“2017 йил ноябрь ойи – Абул Муин Насафий ойлиги” муносабати билан имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2017 йил 21 ноябрь куни соат 14:00 да “Абул Муин Насафий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаёти ва илмий мероси” мавзуида илмий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда “Диний фанлар” кафедраси мудири С.Примов, кафедра ўқитувчилари Қ.Сидиқметов, А.Пардаев, А.Тошпўлатов, Б.Аъзамов ҳамда 1-2-курс талабалари иштирок этишди.
Тадбирда “Диний фанлар” кафедраси мудири Примов Соатмурод домла Абул Муин Насафий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётлари, илмий фаолиятлари, машҳур устозлари ва шогирдлари ҳамда у кишининг илмий мерослари ҳақида талабаларга етарлича батафсил маълумот берди.
Алломанинг ёзган асарлари қисақача тўхталиб, бугунги кунга қадар етиб келган китоблари ва уларнинг ўзбек тилидаги таржималари ҳақида ҳам муҳим маълумотлар тақдим этилди.
Сўнг кафедра ўқитувчиси Пардаев Абдулқодир домла имом Насафийнинг шоҳ асарларидан бири ҳисобланган “Ат-Тамҳид фи қоваидит тавҳид” асари ёзилиши тарихи, ундаги услуб, Мотурудия мазҳабидаги аҳамияти ҳақида маълумот берди.
Калом илмининг машҳур алломаси, мутафаккир Абул Муин Насафий 1027 йил Қарши (Насаф)да туғилган. Шу ерда ўқиб, илмини камолга етказган.
У киши дастлабки таълимни она шаҳри Насафда эгаллаб, сўнгра илм-фаннинг йирик марказларидан ҳисобланган Самарқандга кўчиб ўтганлар ва сиёсий вазиятлар таъсири остида Самарқанддан Бухорога кўчиб ўтганлар.
Абул Муин Насафий ўз даврининг машҳур мутакаллим олими бўлган ва Самарқанддаги ҳанафий калом мактабининг йирик вакили Абу Мансур ал-Мотуридийдан (в. 333/944 й.) сўнг шу мактабнинг пешқадам вакили ҳисобланган.
Насафий илмий фаолиятнинг сермаҳсул даври Бухоро шаҳрига тўғри келади. Унинг 481/1088-89 йилда Бухорога ўз сафдошлари билан кўчиб ўтиши бу шаҳарда унинг илмий фаолияти учун қулай шароит яратиб берди. Тарихий манбаларга аҳамият берсак, Насафий айнан Бухорода ўзининг энг катта асарларини ёзиб тугатган ва шу шаҳарда кейинги даврларда мотуридийа таълимотини ривожлантирган унинг кўплаб шогирдлари пайдо бўлди. Насафий ва унинг сафдошларининг Бухорога кўчиб ўтишлари натижасида ҳанафий уламолари билан шофиъий уламолари ўртасидаги ақидавий масалаларда дастлабки ихтилофлар пайдо бўла бошлади. Кейинчалик эса бу ихтилофлар шу даражага бориб етдики, салжуқийлар сояси остида фаолият олиб борган шофиъий-ашъарийларнинг мотуридийа таълимотига нисбатан туҳматлари Абул Муин ан-Насафийнинг ўз илмий меросида кескин бурилиш ясаганига сабаб бўлди.
Калом илмининг йирик намояндаси Абу Мансур Мотуридий асарларини тўлиқ ўзлаштирган Абу Муъин Насафий калом илмида етук аллома сифатида каломнинг турли масалаларига оид 15 га яқин асарлар ёзган.
“Диний фанлар” кафедраси ходими
Абдуллоҳ Қосим