islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Илк фирқаларнинг юзага келиши (1-қисм)

Дастлабки бошқарувда Пайғамбар алайҳиссалом, сўнгра Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳу каби халифалар бўлган бўлса, кейинги давр халифаси Усмон розияллоҳу анҳу ва у кишининг ўлдирилишлари гуруҳлар ўртасидаги курашни авж олдирди. Али розияллоҳу анҳунинг давлат тепасига келиши ва баъзи норозиликларнинг олдини олишга бўлган уриниши каби ҳолатлар ва айрим вақтларда эса турли тоифаларнинг давлатга қарши қўзғолонлари билан вазият давом этиб турди.

Тарихчилар Усмон розияллоҳу анҳу даврида 656 йилда бошланган биринчи ихтилоф Абу Зарр розияллоҳу анҳу билан бўлган воқеадан бошланган дейишади. Албатта, бунинг сабаби баъзиларнинг бу воқеага салбий муносабати ва хато талқин қилиши оқибатида келиб чиққанига бориб тақалади.

Аслида Абу Зарр розияллоҳу анҳу Шомдалик вақтида бир оятнинг сабаби нузули борасида ўз ижтиҳодини айтади. Бу Шом волийси Муовия розияллоҳу анҳунинг ижтиҳодидан фарқ қилади. Бу хабар Усмон розияллоҳу анҳуга бориб етади. У розияллоҳу анҳу Абу Зарр розияллоҳу анҳуни Мадинага чақиртириб, кўпчилик саҳобаларни йиғиб, бу ҳақида сўрайди. Улар худди Муовия розияллоҳу анҳу билдирган фикрни айтадилар.

Абу Зарр розияллоҳу анҳу ўз фикридан қайтмайди. Шунда Усмон розияллоҳу анҳу ихтилофнинг олдини олиш учун Шом аҳли билан бирга яшашдан кўра Пайғамбар алайҳиссалом даврида яшаган Мадинага яқинроқ келиб жойлашинг, дейилса у киши Робза деган жойда вақтинча истиқомат қилиб туришни маъқул кўради.

Буни баъзилар сургун қилиш деб, нотўғри талқин қилишади. Кейинги зиддиятни келтириб чиқарган нарса бу Усмон розияллоҳу анҳу Байтул молдан яқин қариндошларига маблағ ажратиши деган нотўғри гап-сўзларнинг пайдо бўлганлигидир. Бу воқеа аслида Усмон розияллоҳу анҳунинг яқинларига ўзининг шахсий бўлган кўпгина мол-мулкини бўлиб беришидан келиб чиққан эди. Зеро, Усмон розияллоҳу анҳу гарчи яқин қариндоши бўлса ҳам, фақат ҳақли бўлсагина Байтул молдан маблағ ажратарди.

Адашган тоифалар айтганидек, тақсимотда ҳам раҳбар қилиб қариндошларини қўймаганлар. Агар бундай қилганларида қарамоғидаги Муҳаммад ибн Абу Ҳузайфани энг биринчилардан ушбу тақсимот ишига раҳбар қилиб қўйган бўлардилар.

Зуҳрий қуйидагиларни айтадилар: “Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўн икки йил мўминларга амир бўлдилар. Дастлабки олти йилда инсонлар у зотни бирор нарса билан айбламадилар. Қурайшликлар Усмон розияллоҳу анҳуни Умар розияллоҳу анҳудан ҳам яхши кўрардилар. Чунки Умар розияллоҳу анҳу уларга қаттиққўл эди. Усмон эса уларга мулойим эди. Ва силаи раҳм қиларди. Сўнг фитналар бошланди.

Тарихчилар Усмон розияллоҳу анҳунинг ўн икки йилнинг иккинчи ярим йили, яъни ҳижрий 30-35 йилларни “Фитна” йиллари деб атайдилар. Бу фитнанинг охири Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид бўлиши билан ниҳоясига етди. Бунинг бир неча сабаблари бор. Улар ҳали исломни тўғри англаб етмаган кўпчилик инсонларга футуҳотлардан келган ғанимат ва бойликнинг таъсир қилгани эди.

Футуҳотлар Усмон розияллоҳу анҳу халифалигининг иккинчи ярим йилида бир оз камайгани эди. Бунинг натижасида, одамлар орасида Байтул молдан бериладиган маблағлар нима учун камайгани тўғрисида ҳар хил миш-мишлар тарқалганди. “Асри Саодат” даврида Ислом Арабистон ҳудудларидагина тарқалган бўлса, “Ҳулофои Рошидун” даврига келиб ислом Араб ярим ороли чегараларидан чиқиб, Ироқ, Сурия, Фаластин, Эрон, Миср, Шимолий Африка, Кибриз – Кипр, Жанубий Кавказ, Хуросонни ўз ичига олди. Ислом сарҳадлари кенгая боргани сари бу ҳудудга турли эътиқод, турли руҳ ва кайфиятдаги кишилар кира бошлади.

Уларнинг кўпчилиги сидқидилдан ислом эътиқодини қабул қилган бўлсалар-да, ораларида ўзларининг илгариги ботил эътиқодларидан воз кеча олмаган, гарчи расман мусулмончиликни қабул қилган бўлсада, унинг тартиб-қоидаларига қаршилари ҳам анчагина эди. Улар ислом давлатининг қудратидан ҳайиққанлиги учун унга қарши очиқ-ойдин курашишга журъат эта олмасдан, зимдан турли-туман яширин ташкилотлар, уюшмалар тузиб, шу уюшмалар воситасида мусулмонларни бир-бирларига гиж-гижлаш, улар ўртасида ихтилофлар, низолар чиқаришга ҳаракат қилардилар. Бундай ҳатти-ҳаракатлардан асосий кўзланган мақсад мусулмон давлатини ичидан нуратиш, ислом динини обрўсизлантириш, унинг кучайиб боришини олдини олиш эди. Бундай ҳаракатлар Пайғамбар алайҳиссалом давридаёқ бошланиб, у зотнинг вафотидан кейин янада кучайиб, кейинчалик бир-бирига қарши турган кўплаб оқимларни келтириб чиқарди.

Шундай ташкилотлардан бири асли Яманлик яҳудийлардан бўлиб, ёлғондакам исломни қабул қилган ва исмини ўзгартириб, Абдуллоҳ ибн Сабаъ номини олган бир мунофиқ томонидан тузилган “Сабаиййа фирқаси” бўлиб, унинг мақсади ислом бирлигини бузиш эди.

 

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи

фанлари кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

424930cookie-checkИлк фирқаларнинг юзага келиши (1-қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: