islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Сийратнависликда янгича услуб

Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташқи кўринишлари, одоб-ахлоқлари, шунингдек, туғилишларидан то вафотларига қадар бўлган ҳаёт йўлларини ёритиб берувчи илм “сийрат илми” деб аталади. Бу илм шариат илмларининг асосларидан ҳисобланади. Зеро, Қуръони каримнинг кўплаб оятлари сийрат воқеалари асосида тафсир қилинади. Чунки, аксар оятларнинг нозил бўлишига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида турли муносабатлар билан содир бўлган воқеалар сабаб бўлган. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш орқали инсон онгида ёру дўстларига садоқатли, оиласига вафодор, фарзандларига меҳрибон ота, бир сўз билан айтганда, чин маънодаги комил инсон намунаси гавдаланади. Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 33-оятида “Дарҳақиқат, сизлар учун Аллоҳнинг расулида гўзал намуна бор”, – деб марҳамат қилган. Оиша онамиз розияллоҳу анҳа эса, у зотнинг хулқлари Қуръон бўлганини таъкидлаганлар.

Шунга кўра, уламолар ислом тарихининг илк даврларидан бошлаб сийрат илмига катта аҳамият қаратганлар. Сийрат борасида илк асарларни Урва ибн аз-Зубайр, Аббон ибн Усмон, Ваҳб ибн Мунаббаҳ, Шураҳбил ибн Саъд ва Ибни Шиҳоб аз-Зуҳрийлар ёзганлар. Лекин, уларнинг таълифотлари бизгача етиб келмаган. Фақат айрим қисмларигина имом Табарий ривоятлари орқали етиб келган. Ваҳб ибн Мунаббаҳ ёзган сийратнинг бир қисми эса Германиянинг Ҳейделберг шаҳрида сақланади. Шу тариқа сийрат илми ривожланиб, Муҳаммад ибн Исҳоқ, Абдулмалик ибн Ҳишом каби етук сийратнавис уламолар ҳам етишиб чиқдилар.

Сўнгги даврларга келиб сийрат илмида янги услуб вужудга келди. Аввалгиларидан фарқли ўлароқ, ушбу услубда ёзилган сийрат китобларида муаллиф воқеа-ҳодисаларни чуқурроқ таҳлил этиб, унинг фиқҳ, ақида ҳамда одоб-ахлоққа доир жиҳатларини кенгроқ ёритишни мақсад қилади. Ана шу услубда ёзилган асарлардан бири замонамиз олимларидан Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг “Фиқҳ ас-сийра ан-набавия” асаридир. Муаллиф ушбу асарда, дастлаб, сийратни ўрганувчига муҳим маълумотларни муқаддима сифатида келтириб ўтган. Жумладан, сийрат илмининг аҳамияти, унинг вужудга келиши ва ривожланиш босқичлари каби мавзуларда батафсил маълумот берган. Шундан сўнг муаллиф сийрат воқеаларини баён қилиш асносида улардаги фиқҳий, ақидавий ҳамда ахлоқий жиҳатларни кенг тарзда ёритиб берган. Ҳар бир воқеа сўнггидан ундан олинадиган ибрат ва панд-насиҳатларга алоҳида урғу берган. Ўз ўрнида сийратнинг айрим жиҳатлари нотўғри талқин этилган баъзи фикрларга муаллиф илмий равишда асосли раддиялар бериб ўтган. Сийрат воқеалари сўнггидан хулафои рошидин даври ҳам юқоридаги услубда баён қилинган. Китобнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири шундаки, унинг сўнггида фойдаланувчига қулайлик туғдириш мақсадида мавзуларнинг фиқҳий кўрсаткичи келтириб ўтилган.

Ушбу асар ўзининг бетакрор услуби, илмий – амалий аҳамияти, воқеаларнинг сабаб ва натижалари теран таҳлил этилгани сабабли катта шуҳрат қозонган.

Тошкент ислом институти битирувчиси

Шавкат Алибоев

48370cookie-checkСийратнависликда янгича услуб

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: