islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Навоий ижоди ва фаолияти ёд этилди

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “9 февраль – Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги” муносабати билан “Алишер Навоий – буюк давлат арбоби ва маънавиятимиз гултожи” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирга Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти, Навоийшунос олим Азизуллоҳ Арол маърузачи сифатида таклиф этилди.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти илмий ишлар ва фан бўйича проректор исломшунослик фанлари доктори (PhD) C.Примов, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Тохир Эвадуллаев ҳамда институт кафедра профессор-ўқитувчилари ва талабалари тадбирда иштирок этдилар.

Сана муносабати билан ўтказилган тадбирнинг асосий мақсад талаба ёшларга Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ илмий ва адабий маълумотлар бериш, Навоий қолдирган илмий мероси ҳақидаги билимларни етказиш, бугунги кунда дунёда Навоийшунослик бўйича олиб борилаётган янги илмий ишлар билан талабаларни таништиришдан иборат.

Т.Эвадуллаев тадбирни кириш сўзи билан очиб бериб, шу кунларда юртимизнинг барча олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва хорижий давлатларда Алишер Навоий бобомизнинг таваллудига 583 йил тўлиши муносабати билан турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилаётгани, бобокалонимиз миллатимиз учун буюк ишларни амалга оширгани, Навоий ижодининг бугунги ёш авлод маънавий ҳаётидаги тутган ўрни беқиёс эканлигинини таъкидлади.

Айниқса унинг “Арбаъийн” асрида одоб-ахлоққа оид қирқ ҳадис жуда равон тилда назмий баён қилинган. Навоийнинг туркий тил мавқейини кўтариш, туркий адабиёт имкониятларини жаҳонга кўрсатиш босаридаги эзгу фазилатлари хусусида ҳам йиғилганларга эслатиб ўтди.

Афғонистонлик Навоийшунос олим Азизуллоҳ Арол устоз ва талабалар билан учрашиб турганидан ғоятда мамунлигимни изҳор қилди.

ХV асрда яшаб ижод этган ҳазрат Алишер Навоий ижодини кўздан кечирадиган бўлсак, бу улуғ сиймо ҳозирги кунда биз билан бирга яшаб, ҳаётимизнинг, жамиятимизнинг турли қирраларини синчиклаб мутолаа қилиб, ёзиб бераётгандек туюлади. У гўё биз билан бирга юргандек, аммо биз уни кўрмаётганга ўхшаймиз. Нега шундай деганда, айтиш мумкинки, Навоий ўз замонида бизнинг замонимизни тасаввур эта билганидадир. Аллома асарларида ҳаётнинг бирор бир соҳаси йўқки, ўз аксини топмаган бўлса. Ҳозирги ХХI асрнинг долзарб муаммолари: тинчлик, соғлик, эркинлик, таълим-тарбия, одамийлик, инсон ҳуқуқлари, аёлларга муносабат, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, мусофирлик каби масалалар бундан беш ярим аср олдин Навоийнинг диққат марказида бўлган. Ҳозирги кунда бу муаммолар бутун дунёни ўзига жалб этаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда улуғ мутафаккир фикрлари, дунёқараши ва одоб-ахлоқига бўлган эҳтиёж ва зарурат барча учун муҳим.

Тан олиш керакки, Навоийнинг ватани ҳозирги Афғонистон бўлса, навоийшуносларнинг ватани Ўзбекистон ҳисобланади. Навоий ўз юртида ўтган ярим асрга қадар муносиб қадрланмади, муносиб ўрганилмади. Аниқроғи, сўнгги 40 йилдагина, Алишер Навоий Афғонистонда ҳам ўрганила бошлади. Унга бағишлаб илмий-амалий анжуманлар ўтказилди, асралари қайта чоп этилди. Навоий хусусида ўнлаб китоблар, юзлаб мақолалар ва шеърлар нашр этилди. Шулар ҳақида қисқача тўхталадиган бўлсак, даставвал, унинг эски ўзбек ёзувида қайта нашр этилган асарлари кўз олдимизга келади, бу асарлар сони 24 тага етади ва улар ўз ичига Навоийнинг энг мўътабар асарлари бўлмиш “Хамса”, “Мажолисун нафоис”, “Муҳокаматул луғатайн”, “Девони Фоний”, “Хазойинул маоний”ларни қамраб олади.

Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллик юбилейи Ҳиротда халқаро миқёсда кенг нишонланди. Анжуман “Алишер Навоий тафаккурларини ўрганиш” номи остида 2021 йил 7-9 апрель кунлари ўтказилди. Бу конференцияда олти давлатдан навоийшунос олимлар қатнашди. Ўзбекистонлик навоийшунос олимлар иштироки салмоқли бўлди. Улар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табрик сўзлари ўрин олган, Тошкентда нашр этилган беш жилддан иборат эски ўзбек ёзувида тайёрланган Навоий “Хамса”сини совға сифатида тақдим этишди.

Тадбир сўнгида Азизуллоҳ Арол домлага институт раҳбарияти томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Шунингдек, Алишер Навоий, Муҳаммад Беруний ва Захириддин Бобур каби боболаримиз ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, юрт тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги бардавом бўлишини сўраб дуои хайрлар қилинди.

 

ТИИ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат

бўлими ходими Ш.Тўйчиев

420310cookie-checkНавоий ижоди ва фаолияти ёд этилди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: