islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Нақшбандия машойихлари (1) – Абу Бакр сиддиқ (розияллоҳу анҳу)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Умматимдан биттасини ўзимга дўст танласайдим, Абу Бакрни танлардим”, деган мадҳига муяссар бўлган зот Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳудир. Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу Асҳоби Киромнинг энг устун шахсиятларидан бири эди.

Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам ота, ҳам она тарафидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан узоқ қариндошдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан 2 ёки 3 ёш кичикдир.

Мусулмон бўлмасдан олдин исми Абдул Узза ёки Абдул Каъба эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон этгандан сўнгра исмини “Абдуллоҳ” деб ўзгартирди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган куни ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа сайланди. У зотни хилофати (халифалиги) 2 йил 3 ой ва 10 кун давом этди. У зот 63 ёшида, ҳижратнинг 13 йилида, милодий 634 йилда вафот этди. Васияти бўйича жасадини хоними Салмо ювди. Жаноза намозини Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўқиди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалламнинг қабри ёнига, “Ҳужраи-саодат”га дафн этилди.

Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу – “кечаси туриб, намоз ўқиганларнинг отаси”, деган номга мушарраф бўлганлар. Бу исмни у зотга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам берганлар.

Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу кечанинг иккинчи ярмида ўрнидан туриб, тонггача намоз ўқирди.

У зот жаннат билан муждаланган 10 та саҳобанинг бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қайнотаси, ҳазрати Ойшанинг дадаси эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳуни жуда яхши кўрарди. У зот: “Аллоҳ таолонинг жаҳаннамдан озод этган кишисини кўрмоқни орзу қилганлар Абу Бакрга боқсин”, – дер эди.

Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу илк мусулмон бўлган ҳур эркак сифатига соҳибдир. Хотинлардан илк мусулмон Ҳазрати Хадича, қуллардан Зайд бин Ҳориса, болалардан Ҳазрати Алидир.

Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу мусулмон бўлмасдан аввал ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дўсти эди, катта тужжор эди. Мусулмон бўлгандан сўнг бутун молини ислом йўлида сарфлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзининг пайғамбарлигини билдириб, мусулмон бўлишга чақирганда Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳеч тараддуд этмасдан исломиятни қабул қилди. Шундан кейин у зот ўзининг яқин дўстлари бўлган Усмон бин Аффон, Талха  бин  Убайдуллоҳ, Зубайр бин Аввом, Абдурраҳмон бин Авф, Абу Саъд бин Ваққос, Абу Убайда бин Жарроҳ каби юксак ахлоқли шахсиятларни ҳам исломиятга даъват этди ва улар ҳам мусулмон бўлдилар. Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу ва унинг дўстлари исломни Макка халқи орасида ёйиш учун жуда кўп машаққат, азоб чекдилар, мушрикларнинг қийноқларига дучор бўлдилар.

Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима айтса, ҳеч иккиланмасдан қабул этар ва унга ишонарди. Меърож кечасида ҳам шундай бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меърожга юксалгани ҳақида Каъба мушриклари масхараомуз ғийбатлар тарқата бошлаганларида, улар бу ҳақда ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фикрини ҳам сўрадилар.

Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу:

– Агар буни айтган у (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бўлса, бу тўғридир, деди. Мушриклар:

– “Абу Бакрни Муҳаммад сеҳрлабди”, дея фисқ-фасод қила бошладилар.

Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу мусулмонлар тарафидан Макка фатҳ этилганда, ўз отаси Абу Қуҳофани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига олиб келди ва Абу Қуҳофа исломни қабул этди.

Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 10-йилида (милодий 632), Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган куни Асҳoби киромлар тарафидан халифаликка сайланди.

Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу душанба куни халифа ўлароқ сайланди, сешанба куни масжиди шарифда мусулмонларга шундай хитоб этди:

Эй мусулмонлар! Сизга халифа сайландим, амир бўлдим. Ҳолбуки, мен сизларнинг энг яхшингиз эмасман. Агар мен яхшилик қилсам, менга ёрдам этингиз. Агар ёмон иш қилсам, менга тўғри йўлни кўрсатинглар. Тўғрилик – омонатдир. Ёлғончилик – хиёнатдир. Сизнинг заифингиз мен учун энг қийматлидир. Унинг ҳаққини ҳимоя этаман. Сизнинг ичингизда ўз кучига ишонганлар заифдир. Мен ундан бошқасининг ҳаққини олиб бераман. Ҳеч бирингиз Аллоҳ учун жидду-жаҳдни тарк этманг. Тарк этганлар залил бўлур. Мен Аллоҳга ва Расулига итоат этганим муддат ичида сиз ҳам менга итоат этинг. Агар мен Аллоҳ ва унинг Расулига осий бўлиб, тўғри йўлдан чиқсам, сизнинг менга итоат этишингиз лозим эмас. Энди оёққа туринг, намоз ўқийлик. Аллоҳ барчангизга яхшилик ато этсин!”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганини эшитиб, баъзи инсонлар ва қабилалар исломдан чиқа бошладилар. Яман ва бошқа ўлкалардан ислом маъмурлари Мадинага қайтиб кела бошлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотидан аввал Шомга бориш учун бир қўшин тайёрлаб, унинг бошига ҳазрати Усомани қўмондон тайинлаган, қўлига санжоқ тутқазган эди. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотидан кейин бошланган фитнадан қўрқиб, бу қўшинни Шомга юбормасликка, унинг Мадинада қолиб ислом давлатини ҳимоя қилиши кераклиги ҳақида гапиришни бошладилар.

Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳозирлаган қўшинини Шомга сўзсиз, албатта юборилажагини эълон қилди. Бу қатъиятни кўрган ислом душмани мусулмонлардан қўрқдилар.

Айни пайтда ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу Мадинага ҳужум қилишга тайёрланган тўдаларга бир кечаси кутилмаганда зарба берди. Душман тўдалари тумтарақай қочди.

Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу қўшин бошида туриб, ҳарбий юришга отланганда, уни ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Мадинада қолиб, давлат ишларини йўлга қўйишга чақирди.

Асҳобий Киром ҳам буни маъқуллади. Шунда ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу Мадинага қайтди. Ислом қўмондонлари ҳазрати Холид бин Волид, ҳазрати Икримa кабиларнинг ҳар бирига бир қўшин бериб, уларни қўшни музофат ва ўлкаларга юборди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақида шундай дейди: “Кеча Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръони Каримдаги бир оятнинг маъносини сўради, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга тушунтира бошлади. Мен тингладим, аммо ҳеч нарса тушунмадим”.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳунинг савиясига кўра тушунтирган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръони Каримни бутун тафсирини Асҳобига билдирган эди ва Қуръони Карим тафсири учун лозим бўлган бутун билгилар ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳуда мавжуд эди. У ҳаётда экан, бу соҳада Қурайшнинг олими сифатида танилди. Қуръони Каримдан ҳукм чиқаришда маҳорат соҳиби эди. Асҳоби Киром ва тобеъиннинг олимларининг кўпчилиги баъзи оятлар тафсирини ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳудан олиб, билдирар эдилар.

Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жуда яқин эди, ҳадис илмида ҳам катта хизматлар қилди. Унинг 142 та ҳадис ривоят этгани маълумдир.

Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу буюк фақиҳ эди. Исломий илмларнинг бутун масалаларидан воқиф эди. Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу насаб илмини ҳам яхши биларди.

Асҳоби Киром буюкларидан бўлган Абу Саид Ҳудрий шундай ҳикоя қилади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба ўқиётган эди. Хутбасидаги “Аллоҳу таоло бир қулига дунё ёки Мени танлашда сен эркинсан, деди. Қул Аллоҳ таолони танлади”, сўзини эшитган Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу йиғлади. Мен ўз-ўзимга “бу зотни йиғлатган нима?” дедим. Бу калималарнинг нимасига йиғлаш керак, деб ўйладим. Ҳолбуки, бу сўзларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотига ишорат бор эди. Буни ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳудан бошқа ҳеч ким тушунмаган эди. Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу бизнинг ичимизда олим эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга:

Эй Абу Бакр йиғлама! Мен учун дўстлиги ва мол-мулки Абу Бакрдан баракатлироқ бўлган киши йўқдир, – деди”.

Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу ўз тилига ҳоким бўлиш учун, ортиқча сўз сўйламаслик учун оғзига тош солиб юрарди.

Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотидан кейин жуда озиб кетди. Унинг қизи Ойша ҳазратлари бунинг сабабини сўраганда, ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу “Мени Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан айрилиқ шундай ориқлатди”, деди.

Яна ҳазрати Оиша волидамиз шундай дейди: “Отам вафот этганда, Асҳоби Киром унинг қаерга дафн этилиши ҳақида ўйлай бошладилар.

Ўша кеча уйқумда “дўстни дўстга қовуштиринг”, деган бир овоз эшитдим. Уйғониб, буни Асҳоби Киромга айтдим. Улар ҳам айни овозни эшитганларини эътироф этдилар. Ҳатто масжидда намоз ўқиганлар буни эшитганини айтишди. Шундан кейин ўйлашга ўрин қолмади. Уни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ёнига дафн этдилар”.

Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу сўнгги марта касалланганда шундай деди:

– Халифаликни кимга топшириш хусусида истиҳора этдим. Ҳақ таолодан ризосига уйғун бўлишини тиладим. Биласиз, ёлғон сўйламайман. Ҳеч бир ақлли одам Ҳақ таолога қовушиш арафасида ўзига ифтиро этилишини истамайди ва мусулмонларни алдашни ўзига эп кўрмайди…

Асҳоби Киромдан биттаси:

– Эй Аллоҳ Расулининг халифаси, сенинг тўғрилигингдан шубҳамиз йўқ, сўйламак истаганинг не бўлса, сўйла! – деди.

Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу шундай давом этди:

– Тун яримдан оққанда ухладим. Тушимда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим. Эгнига иккита оппоқ либос кийган эди. Мен бу либос этакларидан тутган эдим. Шунда бу либослар яшил ранга кирди, порлай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки ёнида нурдан либос кийган, кўзни севинтирган икки зот бор эди. Расули Акрам салом бериб мусофаҳа этди ва мени шарафлантирди. Муборак қўлини кўксимга қўйди. Юрагимдаги кадар йўқолди.

– Ё Абу Бакр, сени ғоят соғиндик, дийдор пайти келди, – деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

– Ё Расулуллоҳ, мен ҳам сизни соғиндим, – дедим.

– Бу уммат учун одил, содиқ, ерда ва кўкда ҳамманинг ризосини қозонган, замоннинг энг тоза Фаруқи (Ҳазрати Умар)ни халифа тайин эт, – деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Сўнгра ёнидаги кишиларни кўрсатиб:

– Булар дунёдаги вазирларинг, вафотинг пайтидаги ёрдамчиларинг, жаннатдаги қўшниларинг. Улар сенинг исмингни кўкда фаришталар орасида, Ерда – инсонлар орасида “Сиддиқ” эканини хабар бердилар, – деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

– Ё Расулуллоҳ, онам-отам сизга фидо бўлсин, ёнингиздаги шу икки кишини таний олмадим, улар каби инсон кўрмадим, – дедим мен.

– Булар Жаброил ва Микоилдир, – деди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, сўнгра кетдилар.

Мен уйғондим. Юзим кўз ёшлардан ҳўл бўлган эди. Бошимда уй аҳли жам туришарди”, – дея ҳикоясини битирди ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу.

Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 13-йилида вафот этди.

Мир араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси

Абдусамад ТОЖИДДИНОВ

59370cookie-checkНақшбандия машойихлари (1) – Абу Бакр сиддиқ (розияллоҳу анҳу)
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: