«Динни илм билан асра».
Абу Мансур Мотуридий
Маълумки, 2020 йил 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида буюк ватандошимиз калом илми равнақига улкан ҳисса қўшган Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросини чуқур ўрганиш Мотуридийлик таълимотининг мусулмон уммати ҳамжиҳатлигини таъминлашга қўшган ҳиссасини очиб бериш ҳамда Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси маркази сифатидаги мақомини кенг тарғиб этиш мақсадида «Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимотини: ўтмиш ва бугун» мавзусида халқаро конференция ўтказилади. Конференция Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро Ислом Академияси ва Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси ҳамкорлигида ташкил этилади.
Ушбу конференция муносабати билан 1 март куни мантиқ ва усулул-фиқҳ илмлари соҳасидаги етук олим, шайх Саъид ибн Абдуллатиф Фуда ташриф буюрдилар.
Маълумот ўрнида шуни қайд этиш керакки, шайх Фуда салаф солиҳлар авлоди, тафсир, усул, балоғат ва сарф илмларининг билимдони, муҳаққиқ олим шайх Иброҳим Халифа билан ҳам доимий алоқада бўлиб келадилар. Шайх Иброҳим Халифа бугунги кунда ҳам шайх Саъид Фуданинг устозларидан бири саналади. Айнан шу зот шайх Фуда ҳазратларига Аҳли сунна манҳажида тойилган аҳли бидъатларга раддия бериш борасида кўрсатма берганлар. Шайх Иброҳим Халифа шогирди шайх Фудага кўп илмлардан, жумладан, тафсир, ҳадис, тавҳид, усул, мантиқ ва балоғат илмларидан ижоза берганлар. Таъкидлаш жоизки, шайх Иброҳим Халифа бунгача ҳеч кимга бундай ижозалар бермаганлар.
Қолаверса, Шайх Саъид Фуда устози шайх Анбатовийнинг раҳбарликлари остида Варш қироати асосларини ҳам ўрганганлар.
Islom.uz портали таҳририяти
Манба: Islom.uz