Китоб – туганмас хазина, ундан олган билимларни умрнинг охиригача ҳам сарфлай олмаймиз. Инсоннинг ундан яқин ҳамроҳи, дўсти, маслаҳатчиси йўқ. Негаки, у ақлни пешловчи қайроқдир. Китоб тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, муқаддас деб эъзозлаб, қадрига етади, севиб мутолаа қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида жорий қилинган “Китобхонлик куни” муносабати билан жорий йилнинг 13 март куни устоз ва талабаларни дунёқараши кенг, интеллектуал ривожланган, маънавий ва бадиий ҳамда сиёсий илм савияларини янада юксалтириш мақсадида Ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази билан ҳамкорликда китоб кўргазма савдоси ташкил этилди.
“Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази ходимлари кўргазма иштирокчиларига 350 номдаги 1050 дона сиёсий, бадиий, илмий, ҳажвий, жаҳон адабиёти, тарих, юридик китоблар, диний-маърифий адабиётлар, мактаб адабиёти хрестоматияси, болалар адабиёти, Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари тўплами, инглиз, рус ва ўзбек тили луғат китоблари, психологияга оид китоблар, шеърий тўплам китобларини тақдим қилдилар.
Институтда бу каби китоб кўргазмаларини ўтказиш йўлга қўйилгани устоз ва талабаларнинг вақти ҳамда нақдини тежаётгани ва албатта талабалар дунёқараши ривожланишида катта омил экани эътироф этилмоқда. Шунингдек, китоб кўргазмалари юртимиздаги нашриётлар фаолияти ва уларда чоп этилаётган янги китоблар билан яқиндан танишишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
АРМ кутубхоначиси И.Акмалова