НУБУВВАТ (“Хабар бериш”)-Сўфийлар нубувватни фарқли тарзда шарҳлаганлар. Ҳаким Термизий, парданинг кўтарилиши ва ғайб сирларидан воқиф бўлиб Аллоҳни билиш, Аллоҳ нури билан ўралган ашёнинг моҳиятига басират кўзи билан разм солиш, дея шарҳлаган. Кейинги давр мутасаввифлари бу масалага фалсафий жиҳатдан муносабат билдирганлар. Масалан, Фарғонийга кўра, набий – Аллоҳнинг зотидан, сифатларидан, исмларидан, ҳукмларидан ва муродларидан хабар берувчи кишидир. Сўфийлар назарида, нубувват – Муҳаммад алайҳиссаломнинг бир ҳақиқати, зоҳирий борлиғи. Фарғоний “Руҳул аъзам” деган нарсага Ибн Арабий “Ҳақиқати Муҳаммадия”, “Нури Муҳаммадия” деган.
ВАЛОЯТ – “Дўст” маъносини билдирувчи валий (кўплиги “авлиё”), Қуръони каримда икки хил маънода келган:
1. “Ишларини Аллоҳ таоло кўриб турадиган ва уни нафси билан ёлғиз қолдирмайдиган киши” сифатида;
2. “Аллоҳга ибодат ва тоатини ўрнига қўйган киши” маъносида.
Набийлар “маъсум”, валийлар эса “маҳфуз”дирлар.
Воситийнинг айтишича, валийнинг тўрт сифати-аломати бор:
1. Ўзи билан Парвардигори орасидаги сирларни сақлайди.
2. Кароматини яширади, риёга йўл қўймайди.
3. Аллоҳнинг яратганлари томонидан етказилган азият ва зулмга сабрбардош қилади ва уларга юк бўлмайди.
4. Аллоҳнинг бандаларини уларнинг табиати ва феъл-атворларига кўра бошқаради.
ХОТАМУЛ АВЛИЁ масаласи. Бу масалани илк бор ўртага қўйган, сўфийларнинг долзарб мавзусига айлантирган Ҳаким Термизий бўлиб, бу мавзуда “Хатмул авлиё” номли кўзга кўринган асар ёзган.
Пайғамбарларнинг бир-биридан устунликлари бўлганидек, валийлар орасида ҳам даражалар бор дейди. Валийларнинг энг устуни хотамул авлиёдир. Термизийнинг фикрича “валоят байроғини қўлида тутган хотамул авлиё, Муҳаммад алайҳиссаломнинг бошқа пайғамбарларни шафоат қилиши каби, бошка авлиёларни ҳам шафоат қилиш ҳуқуқига эга. Ўша пайт валийлар унинг орқасида, набийлар эса олдида бўладилар”.
Термизий бошлаган бу тушунча тобора кенг ёйилди ва Ибн Арабий томонидан янада тартиблироқ ҳолга келтирилди. Ибн Арабий хатми валоят масаласини изоҳлар экан, набийлик ниҳоясига етган, валийлик эса давом этмоқда, дейди. Чунки Аллоҳнинг исмларидан бири – Валий. Шунингдек, “валий набийдан устундир” деган фикрни ҳам ўртага ташлайди.
Хотамул авлиё тушунчасини энг қаттиқ қоралаганлардан бири Ибн Таймиядир. У Ибн Арабийни шу фикрлари учун “кофир” деб эълон қилган.
Тошкент ислом институти
4-курс талабаси Тўхтаев Насрулло