Балоғат илмини таҳсил қилиш орқали Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар маъноларини тўғри тушуниш ва нозикликларини теран англаш осон кечади ҳамда Қуръони каримнинг фасоҳат ва балоғат эътиборидан мўъжизаси мислсиз экани намоён бўлади. Шу боис, олимлар Қуръони карим тафсири, ҳадиси шарифлар шарҳи ва шариат китобларини ўрганмоқчи бўлган кишига луғат, сарф, наҳв, усулул фиқҳ, усулуд дин, қироат илми, носих ва мансух илмлар билан бир қаторда маъоний, баён, бадиъ каби илмларни ҳам пухта ўрганишлари лозимлигини таъкидлайдилар. Шунингдек, мумтоз адабиётимиз дурдоналари ҳисобланган шеър ва ғазалларда ҳам мажоз, ташбеҳ, истиора, киноя каби балоғат воситаларидан кенг фойдаланилган. Демак, буюк аждодларимиздан қолган бой адабий меросини тўғри ва чуқур ўрганиб, бошқаларга ҳам етказишимизда балоғат илми катта аҳамият касб этган.
Бу илм бошқа фанлардан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Зеро, унинг луғат сир-асрорларини очишда ва хазиналарини намоён этишда бетакрор ўрни ва услублари бор. Шунинг учун ҳам у тилнинг нозик жиҳатларини ўрганишда бебаҳо ва беқиёсдир. Шу билан бирга, бу илм тил мусобақалари ва сухандонлик беллашувларида олий мукофотни қўлга киритиш усулларини чуқур ўргатади. Бу илм орқали ақлларни лол қолдирувчи жумлалар тузиш, ҳолат тақозосига мувофиқ тарзда сўзлаш, бир сўзни турли маъноларда нуқсонсиз ишлатиш малакалари ривожлантирилади. Кўнгилдаги мақсадни чуқурроқ, кенгроқ ва тушунарли ҳолатда баён қилиш тажрибаси ортади. Бу эса балоғат илмига эҳтиёж нақадар кучли эканини билдиради.
Таъкидланганидек, балоғат илми бир-бирини тўлдирувчи учта илм: илми маъоний, илми баён ва илми бадиъдан таркиб топган. Илми маъонийда арабий лафзларнинг ишлатилиш усуллари ва баъзи сўзларнинг аҳамияти ҳақида баҳс юритилади. Илми баён, керакли мақсадни ифодалаш ва етказишда, унинг таъсирини оширишда сўзларнинг ҳақиқий ва кўчма маъноларидан фойдаланиш усулларини ўргатади. Илми бадиъ мақсадни нутқ орқали ифодалашда сўзларни илми маъоний ва баёндан фойдаланган ҳолда бадиий воситалар орқали бир-бирига уйғун қилиб келтириш усуллари ҳақида баҳс қилади. Бу илм ҳақида қадимдан кўплаб уламолар томонидан китоблар ёзилган.
Жумладан, буюк мутафаккир Аллома Хатийб Жалолиддин Муҳаммад ибн Абдураҳмон Қазвийний Юсуф ибн Абубакр ибн Муҳаммад Абу Яъқуб Сирожиддин Хоразмийнинг кенг қамровда ёзилган “Мифтаҳ ул-улум” китобининг қисқача мазмун ва моҳиятини ўз ичига олган “Талхис ул-мифтаҳ” асарини ёзганлар.
Ушбу китоб Бадриддин ибн Молик ва Абдураҳмон Шерозий каби “Мифтаҳ ул-улум” китобига ундан олдин ва кейин ёзилган шарҳларни ҳам ўз ичига олганлиги билан катта аҳамиятга эгадир.
Абдураҳмон Қазвийний ушбу китоби билан Саккокийнинг асарида тасвирланган маъноларни янада такомиллаштиради ва унга Абдулқоҳир Журжоний ўзининг “Далоил ул-иъжоз” ва “Асрор ул-балоға” номли икки китобида ёзганларидан бир мунча парчалар ҳам киритади.
Муаллиф бу асарда араб риторикасини ўз услубида кўриб чиқиб, ушбу китоби муқаддимасида фасоҳат ва балоғат ҳамда муфрадотлар орасидаги алоқалар ҳақида маълумот беришлик билан бирга каломлар тафовути ҳақида, яъни гап билан гап ўртасидаги фарқлар ҳақида, ҳамда каломни муқтазойи ҳолга мувофиқ келишлиги ҳақида маълумот бериб балоғат илми ҳақида атрофлича тўхталиб ўтган. Адиб асарда қисқача хулоса мавқеида чекланибгина қолмай, қўшимча қилиб Саккокий асаридаги мураккаб жиҳатларни ёритиб бериш, баъзи жойларини тўлдириш ва итноб(чўзиб юборилган)дан узоқ бўлиб, мужмалликларини кенг ёритишга ҳам катта эътибор қаратган. Мулоҳазаларини содда, халқчил, тушунарли кўринишда ифодалашга ҳаракат қилган. Яна унга фойдали қоидалар ва зоидалар киритишлик билан тўлдирган.
Муаллиф ўзининг асар ҳақидаги хулосасида шундай дейди: «—Илм ул-балоғат ва унга яқин илмлар қадр жиҳатидан улуғроқ, сир жиҳатидан дақиқроқдир. Зеро, бу илм орқали араб тилини сирлари ва дақиқ жойлари очилади. Шу сабаб Саккокий таснифотларининг муҳимларидан бўлган “Мифтаҳ ул-улум” китобининг ИИИ қисмини бир қанча қоидаларни ўз ичига олган мухтасар китоб ҳолига келтириб таълиф этдим».
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, балоғат илми борасида ёзилган асарларнинг ичида “Талхис ул-мифтаҳ” китоби муҳим аҳамиятга эга эканлигига бугунги кунга қадар, орадан 7 аср вақт ўтган бўлса-да, ислом оламидаги нуфузли илм даргоҳларида, хусусан мадрасаларда дарслик сифатида қўлланилиб келишлиги ҳам яққол далил бўлади.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
талабаси Толибов Муҳаммадшариф