланиш бўлса, охири у ҳам азизларга қўшилур ва нажот боис, даражаси юксалишига сабаб бўлур.
Хожа Баҳоуддин Нақшбанд
(Алишер Навоийнинг “Насойимул Муҳаббат мин Шамоимул Футувват” асаридан)
Тошкент ислом институти
4-курс талабаси Тўхтаев Насруллоҳ