islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ҚУРЪОНИ КАРИМДА КЕЛГАН “ФУААД” СЎЗИНИНГ МАЪНОСИ

Инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган жиҳати тил воситасида қалбидаги маънони ифодалаб беришидир. Шунинг учун ҳам инсонлар ўртасидаги мулоқотларни амалга оширадиган энг буюк неъмат бу сўзлаш қоблиятидир. Сўзнинг қадри бебаҳодир. Айниқса дурдона сўзлар билан теран, улуғ фикрларни ифода эта олиш қобилиятига қараб, сўз эгасининг қадри белгиланади. Шоирлар, ўткир воизлар, нотиқлар, ёзувчилар тарих саҳифаларида ном қолдирганларининг асосий боиси улар томонидан айтилган мазмуни боқий сўзлардир. Инсонга берилган сўзлашиш сифати даврлар мобайнида ривожланиб ҳосил бўлган инсониятнинг ихтироси эмас, балки, бу Аллоҳ таоло томонидан берилган иқтидордир. Бу ҳақида Қуръон каримда: “Ар-Раҳмон (меҳрибон зот). Қуръонни таълим берди. (У) инсонни яратди. Унга баённи (нутқни) таълим берди.[1], деб марҳамат қилинган. Бу оятдан маълумки инсониятга берилган нутқ илоҳий инъомдир. Нутқ неъматини инъом қилган Аллоҳ таолонинг каломи Қуръон каримни ўрганар экансиз, худди у каби жумлаларни тузишдан инсониятни ожиз қолдирадиган даражада юксак фасоҳат, беназир балоғат билан тузилганки, ҳар бир сўзи, унинг ўз ўрнига қўйилишини кўриб “Бу даражада ёзиш инсониятнининг қўлидан келмайди. Бу илоҳий калом, одамзод бундан ожиз!”, деган қатъий хулосага келишингиз аниқ. Қуръон каримдаги бир сўз, “фуаад” лафзи ҳақида озгина тўхталмоқчимиз.

Луғатда “فأد” (фаъдун) الفؤاد (“ал-фуаад”) калимаси ўзбек тилида 1) юрак, қалб, кўнгил; 2) ақл, дониш маъносидадир[2]. Лекин ундаги “тафаъуд” маъносида эътибор қилинган вақтда “фуаад” дейилади. Тафъуд-таваққуд (пиширмоқ) маъносидадир[3]. “Фаъадту ал-лаҳма”, дейилади гўштни пиширдим, маъносида, “лаҳмун фаъийд” эса пиширилган гўшт маъносида келади[4]. “Фуъад” лафзининг кўплиги (жамъи) “афъида” бўлади.

Қуръон каримнинг талайгина жойида “қалб” сўзи билан бирга, деярли шу маънони англатадиган “фуад” калимаси ҳам ишлатилган. Жумладан, 5 та ўринда “фуад”, 2 ўринда аниқлик артикли билан “ал-фуъад”, 5 ўринда “ал-афъида” ва яна 8 та ўринда “афъида” сўзининг (накра) ноаниқ шаклдаги кўринишида келгандир. Фуъад сўзи билан қалб калимасининг бир-биридан нима фарқи бор? Мана шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида, Қуръон карим маъноларини ўзбек тилига таржима қилган ватандош олимларимизнинг маънолар таржимаси ҳамда тафсирларидан фойдаланишга қарор қилдик.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿ ما كذب الفؤاد ما رأى ﴾

Кўрганини кўнгли тасдиқлади[5] (Нажм сураси, 11-оят[6])[7].

Мазкур таржима муфассир устоз Азизхўжа Иноятовнинг “Қуръони карим оятлари мазмун-маъносининг ўзбекча изоҳли таржимаси” асарида “фуад” сўзини “кўнгил”, деб таржима қилган бўлса, бу оятни Шайх Абдулазиз Мансур “Кўрган нарсасида қалби ёлғончи бўлмади. (Кўзи билан Жаброилни ёки қалби билан Аллоҳни кўрди)”, деб таржима қилганлар. Яъни Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари “фуъад” сўзини “қалб”, деб таржима қилганлар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Нажм сурасининг 11-оятини “Қалб (кўз) кўрганини ёлғонга чиқармади”, яъни Муҳаммад алайҳиссалом Жаброил алайҳиссаломни асл хилқатида ўз кўзлари билан кўрдилар. Кўзлари кўрганини қалблари тасдиқлади, ёлғон демади”, деб, “фуъад” сўзини ҳам “қалб”, ҳам “кўз” деб, изоҳлаб таржима қилганлар. Шайх Алоуддин Мансур ҳазратлари эса мазкур ояти каримани (Пайғамбарнинг) кўнгли кўрган нарсасини инкор этмади”, яъни, Жаброил фариштанинг суратини кўриб, Пайғамбарнинг кўнгли қаноатланди ва унинг Оллоҳ таоло томонидан юборилган фаришта эканига иймон келтирди)”[8], деб таржима қилганлар.

Нажм сурасининг 11-оятидаги фуад сўзининг мазмунига ўзбек муфассирлари қандай маъно берганин кўриб чиқдик. Бу калимани бошқа оятлардаги таржималарига ҳам назар ташласак.

Исро сураси 36-оятида бундай марҳамат қилинади:

﴿ وَلَا تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ ۚ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَٰئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولًا ﴾

Бу оятнинг маъноси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил – ана ўшаларнинг барчаси сўралажак нарсалардир.”[9], деб, яъни фуъад сўзини бу ўринда “дил”, деб, таржима қилганлар.

Шунингдек, Шайх Алоуддин Мансур ҳазратлари Исро сурасининг 36-оятини “(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашиб кетавермагин! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, тинглаган, қараган ва ишонган ҳар бир нарса учун киши Қиёмат кунида жавоб беради).”, деб таржима қилганлар[10].

Шайх Азизхўжа Бухорий бу оятни “Эй инсон аниқ билмаган нарсангга эргашма. Чунки қулоқ, кўз, қалбнинг ҳар бири учун масъулсан”,[11] яъни “фуъад” сўзини қалб, деб таржима қилганлар.

“Фуаад” сўзи Қуръони карим оятларида зикр қилинганда қалб, дил маъносида бўлса, айрим ўринларда ақл маъносида келади. Демак, фуаад қалб ва ақлдан кўра хассосроқ нарса. Чунки қалб луғатда “ўзгарувчан”, деган маънода келади. Қалбда доим фикрлар ўзгариб тургани учун ҳам шундай дейилади. “Фуаад” эса қалбда пишиб етилган, энди ўзгармайдиган қарор қабул қилинадиган жойдир. Қарорлар эса баъзан ҳиссиётлар, баъзан ақл тарозусида тортилади. Шунинг учун ҳам Қуръони карим жавобгарлик зикр қилинганда фуъад ёки афъида сўзи ишлатилади. Бунга мисоллар жуда кўп. Шунингдек, Қуръони каримда афъида сўзи жаҳолатнинг зидди бўлган маърифат, илм, ақл маъносида ҳам келади. Мисол

والله أخرجكم من بطون أمهاتكم لا تعلمون شيئا وجعل لكم السمع والأبصار والأفئدة لعلكم تشكرون

Аллоҳ сизларни оналарингиз қоринларидан бирор нарсани билмайдиган ҳолингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга қулоқ, кўзлар ва қалбларни берди”[12] (Наҳл сураси 78-оят).

Бу оятда инсонни туғилишидан то камолотга етгунча бўлган ҳолати баён қилинмоқда. Янги туғилган чақалоқда ҳали илм бўлмайди. Сабаби ҳали ақл ривожланмаган. Йиллар давомида кўз билан кўргани, қулоқ билан эшитган маълумотлар орқали унинг ақли ривожланиб боради ва дилида маърифат қарор топади. Илм ҳосил бўлиши учун асосий аъзолар мана шу уч аъзо экан. Демак, Қуръони каримда зикр қилинган “фуъад” калимаси инсондаги тўпланган маълумотларни таҳлил қиладиган ва сўнгги хулоса ҳамда қарор қабул қилинадиган аъзонинг номи экан. Шунинг учун Ҳумаза сурасида айтилгандек:

“Йўқ! Қасамки, албатта, у «Ҳутама»га ташланур! (Эй, инсон!) «Ҳутама» нима эканлигини сенга не ҳам англатур?!

(У) ёқиб қўйилган Аллоҳнинг бир оловидирки, (у баданларни тешиб ўтиб) қалбларга қадар етур”.

Яъни, оятда назарда тутилаётган нарса ҳам (ширк, куфр каби) қарорлар, хулосалар қабул қилинадиган фуъад деб аталмиш жойгача етиб боради, демоқчи. Шунингдек, фуъад сўзи фақатгина салбий қарорлар қабул қиладиган аъзо сифатида эмас, балки, ижобий ҳиссиётлар бўлмиш унси-муҳаббат макони эканини ҳам айтиб ўтиш керак. Бу ҳақида Қуръони каримнинг 14-сурасининг 37-оятида Иброҳим алайҳиссаломнинг дуолари келтирилиб, бундай дейилади:

رَّبَّنَا إِنِّي أَسْكَنتُ مِن ذُرِّيَّتِي بِوَادٍ غَيْرِ ذِي زَرْعٍ عِندَ بَيْتِكَ الْمُحَرَّمِ رَبَّنَا لِيُقِيمُوا الصَّلَاةَ فَاجْعَلْ أَفْئِدَةً مِّنَ النَّاسِ تَهْوِي إِلَيْهِمْ وَارْزُقْهُم مِّنَ الثَّمَرَاتِ لَعَلَّهُمْ يَشْكُرُونَ

“Эй, Раббимиз! Мен зурриёдимдан (бир қисмини – ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Эй, Раббимиз! (Улар) намозни баркамол адо этсинлар деб (шундай қилдим). Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгин ва уларни (барча) мевалардан озиқлантиргин, шояд (шунда) шукр қилсалар[13].

Бу оятда “أَفْئِدَةً مِّنَ النَّاسِ”[14] яъни “одамларнинг дилларини”, деган ибора ишлатилмоқда. Бунинг маъноси: “Эй Аллоҳ (Макка шаҳрига) ва Исмоил алайҳиссалом ва унинг зурриёдлари томон боришга одамларни қалбларидаги севгини сабаб қилгин”, деб дуо қилинмоқда.

Демак, оятларда жазо ёки мукофот фуъад яъни қалб эгаларининг кимлиги ва ўша қалбда пишиб етилган энг сўнгги, ўзгармас қарорларга қаратилган экан. Қуръони каримнинг мўъжизалигини мана шу биргина сўз мисолида ўрганар эканмиз, фуъад сўзини ўрнига қараб ўзбек тилида қалб, кўз, ақл деб таржима қилинган. Сабаби, бунинг тўлиқ маъносини бир сўз билан ифодалаш қийин. Чунки, фуъад калимаси кўриш, эшитиш воситасида олган маълумотларни ақл тарозусига солиб, ҳиссиётлар билан ҳам ўлчаб энг охирида хулоса қилиб, қарор қабул қиладиган аъзодир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ охиратда ширк, куфр ва нифоқ аҳлининг айнан мана шу аъзосига азоб беришини ваъда қилган бўлса, мўминларга нисбатан иймон, ишонч, муҳаббатга тўла қалб, кўнгил назарда тутилганини тушуниш мумкин бўлади. Юқорида муқоясаси келтирилган ўзбекча тажима ва тафсирларда ҳам муфассирларимиз айнан мана шу маъноларни юзага чиқарганларини англашимиз мумкин.

Ёқубжон БУХАРБАЕВ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти проректори

[1] Ар-Роҳман сураси, 1-4 оятлар. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири. –Т.: 2004. Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур.

[2] Ан-Найм арабча-ўзбекча луғат.  – Т., Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти.,2003. 605-бет

[3] مفردات في غريب القرآن . أبو القاسم الحسين بن محمد المعروف الراغب الاصفهاني (506 ه)  . دار المعرفة . بيروت.لبنان  .2014م. ص-646

[4] مفردات ألفاظ القرآن . العلامة الراغب الاصفهاني. دار القلم. دمشق. 2014م. ص-372

[5] Азизхўжа Иноятов, Ғани Зикриллаев. Қуръони карим оятлари мазмун-маъносининг ўзбекча изоҳли таржимаси –Т .”Hilol-Nashr”, 2022. –Б 526.

[6] Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири. –Т.: 2004. Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур.

[7] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  Тафсири Ҳилол тузатилган ва қўшимча қилинган иккинчи нашр 5-жуз. –Т: . “Шарқ”, 2007. .–Б.630; Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  Қуръони карим  ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси –Т .”Hilol-Nashr”, 2019.–Б.526).

[8] Мансур Алоуддин Шайх Қуръони Азим. Мухтасар тафсири. –Т.: “Sharq”, 2019, –Б.787).

[9] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  Қуръони карим  ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси –Т .”Hilol-Nashr”, 2019.–Б.285)

[10] Мансур Алоуддин Шайх Қуръони Азим. Мухтасар тафсири. –Т.: “Sharq”, 2019, –Б.405).

[11] Азизхўжа иноятов,Ғани Зикриллаев. Қуръони карим оятлари мазмун-маъносининг ўзбека изоҳли таржимаси –Т .”Hilol-Nashr”, 2022. –Б 285.

[12] Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири. –Т.: 2004. Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур.  –Б.

[13] Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири. –Т.: 2004. Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур.  –Б.

[14] Бу оятдаги من  ҳарфи  баёния учун келгандир.

458210cookie-checkҚУРЪОНИ КАРИМДА КЕЛГАН “ФУААД” СЎЗИНИНГ МАЪНОСИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: